Исломнинг асл таълимотларидан, унинг ҳақиқий моҳиятидан бехабарлик, бир
томондан, ёшларнинг турли экстремистик ғоялар гирдобига киришига, бошқа
томондан, айримларнинг “исломдан қўрқишига”, яъни исломофобияга сабаб бўлмоқда.
Дунёда терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализм (ТОКТЭР)
хавфи кучаймоқда. Бир қатор мамлакатларда террористик ҳаракатлар авж олиб
турган шу кунларда улар сафининг кенгайиб бориши нималар билан боғлиқлигини
тадқиқ қилиш, бундай кучли хавфга қарши туриш йўлларини ишлаб чиқиш муҳим
вазифа ҳисобланади.
ТОКТЭРга қарши самарали кураш олиб бориш учун аввал ёшларнинг экстремистик
гуруҳларга қандай кириб қолганлигини таҳлил қилиш керак. Ёшларнинг радикаллашиши
турли йўллар билан амалга ошмоқда. Ҳар бир ҳолатда ёш йигит-қизнинг радикализм
йўлига ўтиш шарт-шароити ҳар хил бўлиши мумкин. Мутахассисларнинг фикрича,
ёшларнинг тажовузкор экстремизм ва радикализм йўлига кириши ғоядан кўра кўпроқ ижтимоий жиҳатлар билан боғлиқ. Бу ҳақда
алоҳида мақола тайёрлаш ниятим бор. Бу ерда эса фақат дин билан боғлиқ ҳолатларнинг
айрим жиҳатларига эътибор қаратмоқчиман.
Ҳар қандай дунёвий дин, жумладан ислом ҳам зўрликни ёқламайди, ўзганинг
жонига ва молига тажовуз қилишни тарғиб қилмайди. Мусулмон киши учун қон тўкиш,
ўзганинг мулкига кўз олайтириш, уни талон-тарож қилиш, бировнинг шаънига салбий
таъсир этувчи иш қилиш ҳаром саналади. Шунингдек, динимиз адоват, бузғунчилик,
ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узокда бўлишга чақиради.
Ислом ҳар бир кишидан бағрикенг, кечиримли бўлишни, ўзгаларга яхшилик
қилишни, муҳтож ва етимларга меҳр-мурувват
кўрсатишни талаб қилади. Динимизнинг асл таълимотларини чуқур ўрганиш асосида у доимо
эзгу ғояларни тарғиб қилганлигини, инсонни юксак фазилатли қилиб тарбиялашга
интилганлигини кўриш мумкин.
Исломнинг ана шундай хусусият ва фазилатларини тарғиб қилиш аҳоли турли
қатламларининг динимиз бошқалар ҳаётига ва молига тажовуз қилишдан сақланишга,
илм ўрганишга даъват қилиб келаётганлигини англаб етишига имкон яратади. Бунинг
учун биринчи навбатда ҳар бир кишининг қалб кўзи очиқ бўлиши, дунёга
бағрикенглик билан назар ташлаши, динимиз асослари билан таниш ва
маърифатли бўлмоғи зарур.
Чин иймон-эътиқод йўқлиги, яъни бузуқ эътиқодга таяниш оқибатида
айримлар радикаллашиб, ўзгаларни хўрлаш, юз минглаб кишиларни хонавайрон қилиш,
шаҳар ва қишлоқаларни ер билан яксон бўлишига сабабчи бўлмоқда.
Радикал қарашларнинг пайдо бўлишига яна айрим замондошларимизнинг ўрта
асрларда, бундан юз йиллар аввал баъзи бир диний арбобларнинг айтанларини ўзича
талқин қилиши, бугунги ҳаётда рўй бераётган ўзгаришларни қабул қила олмаслиги
сабаб бўлмоқда.
Имом Бухорий
халқаро илмий-тадқиқот маркази Каломшунослик шўъбаси илмий ходими
Ниёз Эшмуродовнинг уқтиришича, диннинг қандайдир бир йўналишини бузган ҳолда талқин
этиб, сиёсий мақсадни кўзловчи ҳаракат экстремизмга олиб келади.
“Экстремизм ва терроризм домига тушиб қолган кимсалар
ўз мақсадларига ўзаро низолар, ихтилофлар келтириб чиқариб қуролли тўқнашувлар
орқали яъни қон тўкиш, зўрлик билан эришишни кўзлайдилар. Аллоҳ таоло Қуръони
каримда шундай марҳамат қилади: «…ким
бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма
одамларни ўлдирган каби, ким уни тирилтирса, худдди ҳамма одамларни тирилтирган
каби бўлади… (Моида сураси 32-оят).
.
Мазкур оятда Исломнинг инсонпарварлиги кўзга
ташланади. Яъни бир кишини ноҳақ ўлдириш бутун жамиятни ўлдириш, бир кишини
ҳалокатдан сақлаб қолиш эса бутун жамиятни асраб қолишдир, деб таъкидланади” – дейди Н.Эшмуродов.
Ёшлар экстремистик ва террорчилик ташкилотларнинг асл мақсадини тушуниб
етиши, алданиб қолмаслиги, ўзига, оиласи бошига катта кулфат келтирмаслиги учун
ислом динининг моҳияти, хусусият ва фазилатларидан хабардор бўлмоғи лозим. Бутун
жамиятимиз, биринчи навбатда таълим муассасалари, ёшлар хабардорлигини ошириш
учун, уларнинг ислом асосларини чуқур ўрганиши, яхшию ёмонни ажратиб олиш
қобилиятига эга бўлиши йўлида интилиши зарур.
Маърифатли инсонни, ислом дини
асл инсонпарварлик дини эканлигини, соф исломнинг моҳиятини англаб етган
шахсни тўғри йўлдан адаштириб бўлмайди!
Комментариев нет:
Отправить комментарий