вторник, 16 октября 2018 г.

Қадрдон дўстимизни ёд айлаб




Ажойиб инсон, самимий дўст, фарзандларининг суюкли падари бузруквори, невараю эвараларининг меҳрибон бобосини ажал орамиздан олиб кетди. Даврамизнинг устунларидан бири, шу йили баҳорда 81 ёшни қаршилаган Абдуҳафиз ака Одилов бу фоний дунёни тарк этди.  

Дўстимиз феъли кенг, меҳридарё инсон эди. Ўзидаги яхши фазилатларни шаклланишида 36 йиллик тарихга эга гаштагимизнинг ҳам ҳиссаси борлигини бот-бот таъкидлаб турарди. Яқинда бемор бўлганларини эшитиб, ҳол-аҳвол сўраш мақсадида бир гуруҳ дўстлар у кишининг хонадонига борганимизда, янгамиз Қутфия Самибоева “келганларинг яхши бўлди-да, гаштакчи дўстларим деб сизларни тез-тез тилга олиб турадилар” деган эдилар.

Абдуҳафиз ака тўғрисида ҳар қанча илиқ сўзлар айтсак, камлик қилади. Унинг қисқа, аммо лўнда ва маъноли сўзлаши, ҳақиқатга тик қараши, камчилик ва нуқсонларга муросасизлиги, дўстлар қалбига йул топишга, ҳаётидаги энг яхши кунларини биродарлари билан баҳам кўришга интилиши унинг юксак инсоний фазилатидан далолатдир.

Гаштагимизнинг ветерани, катта ҳаётнининг машаққатини ҳам, роҳатини ҳам кўрган, турли вазифаларда самарали хизмат қилган Абдуҳафиз Одилов давраларда аниқ, равшан, пишиқ ва керакли фикрларни ўртага ташларди. Дўстимиз машҳур файласуф Сенеканинг  бундан  икки минг йил олдин айтган қуйидаги ўгитларига амал қилиб яшади десак, хато бўлмайди: “Фақат ўзини ўйлайдиган, ҳамма нарсада ўзи манфаат излайдиган одам бахтли бўлолмайди. Ўзинг учун яшамоқни истасанг, бошқалар учун яша”.

Абдуҳафиз Одилов СамДУ тарих факультетини битирди, шу ерда бир неча йил ишлади. Ўз меҳнат фаолиятини “Самарқанднон” корхонасида давом эттириб,  чорак асрдан кўпроқ вақт давомида кадрлар бўлими бошлиғи лавозимида фолият юргизди. Сидқидилдан меҳнат қилганлиги оқибатида корхона жамоаси ўртасида обрў қозонди, доимо эътибор марказида бўлди.

Абдуҳафиз Одилов Қутфия опамиз билан уч нафар солиҳ фарзандни вояга етказдилар.  Фарзандлари меҳридан баҳраманд бўлаётган бир пайтда акамиз ҳаётдан кўз юмдилар. На илож, ўлим ҳақ. Лекин бундай самимий ва меҳрибон инсоннинг дунёни тарк этиши дилни эзади, ҳаёт мазмуни ҳақида ўйлашга ундайди.
 
Шу муносабат билан гаштагимизнинг 30 йиллигига бағишлаб чиқарилган  “Гаштакда сайқал топган дўстлик” китобидан ўрин олган таниқли ёзувчи ва публицист Хуршид Дўстмуҳаммаднинг қуйидаги сўзларини эсламасликнинг иложи йўқ: “Мен кўп ўйлайман, 15, 20 чоғи гаштак аъзолари вақт-соати билан фоний дунёни тарк этадилар. Бир пайтлар чойхонадаги қўш сўрига сиғмаган гаштак аъзолари бир каравотга жо бўладилар. Ва бу ҳолат яна давом этаверади”.

Ҳа, афсуски, шундай. Лекин биз Абдуҳафиз Одиловни доимо ўзимиз билан бирга, сафимизда деб ҳисоблаймиз. У кишининг ўгитлари доимо қулоғимиз остида жаранглайверади. Биз бундан 15 йил аввал “Гаштакда гап кўп” китобида биродаримизнинг ёзганларини дўстлигимизга берган баҳо сифатида ғоятда қадрлаймиз. Мана ўша сўзлар: “Гаштак йиғинларини бир ойда икки марта навбати билан уйларимизда ўтказаётганлигимиз қувонарлидир. Биз ҳар йили бир-икки марта шаҳардан ташқарига, табиат қучоғига ҳам чиқиб турамиз. Тоза ҳавода дам олиб чўмиламиз, офтобда тобланиб, футбол, волейбол, стол тенниси ва бошқа ўйинларни ўйнаб, ҳордиқ чиқарамиз. Гаштагимизнинг ҳар бир йиғинидан кейин, албатта, маънавий озуқа, катта қувват оламиз ва янги куч  билан янги меҳнат ҳафтасини бошлаймиз”.

Абдуҳафиз Одиловнинг ёрқин хотираси қалбларимизда абадий сақланади.

Гаштакчи дўстлар







Комментариев нет:

Отправить комментарий