Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида “Мустақиллик бизга нима берди”, деган саволга жавоб излаётганлар ортиқча гап-сўзларга берилмасдан, аниқ далилларга суянишса, тўғри бўларди. Энг асосийси, ишонарли бўларди ҳамда орқаваротдан гапириб юрганлар аниқ факт ва рақамлар олдида ноилож қоларди.
Шуни инобатга олиб, Мустақиллик яратган имкониятлардан фойдаланиб, бир
қатор ютуқларни қўлга киритган
самарқандлик тадбиркор Умар Ражабов амалга оширган ишларга назар ташлайлик.
Унинг серқирра фаолияти мамлакатда шарт-шароит, керакли қонунчилик базаси
яратилса, тадбиркорлик қонида бор халқимиз бизнес ва ишлаб чиқариш соҳасида
қандай марраларни қўлга кирита олишига яққол мисолдир.
1.Фаолиятининг бошланиши
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб Умар Ражабов хусусий
тадбиркорлик йўлига кириб олди. У ишлаб чиқариш ва савдо-сотиқ соҳаларини
қамраб олган корхоналар ташкил этишга киришди. Самарқанд шаҳрининг Даҳбед ва
Рўдакий кўчалари кесишган жойда пластмасса буюмлар ишлаб чиқарадиган цех ҳамда
тикув цехи, савдо дўкони ва маиший хизмат кўрсатиш корхоналари ташкил этди. Ёш
тадбиркорнинг муваффақияти тез орада нафақат вилоятда, балки бутун мамлакат
бўйлаб ёйилди.
Умар Ражабовнинг тажрибасини ўрганиш, хусусий тадбиркорликни
ривожлантириш учун яратилган имкониятлардан фойдаланишни ўрганиш мақсадида
унинг ҳузурига кўплаб бўлажак издошлари келиб кетишди. Ёш тадбиркорнинг довруғи
шунчалик тарқалдики, 1994 йилнинг 15 январида Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ислом Каримов унниг корхонасида бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган
ишлар билан яқиндан танишди.
Тадбиркор 1994 йилнинг 1 августида “Умар” хусусий тижорат банкига асос
солди. Банк тез орада мижозлар сонини
кўпайтирди ва тадбиркорлар учун ишончли молиявий муассасаларидан бирига
айланди. Банк фаолияти юқори савияга кўтарилганлиги ҳақида қуйидаги факт мисол
бўла олади. Банк кенгаши раиси ва “Умар” хусусий тижорат ишлаб чиқариш фирмаси
директори вазифаларида ишлаган иқтисод фанлари номзоди Зоҳир Ҳайдаров 1996 йилда
Ўзбекистонда “Йилнинг энг яхши тадбиркори” танловининг ғолиби бўлган эди.
Бу орада “Умар” акциядорлик хусусий тижорат банкига айланган муассаса
2000 йилда “Ипак йўли” акционерлик инновацион тижорат банкига қўшилди. Айни
пайтда у “Ипак йўли” АИТ банки “Умар” минтақавий филиали сифатида фаолият
юргизмоқда. “Бугунга келиб “Ипак йўли” АИТ банкининг активи 2 триллион сўмдан
ошиб кетган бўлиб, у йирик банклар қаторига киради” – дейди З.Ҳайдаров.
2.Ишлаб чиқариш
мажмуалари
Умар Ражабов ўз фаолиятининг дастлабки давридан бошлаб ишлаб чиқариш
соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Унинг ушбу йўналишдаги
фаолиятининг янги қирралари айниқса кейинги йилларда яққол намоён бўла бошлади.
Чўпонота мавзесида ташкил этилган ишлаб чиқариш мажмуаси қарийб 14га ер
майдонини эгаллаган бўлиб, олдин у паст-текисликлардан иборат ташландиқ жой
эди. Бу майдон чиқиндилардан тозаланиб, текисланди ва айни пайтда бу ерда
ташкил эдилган мажмуа 10та цехни ўз ичига олади. Уларда 100 нафар ишчи меҳнат
қилмоқда. Улардан 35 нафари касб-ҳунар коллежи битирувчиларидир.
Корхона бош инженери Анатолий Шегайнинг маълумот беришича, бу ерда
пишиқ ғишт, темир-бетон маҳсулотлари, мармар, ювиб тозаланган қум, асфальт,
оҳак, бетон блоклар, йўлакларга қоплаш учун ишлатиладиган плиткалар, мармар,
гранит ва травертиндан қурилиш материаллари ишлаб чиқарилмоқда. Мажмуада,
шунингдек, техника воситаларини таъмирлаш учун ташкил этилган токарлик цехи ҳам
ишлаб турибди.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўласинча “Умар” ишлаб-чиқариш ва
қурилиш корпорацияси таркибидаги
“Афросиёб Хосият бегим макони” МЧЖ олиб бораётган қурилишларда, яъни ўз
эҳтиёжи учун ишлатишга мўлжалланган. “Яқин келажакда ишлаб чиқариш кўламини
кенгайтиришга эришимиз ва маҳсулотларимизнинг биржа орқали сотувини йўлга
қўямиз. Келаси йили янги маҳсулотларимиз қаторига арматура ва цемент ҳам
қўшилади”, – дейди У.Ражабов.
Чўпонотадагидан ҳам йирикроқ ишлаб чиқариш мажмуаси Кимёгарлар
қўрғонида ташкил этилмоқда. Бу ерда 27 га майдонда 10та корхона қурилиши
мўлжалланган. Корхона инженери Рашид Сайфуловнинг қайд этишича, бу ерда
Чупонота массивида ишлаб чиқариладиган барча маҳсулотлардан ташқари қумдан 100
атмосфера босимида пресслаш йўли билан мустаҳкам ғишт тайёрланади. “Бу ғиштнинг
афзаллиги шундаки, ундан деярли барча объектлар қурилишида фойдаланиш мумкин ва
уни ишлаб чиқаришда иссиқлик манбаи талаб қилинмайди”, – дейди Рашид ака.
Бу ерда яна қумдан черепицалар ҳам ишлаб
чиқарилади.
Кимёгарлар қўрғонида хорижлик ҳамкорлар билан чиқиндиларни қайта ишлаш
корхонаси ташкил этилади. Унда 18 номдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади. Ҳаммаси
бўлиб ушбу корхоналарда 120 кишининг иш билан таъминланиши кутилмоқда. Уларнинг
учдан бир қисми касб-ҳунар коллежи битирувчилари бўлади.
3.Ғишт заводи: тежамкорликнинг яққол намунаси
Умар Ражабов Рўдакий кўчасида жойлашган Самарқанддаги энг эски ғишт
заводини сотиб олиб, уни тўла қайтадан тикламоқда. Объектда ўнлаб ишчилар кенг
кўламдаги қурилиш ишларини олиб бормоқда. Лойдан бошлаб хом ғишт тайёрлаб
беришгача бўлган барча босқичларни ўз ичига оладиган линия ўрнатилган. Айни
пайтда заводнинг энг муҳим объекти ҳисобланган хумдон қурилиши авжида. Бу ишга
Бухородан таклиф қилинган тажрибали уста Жуманазар Ҳамраев раҳбарлик қилмоқда.
Устанинг таъкидлашича, хумдон кўмир билан ишлашга мўлжалланган.
Иссиқликдан максимал даражада фойдаланиш кўзда тутилган. Хумдондан ортган
иссиқлик хом ғиштни дастлабки қуритишга мўлжалланган блокда ишлатилади. Ушбу
блокнинг юқорисида усти ёпиқ боғ ташкил этилади. Уни иситишда ҳам ана шу
иссиқликдан фойдаланилади. Булардан ташқари, яна чинни идишлар ишлаб чиқарувчи
цех ҳам ана шу иссиқликдан баҳраманд бўлади. Бу, ахир, тежамкорликнинг яққол
намунаси эмасми?!
4.Қурилиш:
сифатли, арзон ва қулай
Қурилиш бригадасида 65 нафар ишчи фаолият юргизмоқда. Улардан 25 нафари
касб-ҳунар коллежи битирувчиларидир. Шу кунларда қурувчилар бир йўла бир нечта
кўп қаватли уйлар ва 20та коттеж бунёд этишмоқда. Коттежлар қурилиши феврал
ойида бошланган эди. Уларни Мустақилликнинг 25 йиллиги арафасида топшириш учун
барча шароит муҳайё этилган. Иш бошқарувчи Дадахон Шодиевнинг сўзларига
қараганда, қурилиш ишлари танафуссиз олиб борилмоқда. “Бунинг сабаби барча
қурилиш материалларининг ўз вақтида етказиб берилаётганлигидадир, – дейди у.
– Шунингдек, ишчиларнинг унумли меҳнат
қилиши учун керакли шароит яратиб берилган.
Шу ернинг ўзида фирма ҳисобидан иссиқ овқат тайёрланади. Ойлик
маошимизни ҳам вақтида олиб турибмиз”.
“Афросиёб Хосият бегим макони” МЧЖ Самарқанд шаҳрининг учта мавзесида
кўп қаватли уйлар барпо этмоқда. Даҳбет кўчасида бунёд этилаётган уйларнинг бир
қисми тайёр бўлиб қолди. Бу ерда уй соҳиблари учун барча шароит муҳайё этилади.
Аҳолига максимал қулайликлар яратиш мақсадида ва ер майдонининг қимматлигини
инобатга олиб, кўп қаватли уйларнинг
остидан ҳам унумли фойдаланилган. Ер остининг биринчи қаватидан автомобил
тўхташ жойи, иккинчисидан савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари ўрин олади.
Бешта кўп қаватли бинолар уйғунликда бир қурилиш мажмуасини ташкил
этади. Бу ўзига хос шаҳарчада истиқомат қилаётганлар учун барча шароит муҳайё
этилади. Ўқув марказлари, спорт майдончалари, сув ҳавзалари, ресторану
тўйхоналар, нонвойхона хонадон соҳиблари хизматида бўлади.
Уйларда ёзда салқинликни, қишда иссиқликни сақлаш мақсадида уларнинг
деворлари стекловата ва фольга билан ўралиб, устидан травертинадан тайёрланган
плиталар ётқазилмоқда.
Компания қурувчилари ишининг сифати, бинолар дизайнининг ўзига хослиги
бу ерда амалга оширилаётган ишлар овозасини бошқа шаҳар ва вилоятларга ҳам
тарқатди. Уй-жой қурилишини келиб кўрувчилар сони ортиб бормоқда. Ҳатто аниқ
таклифлар ўртага ташланмоқда. Масалан, Пастдарғом тумани ҳокимлиги туман
маркази Жума шаҳрида эски бозор ўрнида кўп қаватли уйлар қуришни сўраб, Умар
Ражабовга мурожаат қилди. Дастлаб фаол ёшлар учун “Камолот” уйлари, кейин аҳоли
учун кўп қаватли уй қурилади. Шундан сўнг туман марказига олиб борадиган йўл
бўйида яна қатор уйлар барпо этилади.
Яқинда Умар Ражабовга Қарши шаҳри ҳокими Жамшид Фозилов мурожаат қилиб,
уй-жой ҳамда савдо ва маиший хизмат объектлари мажмуаси қуришни таклиф қилди.
Тадбиркорнинг сўзларига қараганда, Қаршида унга барча керакли шароит яратиб
беришга ваъда қилинган ва у фаолияти давомида ҳеч қандай тўсиққа дуч келмаслиги
таъкидланган. Бундан аввалроқ қўшни вилоятдан мутахассислар келиб, қурилиш
ишлари билан танишган ва амалга оширилаётган ишлардан ғоятда таъсирланган.
Умар Ражабов ва у раҳбарлик қилаётган компаниянинг ютуқлари ва хайрли
ишлари ҳақида кўп гапириш мумкин. Аммо келтирилган мисолларнинг ўзи
мамлакатимизда яратилган имкониятдан тўғри фойдалана олган тадбиркор олдига
қўйган мақсадларига эришиши мумкинлигига аниқ далилдир.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий