Замонавий кушхона зарур эди, қурилди. Аммо...
Минг афсуски, қатор йиллар давомида ушбу саволлар бизни умуман
қизиқтирмади. Деярли ҳар куни истеъмол қиладиган маҳсулотимизнинг сифати ва
келиб чиқишига бефарқ бўлиб қолдик. Натижада касал, ҳаром ўлган моллар гўштидан
ташқари биз учун истеъмоли ножоиз саналган эшак ва бошқа ёввойи ҳайвонлар гўшти
ҳам сотувга чиқарилганлиги, умумий овқатланиш тармоқларига тарқатилганлиги
ҳақида оммавий ахборот воситалирида бир неча марта хабарлар эълон қилинди.
Мамлакатимизда ана шундай салбий ҳолатдан қутулиш учун кенг қамровли
амалий ишлар қилинаётганлиги таҳсинга лойиқ. Чорва молларини сўйиш учун
замонавий кушхоналар қуриш, гўштни сотувга чиқаришдан олдин уни ветеринария
кўригидан ўтказиш талаби ҳаётга тадбиқ этила бошланди. 2015 йилнинг апрелида республика
ҳукуматининг бу борада белгилаган тадбирларидан келиб чиқиб, самарқандлик
тадбиркор Шерали Тошпўлатов ўша йилнинг ўзидаёқ чорва молларини сўйишга
ихтисослашган замонавий кушхона
қуриш ҳаракатини бошлаган эди. У шу мақсадда “Самарқанд сифат гўшт савдо” МЧЖ ташкил этди. Корхона икки йил
ичида Самарқанд шаҳрининг Конигил мавзеси
ҳудудида икки ярим миллиард сўмлик кредит маблағлари эвазига барча қулайлик ва шароитларга
эга замонавий кушхона бунёд этди. Жиҳозлар Туркиядан олиб келинди. Кушхона бир
кеча-кундузда, яъни икки сменада 150 бош
қорамол ва 300 бош қўй сўйишга
мослаштирилган.
Молни сўйишдан олдин уни махсус
текширувдан ўтказишади. Агар унинг тана ҳарорати баланд ёки паст бўлса
ёки унда бирор касаллик аниқланса, шунга мос чора кўрилади. Касали жиддий
бўлмаса кушхонада алоҳида жойда бир неча кун мутахассис ветеринар кузатуви
остида сақланади ва тузалганидан сўнг сўйишга рухсат берилади. Жиддий касалга
учраган мол сўйилиб, юқори ҳароратда ишлайдиган махсус камерали муфель печига
ташлаб, йўқотилади.
Мол сўйилгандан сўнг унинг гўшти яна ветеринар текширувидан ўтказилади.
Агар у истеъмолга яроқли деб топилса, сўйилган мол танасига муҳр босилади ва
сотишга рухсат берувчи маълумотнома берилади.
Демак, “Самарқанд сифат гўшт
савдо” МЧЖ ва унга ўхшаш замонавий кушхоналарда сўйилган мол гўштини бемалол
қўрқмасдан истеъмол қилса бўлади. Аммо...
Чорва молларини янги кушхоналарда сўйишга нима
халақит бермоқда?
“Кўп куч ва катта маблағ сарфлаб қурган корхонамизни
2017 йилнинг апрель ойида фойдаланишга топширганимизга қарамасдан, бир йилдан
кўпроқ вақт давомида деярли ишламадик. Қассоблар эскича ишлашни афзал кўриб,
истаган жойда чорва молларни сўйишни давом эттиришди. Амалга оширган тарғибот
ишларимизнинг фойдаси бўлмади. Табиий газ, электр энергияси, сув учун
тўлайдиган маблағни топиш муаммога айланди”, – дейди афсус билан Шерали
Тошпўлатов.
Бундай аҳвол фақат ушбу корхонага эмас, мамлакатимизда қуриб
фойдаланишга топширилган
автоматлаштирилган мажмуалар билан жиҳозланган чорва молларини сўйишга
ихтисослаштирилган 33та кушхона ҳам тегишли экан. Буни Давлат ветеринария
қўмитаси ва “Ўзчармсаноат” уюшмаси томонидан вилоятлар ҳокимликлари ва қатор
ташкилотларга 2018 йилнинг 9 ноябрида юборган мактубидаги қуйидаги жумлалардан
ҳам билиб олса бўлади: “Жойларда чорва
молларини сўйиш асосан ветеринария ва санитария талабларига мутлақо жавоб
бермайдиган, сўйишдан олдинги ва кейинги жараёнлар тартибга солинмаган, гўшт ва
терини сақлаш шароитлари бўлмаган, эски тартибда қурилган, нисбатан арзон
кушхоналарда амалга оширилиши натижасида замонавий ихтисослаштирилган
кушхоналарнинг қуввати 15-20 фоиз қувватда ишлашига тўғри келмоқда”.
Юзага келган ушбу вазиятни ўзгартириш ишига республика ҳукумати, вилоят
ва шаҳар ҳокимликлари аралашгач, аҳвол яхши томонга силжиди. Жумладан,
Самарқанд вилоят ҳокимининг 2018 йил 14 ноябрдаги қарорига асосан замонавий
кушхоналар ишга туширилган ҳудудларда гўштни сотувга чиқаришда рухсат беришда
унинг ушбу кушхоналарда сўйилганлигини қаттиқ эътиборга олиш тизимини йўлга
қўйиш талаб қилинди. Натижада август ойига келиб, кушхонада 1263 бош қорамол ва
84 бош қўй сўйилган бўлса, декабрь ойида бу кўрсаткич мос равишда 1480 ва 180
бошни ташкил этди. Айни пайтда ҳар куни ўртача 54 бош чорва моли сўйилмоқда.
Бошқача қилиб айтганда, корхона атиги 12 фоиз қувват билан ишламоқда. Унда 48
нафар ишчи-ходим меҳнат қиляпти.
Аҳволнинг ўзгармаётганлигига сабаб нима? Ёки янги кушхонда нархлар
баландми? Бу саволга Ш.Тошпўлатов шундай жавоб қайтарди: “Хизмат ҳақи бизда унча ҳам юқори деб ўйламайман. Бир бош қорамолни сўйиб
беришга 80 минг сўм, бир бош қўйга 30 минг сўм оламиз. Молнинг эгаси ҳеч
нарсага қўл урмайди. Фақат молини келтириб беради ва тайёр гўштни олиб кетади”.
Аммо кўп йиллар давомидаги эътиборсизлик оқибатида масъулият
тушунчасидан узоқлашган айрим қассоб ва гўшт дўконлари эгалари эскича ишлашга
ёпишиб олганга ўхшайди. Айни пайтда гўшти аҳолига сотилаётган чорва молларининг
қушхонада сўйилиши тегишли ташкилотлар томонидан назорат қилиб борилмоқда.
Самарқанд шаҳар ветеринария бўлими бошлиғи Ойбек Алламуродовнинг айтишича, 8
январь куни Сиёб деҳқон бозорида Муқумов
Алишернинг сотувга чиқарилган 150 кг, Атоев Икромнинг 171 кг ва Ҳамроқулов Баҳромнинг
160 кг мол гўшти олиб қўйилиб, экспертизадан ўтказилган ва сотувчиларга маъмурий
баённомалар расмийлаштирилган. Чунки
гўштнинг келиб чиқиши номаълум бўлган ва сотувчиларнинг бирламчи ветеринария
маълумотномаси бўлмаган. Ўша куни худди шундай ҳолат Дамариқ ва Темирйўл деҳқон
бозорларида ҳам аниқланиб, айбдорларга нисбатан тегишли ҳужжатлар
расмийлаштирилган.
Вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси раиси ва айни пайтда Сиёб
деҳқон бозори раҳбари вазифасини бажараётган Тоҳир Мамадалиев билан вилоятдаги
энг катта бозорнинг гўшт растасини айланиб чиқдик. Растанинг ўзида 10 нафар ва
бозор ҳудудидан ташқарида яна 4 нафар гўшт сотиш нуқталари бор экан. Биз борган
9 январда гўшт растасида 4 нафар сотувчи ишлаётган эди. Уларда молни “Самарқанд сифат гўшт савдо” МЧЖда
сўйганлигини тасдиқловчи ҳужжати бор эди ҳамда мол танасининг сон қисмида
тегишли муҳр босилган эди.
“Фақат бозорларимизда сотилаётган гўштни назорат
қилиш билан кўп нарсага эриша олмаймиз. Чунки вилоят ҳудудида камида 800та
нуқтада гўшт сотилади. Бозорлар орқали
уларнинг 7 фоизигина аҳолига етказилади, холос”, – дейди Т.Мамадалиев.
Демак, аҳолига сотилаётган, овқатланиш шахобчаларига етказиб
берилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотлари турли хил касалликлар келтириб
чиқармаслигига эришиш учун ветеринария-санитария талабларига риоя этилиши
доимий назоратда бўлмоғи лозим. Аммо бу борада ҳар биримизнинг масъулиятни
сезган ҳолда иш тутишимиз ҳар қандай назоратдан устун десак, хато бўлмайди.
Чунки қассобда тегишли далолатнома бўлмай, сотаётган гўштида муҳр босилмаган тақдирда
унинг маҳсулотини харид қилмасак, энг тўғри ва самарали йўл тутган бўламиз. Бозори
касодга учраган қассоб албатта молинин ветеринар кўригидан ўтказадиган бўлади.
Кўп соҳаларда бўлганидек, ушбу муҳим ва ҳар биримизнинг саломатлигимизга
дахлдор бўлган йўналишда ҳам жамоатчилик назоратини кучайтирсак, фақатгина ўз
манфаатини ўйлаб ҳаракат қилаётган гўшт сотувчилар замонавий кушхоналар йўлини
ўрганиб олишар...
Комментариев нет:
Отправить комментарий