понедельник, 20 мая 2019 г.

Самарқанд тиббиёти тизимидаги ҳолат коррупциями ёки оддийгина хато?


Интернет тармоғида Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида тиббий асбоб-ускуналар харид қилишда ва кадрларни жой-жойига қўйишда йўл қуйилган  камчиликлар ҳақида сўз юритилган хабар тарқалган эди. Ундаги маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги алоҳида ишчи гуруҳи ташкил қилганди.

Шу йилнинг бошларида Самарқандда вилоят соғлиқни сақлаш тизимида раҳбар кадрларни ишдан бўшатиш, уларнинг ўрнида янгиларини тайинлаш жараёни авж олганлиги, қисқа муддатда 25 нафар раҳбар ишдан олинганлиги ҳақида гап-сўз тарқалди. Бу ўзгаришлар ўтган йилнинг октябрь ойида бошқарма бошлиғи вазифасига тайинланган Давронбек Жуманиёзов номи билан боғланган эди.

Март ойининг охирларида эса интернетда арзон нархда сотиб олинган асбоб-ускунани анча қимматга ҳужжатлаштириб, шифохонага етказилганлиги ҳақида хабар тарқалди. Бундай хабарлар ҳеч кимни лоқайд қолдириши мумкин эмасди. Чунки мамлакатимизда аҳоли соғлиғини сақлаш йўлида амалга оширилаётган ишлардан ҳаммамиз хабардормиз. Давлатимиз раҳбарининг бевосита талаби асосида тиббиёт масканлари қуришда ҳам, замонавий асбоб-ускуналар ҳамда дори-дармонлар сотиб олишда ҳам қанча керак бўлса, шунча маблағ сарфланмоқда.

Аслида нима бўлган эди? Бу масала юзасидан ҳозирча журналист суриштуруви олиб бормадик. Чунки қўлимизда аниқ маълумотлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишчи гуруҳининг ўтказилган текширишдан сўнг тузган маълумотномаси мавжуд. Боз устига битта эмас иккита, яъни уч нусхада тузилган биринчи маълумотномани йиртиб ташлагандан кейин ёзилган иккинчи худди шундай ҳужжат бор.
 
Унда кўрсатилишича, Соғлиқни сақлаш вазирининг 2019 йил 26 мартдаги 63-сонли “Хизмат текшируви ўтказиш ҳақида”ги буйруғига асосан ишчи гуруҳга вазирликнинг тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш Бухоро вилояти бўлими бошлиғи А.Ражабов бошчилиқ этиб тайинланади. Негадир ишчи гуруҳи текширув натижаси акс этган биринчи маълумотнома йиртиб ташлаб, бошқасини тузган. Биринчи маълумотномада кўрсатилган  айрим камчиликлар иккинчисидан жой олмаган.  

Мисол тариқасида маълумотномалардаги тафовутлардан биттасига эътибор қаратайлик. Айнан ана шу фарқ интернет тармоғида ва мавжуд аҳволдан хабардорларнинг эътибори ва эътирозига сабаб бўлган эди. Гап вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан вилоят кўз касалликлари шифохонасига етказиб берилган факоэмульсификатор тизими ҳақида бормоқда.

Биринчи далолатномада шифохонага нархи 298 миллион сўмлик “факоэмульсификатор аппарати 28.12.2019 йилдаги №8 счет-фактура бўйича” вилоят ССБ томонидан олиб берилганлиги уқтирилган. Шу билан бирга “ушбу аппарат давлат харидлари асосида ёки биржа орқали олинганлиги ҳақида ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмади” дейилган.
 
Ишчи комиссия ускунанинг нархини аниқлаш мақсадида шундай ускуналарни таклиф этувчи иккита фирмага сўровнома юборган. Олинган жавобларга қараганда, ускунанинг нархи анча, деярли тўрт баравар пастлиги маълум бўлган. Бир фирма нархни 87 миллион сўм, иккинчиси 79 миллион сўм деб кўрсатган.
 
Далолатномада таъкидлашича, вилоят кўз касалликлари шифохонаси бош шифокори С.Мирраҳимова эътирозидан кейин етказиб берувчи яна битта замонавий моделдаги “Carl Zeiss” кампаниясининг “Visalis-100” аппаратини ҳеч қандай ҳужжатсиз бериб кетган”.

Энди айнан ана шу ҳолатни иккинчи далолатномада қандай тасвирланганлигини кўриб чиқамиз.   Унда қайд этилишича, вилоят кўз касаллилари шифохонасига етказиб берилган ускуна шифохона мутахассислари томонидан ўрганилганда, “ускунанинг параметрлари биржа савдосида жойлаштирилган эълон билан тўғри келмаслиги, ускуна маънавий эскирганлиги, Хитойда ишлаб чиқарилганлигини шифохона бош шифокори С.Мирраҳимова маълум қилди”. Шундан сўнг ускуна янгисига алмаштирилганлиги айтиб ўтилган.

Эътибор қилинг: иккинчи далолатномада ускунанинг нархи ҳам, дастлаб ўрнатилган ускуна билан кейин алмаштирилгани нархлари ўртасидаги фарқ ҳам кўрсатилмаган. Агар йиртиб ташланган далолатномада “ушбу аппарат давлат харидлари асосида ёки биржа орқали олинганлиги ҳақида ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмади” дейилган бўлса, иккинчисида турли фирмаларнинг имкониятлари ўрганиб чиқилгандан сўнг “комиссия аъзолари томонидан тиббий асбоб-ускуналарининг сифатлилиги ва арзонлигини инобатга олиб, «Sarichashma invest» МЧЖдан харид қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди” деб ёзилган.

Ушбу ҳолатдан хабардорларни бир савол қийнайди. Нега биринчи ёзилган маълумотнома анчагина “юмшатилган” бошқаси билан алмаштирилди? Шу жойга келганда, шайтони лаин одамни турли хаёлга йўналтиради. Ҳар хил фикрга борасан киши. Бўлган ишлардан хабардор соҳа ходимларининг “вилоят ССБ раҳбарияти ва вазирлик ишчи гуруҳи ўртасида бир гап бор” деган сўзлари фақат шубҳа-гумонларми ёки улар замирида қандайдир асос борми?

Бу ва шу каби саволларга жавоб топиш учун вазиятни ўрганиш ва текширишни охиригача етказиш зарур. Энг муҳим савол жавобсиз қолмасин. Бу ҳам бўлса, нега кўз касалликлари шифохонасига сифати паст ва нархи ҳужжатларда кўрсатилганидан анча арзон ускуна ўрнатилди? Агар шифохона мутахассислари бу фарқни аниқламаганда, ускуна бузилиб, ишдан чиққанигача у ерда қолардими? Нархлар ўртасидаги фарқ қаёққа кетарди?

Ушбу саволлар билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Даврон Жуманиёзовга мурожаат қилганимда,  суҳбатдошим Самарқанд вилоят давлат молиявий назорати бошқармаси томонидан текширув ўтказилиб, далолатнома тузилганлигини айтди. “Далолатнома шаҳар прокуратурасига топширилган. Прокуратура уни яна бошқарманинг ўзига қайтарган. Бу бизда жиноят очишга асос бўладиган камчилик топилмаганлигининг исботи эмасми?”, –  деди Д.Жуманиёзов. 

Вилоят давлат молиявий назорати бошкармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов текширув натижасида тузилган далолатнома шаҳар прокуратурасидан қайтарилганлигини тасдиқлади. Демак, текширув ишлари бошқатдан олиб борилар экан-да! Яна бошқа далолатнома тузиладими?

Ҳозирча мақоламизни ана шу маълумотлар билан якунлаймиз. Юқорида қўйилган саволларга мутасадди ташкилотлар, биринчи навбатда прокуратура жавоб топади деган умиддамиз. Акс ҳолда ОАВ ходимлари бирлашиб, журналист суриштуруви олиб боришга тўғри келади. Чунки Самарқанд тиббиёт тизимидаги аҳвол ва унинг янги раҳбарининг фаолияти билан боғлиқ саволлар оз эмас.

Соҳани ичидан яхши билганлар ўртага ташлаётган саволлардан айримларини келтирамиз. Кейинги ойлар давомида бошқарма томонидан ҳаммаси бўлиб қанча асбоб-ускуналар сотиб олинди? Уларнинг сифати ва нархи бир-бирига мос келадими? Сотиб олиш ва тарқатишда нималарга асосланилди? Нега Д.Жуманиёзов раҳбарлигининг дастлабки тўрт ойида деярли 25 нафар раҳбар ходим ишдан олинди? Тиббий муассасаларга етказиб берилаётган дори-дармонларнинг нархида нега тафовут бор? Хусусий фирмаларда нарх-наво анча қиммат бўлса ҳам нега яна улардан  маҳсулот харид қилинмоқда?

Холис текширувлар бошланадиган бўлса, яна бошқа саволларимиз бор. Ушбу муаммо билан шуғулланиш жараёнида бир нарса диққатимни тортди. Агар вилоят ССБ тизимида ҳаммаси рисоладагидек бўлса, нега ҳузуримга бу ишга аралашмаслик, уни босди-босди қилишни сўраган воситачилар юборилди? Улар акс ҳолда “ўжар” журналистнинг тиббиёт соҳасида ишлаётган яқинлари ишдан бўшатилишини шипшитиб ҳам қўйишди...

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий