четверг, 4 августа 2016 г.

“Mahalla” газетасига обуна яна буйруқ асосида ўтказиладими?

                  

Нега Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви обунани анча қиммат нархда тўғридан-тўғри “Маҳалла” газетаси таҳририяти билан амалга оширишга мажбурлади? Фақат битта ташкилот орқали обуна бўлишга мажбурлаш бу обуначининг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқини поймол қилиш эмасми?

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси Ж. Иноғомовнинг 2015 йил 17 августдаги 101-сонли буйруғида фонднинг вилоят бўлими ва туман (шаҳар) бўлинмалари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан 2016 йил учун “Mahalla” газетасига обуна тўлиқ амалга оширилиши кераклиги уқтирилган.

Юқори ташкилотнинг ўз нашри ҳақида қайғуриши, пастки тузилмалар соҳадаги ўзгариш ва янгиликлардан хабардор бўлиши учун мунтазам “ўз” газетасини ўқиб туришини инобатга олиб иш тутишининг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ. Аммо газетани қўллаш учун қандай усул қабул қилганлиги, бу – бошқа масала.

Биринчидан, нодавлат нотижорат ташкилот бўлган ўзини ўзи бошқариш органларини обуна бўлишга мажбурлашга жамоат фонди республика бошқаруви қанчалик ҳақли? Майли, бу ерда мавжуд тартиб-қоидалар бузилмаган дейлик. Лекин обуначининг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқини бузиб, газетега обуна бўлишда уни танлаш имконидан маҳрум этилганлиги қанчалик қонунчилигимизга мос келади?
                            




Гап бу ерда буйруқнинг “таҳририятнинг обуни нархлари ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида обунани тўғридан-тўғри газета таҳририяти билан ташкил этиш таклифи маъқуллансин” деган пункти устида бормоқда. Шу ернинг ўзида обуна нархи Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар учун 115 минг сўм этиб белгиланганлиги уқтирилган.

Ваҳоланки, обуна каталоги бўйича Самарқанд вилояти “Матбуот уюшмаси” МЧЖ томонидан “Mahalla” газетасига 2016 йил учун белгиланган обуна баҳоси 99600 сўм эди. Бу газета таҳририяти орқали обуна бўлишдан 15400 сўм арзонроқ эканлиги кўриниб турибди. Обуначилар икки ўт орасида қолишди. Арзонига обуна бўлай дейишса, жамоат фондининг республика бошқаруви  буйруғи бор. Аммо бир хил товарнинг ўзини бошқа жойдан “тепа”нинг буйруғи билан қимматга олишга соғлом ақл йўл қўймайди-да!

Шу сабабли Самарқанд вилоятида “Mahalla” газетасига учта ташкилот орқали обуна бўлишди. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими масъул ходими Холбек Элибоевнинг сўзларига қараганда, 2016 йил учун газетага 3200 нусхага яқинроқ обуна бўлинган. Шундан 40 фоизи газета таҳририятига пул ўтказил йўли билан тўғридан-тўғри, қолган қисми “Матбуот уюшмаси” МЧЖ ва “Ўзбекистон почтаси” АЖ орқали обуна бўлган.

“Бизга “Матбуот уюшмаси” МЧЖ орқали обуна бўлиш маъқул. Бу ерда гап фақат бу ташкилотнинг обуна нархи арзонлигида эмас. Албатта, маблағни билиб, иқтисод қилиб сарфлаш муҳим. Аммо газетага обуна бўлгандан кейин уни ўз вақтида олиш бундан ҳам муҳимроқ”, – дейди Х.Элибоев. Унинг таъкидлашича, “Матбуот уюшмаси” орқали обуна бўлганларга газета кечиктирилмасдан етказилмоқда. Таҳририят ёки “Ўзбекистон почтаси” орқали обуна бўлганлар газетани ўз вақтида олишмаяпти. 

Бу йилги обуна мавсуми бошланишига оз муддат қолди. Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ва “Mahalla” газетаси таҳририяти қандай йўл тутишади? Ўтган йилги буйруқ қуйи ташкилотлар ва обуначилар норозилигига сабаб бўлган эди. Бу йил қандай бўлади? Агар таҳририят обуначиларга ғамхўрлик қилса-ю, обуна нархларининг ошиб кетишига йўл қўймасликка интилса, унда марҳамат, йиллик обунани каталогда белгиланган ўз нарха асосида ўтказсин. Масалан, 2016 йил учун бу нарх 80 минг сўм экан, нега таҳририят тўридан-тўғри обуна бўлганлардан 115 минг сўм талаб қилди?

Тошпўлат Раҳматуллаев
 
nuz.uz НОВОСТИ УЗБЕКИСТАНА

Комментариев нет:

Отправить комментарий