четверг, 31 января 2019 г.

СамДУ доценти Абдулла Қувватов нега газета таҳририятидан норози?


СамДУ кимё факультети доценти Абдулла Қувватов NUZ.UZ итернет газетасининг Самарқанддаги мухбирига қилган мурожаатида “Маърифат” газетасига юборган мақоласи нотўғри таҳрир қилинганлиги, унга тегишли бўлмаган жумлаларнинг қўшилганлиги ёки аксинча, кераклисининг қирқилганлиги мақоласи мазмунига салбий таъсир этганини билдирган.


Мактубининг аввалида доцент А.Қувватов “Маърифат”дан ҳамкорлик қилишга таклиф бўлгандан кейин таҳририятга 7-8та мақола юборганлигини маълум қилади. “Мақолаларимнинг иккитаси “Бизга қандай дарсликлар керак” ва “Олий таълимда малака ошириш: муаммо ва ечимлар” 2018 йил декабрь ойида чоп қилинди. Албатта бунинг учун уларга раҳмат, лекин иккаласида ҳам асосий жойлар қирқилган. Оқибатда мазмуни йўқолиб тушунарсиз, фойдасиз ҳолга келган”, – деб ёзади муаллиф. Мактубда у битта мақоласининг таҳлилини тўла келтирган.

“Маърифат”нинг 22 декабрдаги сонида эълон қилинган “Олий таълимда малака ошириш: муаммо ва ечимлар” мақоласида “Лекин марказларда ишлаётган мутахассислар билими тингловчиларникидан нечоғлик юқори?” деган жиддий айблов унинг номидан ёзилганлигини А.Қувватов афсус билан қайд этади. У марказларда ишлаётган мутахассисларни камситувчи бу сўзларни ўзи ёзмаганлигини ҳамда бу жумла мақоланинг биринчи ва иккинчи хатбошилари орасидаги мантиқий боғланишни ҳам йўққа чиқарганлигини уқтиради.

 Мактубни ўқишни давом эттирамиз: “Мақола қўлёзмасидаги “Лекин табиийки, бу мутахассислар тегишли йўналиш бўйича ўқитиладиган ҳамма фанлардан тингловчининг малакасини оширадиган даражада билимга эга бўлиши мумкин эмас” деган гап қирқилган. Тегишли йўналиш бўйича ўқитиладиган барча фанларнинг рўйхати эса унинг ўқув режасида келтирилади. “Маърифат”даги бу айбловни исбот қилишни талаб қилиб, малака ошириш марказлари газетани ва муаллифни судга бериши мумкин.

Мақолани ўқиган ўқувчида фундаментал фанлар ва умумкасбий фанлар бошқа-бошқа блокларга кираркан деган нотўғри тасаввур пайдо бўлади. Олий ўқув юртларида ишлаётган ҳамкасбларим эса ўқув режани фарқига бормай муаллиф қандай фикр билдиради деган хулосага келишлари мумкин.

Сарлавҳага “.... муаммо ва ечимлар”деган сўзлар қўшиб қўйилган бўлишига қарамасдан,  муаммо нимадан иборат эканлиги газетада босилган мақолада айтилмаган. Қўлёзмада  эса бу аниқ қилиб ёзилган эди.

Мақоланинг баъзи жойлари билмасдан қисқартирилганлиги учун таклиф чала ва зиддиятли тус олган. Унинг фойдали томони ва афзаллиги нимада эканлиги тушунарсиз. Масалан, фундаментал фанларнинг устоз профессор-ўқитувчилари ва “кичик” фан ўқитувчиларининг лидерлари ўз малакасини оширмайдими, агар оширса улар қаерда оширади, деган табиий саволга жавоб йўқ. Қўлёзмада эса бу аниқ ёзиб қўйилган: “Бундай устоз ўқитувчиларни эса марказга ёки четга малака оширишга ва бу масалаларга тегишли анжуманларда қатнашишга юбориш унинг ўзига ва у орқали бошқаларга ҳам фойдали бўлади”.

Кичик фанларнинг лидерлари бўйича эса шундай таклиф билдирилган: “Буларнинг орасидан биттасини шу фан бўйича малакасини ошириш учун чет элга юбориш мумкин. Четда бирор нарсани ўрганиб келадиган мутахассис албатта қолганларини ҳам шунга ўргатиши керак. Ҳозир бу ишни кимнинг қандайлигини билмайдиган амалдор ҳал қилади. Шунинг учун ҳам бундай танловдан кўпчиликка фойда бўлганини ҳозиргача кўрганимиз йўқ”.

Ушбу таклифнинг фойдаси ва афзаллиги нимада? Биринчидан, профессор-ўқитувчиларнинг бир қисми ОЎЮнинг ўзида, ўзи масъул бўлган фан бўйича малака оширади. Натижада ҳам давлатга, ҳам профессор-ўқитувчиларга ортиқча ташвиш бўлмайди, харажатлар камаяди, доимий мулоқот туфайли уларнинг педагогик маҳорати, малака ва айнан шу фан бўйича билими ошади.

Иккинчидан, республикада фундаментал фанлардан устозлар ва “кичик” фанлардан лидерларнинг кимлиги маълум бўлади, бу эса ўқув соҳасининг сифатини оширишда жуда муҳим. Ҳозир эса на қуйи, на юқори раҳбарият уларни  билмайди. Юқори раҳбарият кимларга таянишни билса, ўқув дастурларининг сифати кескин яхшиланади.

Учинчидан, айнан шундай профессор-ўқитувчилар чет элларга малака оширишга юборилган тақдирда қайтиб келиб, ўз фани бўйича бошқаларнинг малакасини ошириши мумкин.
Тўртинчидан, ўзимизнинг мавжуд реал шароитга мос келувчи ўзига хос малака ошириш тизими пайдо бўлади. Келажакда эса вазиятга қараб уни ўзгартириш, такомиллаштириш ва ривожлантириш мумкин. 

Буни амалга ошириш ҳам қийин эмас. Фундаментал фанлар устозларини четга юбориш ёки ўзимизда уларни ўқитиш учун хорижлик йирик профессор-педагогларни таклиф этиш мумкин.
Мен бу таклифни қарийб 15 йилдан бери СамДУ раҳбарларига, вазирликка, газеталарга юбораман. Унинг бир қисми 7-8 йил олдин услубий масалаларга бағишланган республика конференциясининг материалларида ҳам эълон қилинган.

ОЎЮ раҳбарларининг ва вазирликнинг “антеннаси” ҳозиргача фақат юқоридан келган сигналларни қабул қилиш учун созланган, қуйидан келган сигналларни қабул қилиш учун “антенна”нинг сезгирлиги етмайди. Менимча, бунинг ҳам сабаби бор. Энг юқори раҳбариятнинг қуйидан келган сигналларни эшитишга эҳтиёжи, хоҳиши, мойиллиги бўлмаган. Замон ўзгарди “антенна”ларни ҳам ўзгартириш керак”.

Доцент А.Қувватов газетага четдан келган мақолаларни таҳрир қилиниши мумкин эмас деаган фикрдан йироқ эканлигини, таҳрир мақолага янада сайқал бериши ва унинг мазмуни кўпчилик тушунадиган даражада ўзгартирилиши мақсадга мувофиқлигини уқтиради. Шундагина профессионал журналистнинг маҳорати кўзга ташланишини таъкидлайди.

Мактуб муаллифининг фикрича, ёзма нашрларнинг камчиликларидан бири ҳажми каттароқ мақолани ҳеч ким ўқимайди деган баҳона билан билиб-билмай қисқартириш ёки чоп қилмасликдир. Аслида таҳририят мақоланинг ҳажмига эмас, балки мазмунига қараши керак. Агар унинг мазмуни қаноатлантирса, қисқартириш масаласини муаллиф билан бирга ҳал қилиши керак.

Доцент А.Қувватов мазмунсиз, ҳеч кимга керак бўлмаган мақолаларни чоп қилган газета, журналлар мажбурий обунага қаттиқ ёпишиб қолганлигини уқтириб, фақат нашрларнинг мазмунини бойитиш орқали уларнинг тиражини ошириш ва ўқувчиларнинг ишончини қайтариш мумкинлигини қайд қилиб ўтади.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий