пятница, 26 января 2018 г.

Давлат стипендияси соҳиблари Биринчи Президентнинг ёдогорлик мажмуасини зиёрат қилишди


Самарқанд олий ўқув юртларида таҳсил олаётган Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси соҳиблари Биринчи Президентнинг 80 йиллиги арафасида у кишининг номи билан аталган ёдогорлик мажмуасини зиёрат қилдилар.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган ушбу маросимда иштирок этган талабалар Биринчи Президент қабрига гул қўйдилар. Мақбара ёнида бунёд этилган айвонда Қуръон тиловат қилинди.
 
Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг ёдгорлик мажмуасини сақлаш департаменти бошлиғи Исом Ражабов ёшларга мажмуанинг яратилиши хусусида, бу ерда олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. Ёдгорлик мажмуаси қурилишининг биринчи кунидан бошлаб бу ердаги ишларни Тошкентнинг 12-қурилиш бошқармаси сифатли амалга ошириб келаётганлигини уқтирди.  

Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Анвар Нурмуродов аъло баҳолар билан ўқиган, фаол илмий изланишлар олиб борган, тилларни билган, Ўзбекистон тарихидан яхши хабардор бўлган Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясининг бир гуруҳ соҳиблари  Биринчи Президентимизнинг ҳурматини бажо келтириб, мажмуа зиёратига келганлигини таъкидлади.  Суҳбатдошим бу ёшлар ўтган йили жорий этилган давлат стипендиясининг биринчи соҳиблар эканлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
 
Самарқанд медицини институти битирувчиси Фариза Жўраева илмий мақолалари хорижда чоп этилганлигини, халқаро анжуманларда қатнашганлиги, қатор диплом ва сертификатлар соҳиби эканлиги сабабли уни Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясига лойиқ деб топишганлигини фахр билан сўзлаб берди. “Бугун Биринчи Президентимизнинг ёдгорлик мажмуасига зиёратга келиб, у кишига ўз ҳурматимни билдираётганлигимдан ғоятда мамнунман”, - деди Фариза.  

Тошпўлат Раҳматуллаев


“Новости Узбекистана” сайти, 26.01.2018

Комментариев нет:

Отправить комментарий