вторник, 16 октября 2018 г.

Ўзбек адабиётини дунёга машҳур этиш йўлидаги тўсиқлар олинадими?


Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилаётган “Халқаро ёзувчи ва маданият ходими резиденцияда” ижодий дастури доирасида мамлакатимизда Болгариядан уч нафар ижодкор ташриф буюрди. Балки бу воқеа келажда ўзбек адабиётини дунёга юз тутиши учун дастлабки қадамлардан бири бўлар?


Ўзбек шоир ва ёзувчиларини нега чет элда билишмайди? Нега уларнинг асарлари жуда кам таржима қилинмоқда? Нима учун юртимизда халқаро миқёсдаги адабий фестиваллар ва бошқа тадбирлар ўтказилмайди? Бу ва шунга ўхшаш саволлар нафақат адибларимизни, балки бадиий адабиёт ва ижодга ошифта бўлган юртдошларимизни ҳам кўпдан бери қийнаб келмоқда.

Ўзбекистон адабиётини жаҳонга танитиш бўйича ажойиб ташаббус Ёзувчилар уюшмасидан эмас, алоҳида шахсдан чиққанлиги маълум муддат ўтгандан сўнг эътироф этилиб, бу ҳақда баралла айтилса керак? Ажойиб ижодкор, таржимон Аъзам Обидов мамлакатимизда биринчи марта “Халқаро ёзувчи ва маданият ходими резиденцияда” ижодий дастурини бошлаб берди. Ушбу дастур доирасида Болгариядан уч нафар ижодкор юртимизда бўлди, касбдошлари билан учрашувларда қатнашди.
 
Болгариялик меҳмонлар Мария Филипова, Георги Иванов (Жорж Трак) ва Любозар Фратев 14 октябр куни Самарқандда бўлдилар. Улар бу ерда ёвувчи ва публицист Нусрат Раҳмат, шоира Жумагул Сувонова, рассом Аҳмад Умаров, шоир Хуршид Нуриллаев билан учрашдилар. Учрашув ғоятда самимий ва очиқ мулоқот тарзида ўтди. Дастлаб меҳмонлар ўзларини таништирдилар.

Мария Филипова болгар тилидан ташқари рус ва юнон тилларида ижод қилади. Унинг насрий ва шеърий китоблари нашр этилган. Унинг шеърлари ўзбек тилига таржима қилинган ва ўз навбатида у ўзбек шоирларининг асарларини болгар тилига ўгирган. Мария Филипова 1991 йили Ўзбекистонда Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллигига бағишлаб ўтказилган навоийхонлик кечаларида фаол иштирок этган хорижлик ижодкорлардан биридир.

Меҳмон Ўзбекистонга ўзгача меҳр қўйганлигини суҳбат давомида бир неча бор таъкидлади. У жумладан шундай деди: “Болалигимда қўлимга “Ўзбек халқ эртаклари” китоби тушиб қолган эди. Мен ўша пайт тасаввуримда сақланиб қолган дунёни бир неча йил ўтиб Тошкентга келгач, амалда кўрдим. Бир йил давомида Низомий номидаги педагогика институтида ўқидим. Сўнгра ватанимга қайтиб, олий ўқув юртининг рус филологияси ва журналистика факультетларида таҳсил олдим. Куни кеча Ўзбекистонга келишим билан менда узоқ вақт чет элда яшаб, ўз юртига қайтган одамда уйғонадиган ҳиссиёт пайдо бўлди”.

Мария Филипова Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”  романини таржима қилиш режаси борлигини, Ўзбекистондаги бошқа лойиҳаларда фаол қатнашишга тайёрлигини билдирди.

Жорж Трак тахаллуси билан ижод қилувчи Георги Иванов маданий меросни авайлаб-асраш, дизайн, анъанавий ҳунармандчилик, рассомчилик ва ҳайкалтарошликни ривожлантиришга қаратилган “ТракАрт” жамғармиси асосчиси саналади. У монументал ҳайкаллар яратган, тарихий расмларни реставрация қилган ижодкордир. Унинг ташаббуси билан Пловдив шаҳрида халқаро алмашув, маданий туризмни ривожлантириш билан яқиндан шуғулланадиган тадқиқот маркази очилган.

Жорж Трак сўзларига қараганда, унинг тадқиқот марказида унинг ўзи тасвирга туширган ва юртимизнинг табиати, тарихий обидалари ва аҳолиси акс этилган сурат ва видеофильмлар муносиб ўрин олади. У яна қатор кўргазмалар ташкил этиш ниятида эканлигини таъкидлади. Бу эса Ўзбекистонни кўриш истагида бўлган болгарияликлар сонини кўпайишига олиб келади, деб ишонч билдирди меҳмон.

 Любозар Фратев Пловдивдаги “Новиз Инк” ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш компанияси бош директори бўлиб, санъат, маданият, адабиёт соҳа вакилларини фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда. У қадимий китоблар, кўҳна санъат асарларини коллекция қилади. Янги Опера уйи асосчиси саналади.

Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятидан хабардор бўлган Любозар Фратев болгар-ўзбек адабий ва маданий алоқаларини ривожлантиришга ҳиссасини қўшмоқчи. Шунингдек, меҳмон Пловдив шаҳар кенгашининг туризм бўйича раиси сифатида мамлакатларимизнинг ушбу соҳа бўйича имкониятларидан кенг фойдаланиш муҳимлигини уқтирди.
 
Аъзам Обидов хорижда ёзувчи ва шоирлар учун халқаро миқёсдаги турли дастурлар мавжудлиги, ҳатто иқтисоди унча ривожланмаган мамлакатларда ҳам адабиёт фестиваллари, шеърият кунлари ўтказилаётганлигини таъкидлади. Аммо бизнинг Ёзувчилар уюшмаси негадир ташаббус кўрсатмаяпти.

“Мен уюшмага ва Ёшлар иттифоқига мурожаат қилиб, чет элларда ўтказилаётган “Халқаро ёзувчилар резиденцияда” дастурини биз ҳам ташкил этайлик дедим. Бу билан ўзбек адабиётини жаҳонга намойиш қилиш имконияти вужудга келарди. Чет эллик ёзувчилар адибларимиз билан  яқиндан танишиб, уларда асарларимизни таржима қилишга қизиқиши пайдо бўларди. Ўзаро ижодий алоқалар мустаҳкамланарди”, – дейди Аъзам Обидов.

Расмий ташкилотлардан садо чиқмагач, Аъзам Обидов ўзи шахсан “Халқаро ёзувчи ва маданият ходими резиденцияда” ижодий дастурини бошлашга қарор қилди. Бу борада Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мутахассислари билан суҳбатлашганида, улар бу яхши ғоя бўлиб, мамлакатимизни хорижда тарғиб қилишнинг, туристларни жалб қилишнинг йўли эканлигини  уқтиришган.

Ғоя муаллифининг таъкидлашича, агар республикамиздаги турли вилоятлардан 20 нафар ёзувчи ёки шоир дастур бўйича тўрт кишини бир ҳафтага таклиф этса, 80 нафар хорижлик адиб юртимизга келарди. Улар адабий алоқаларни кучайтириш, адабиётмизни тарғиб қилишдан ташқари, Ўзбекистонимиз ҳақида юртдошларига сўзлаб берган бўлардилар. Ўзлари яратган асарлари ва таржималари орқали мамлакатимизнинг имижини юксалтириш ва кенг ёйишга ҳисса қўшардилар.

Бу сўзларни эшитган самарқандлик ижодкорлар ҳар йили икки марта тўрт нафардан хорижлик касбдошларини қабул қилиш истагини билдирдилар. Шуни ўзи 32 нафар чет эллик ёзувчи ва шоир юртимизга келиб, маданиятимиз, тарихимиз, адабиётимиз билан танишади дегани. Ишонч билан айтиш мумкинки, бундай ташаббус бошқа вилоятларда ҳам қўллаб-қувватланади.

Ушбу ташаббусга Ёзувчилар уюшмаси тўсиқ бўлмасдан, уни қўллаб-қувватлаб турса, бу йўналишдаги ишлар самараси янада ошган бўларди.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий