Самарқандда улуғ маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий тавваллуд топган
кун – 19 январда ибратли ва эсга қоларли тадбир бўлиб ўтди. Вилоят халқ таълими
ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида
ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда олимлар, педагоглар, Беҳбудий
авлодларининг вакиллари қатнашдилар.
Тадбирни марказ директори Саидаҳмад Усмонов кириш сўзи билан очди ва
унда шаҳар жамоатчилиги вакиллари билан бирга малака оширишга келган халқ
таълими ходимлари қатнашаётганлиги улуғ бобокалонимиз меросини тарғиб қилишда
муҳим омиллардан бирига айланишига ишонч билдирди.
“Беҳбудий” романининг муаллифи, кўп йиллар давомида улуғ маърифатпарвар
меросини чуқур ўрганиш ва кенг халқ оммасига етказишга жонбозлик кўрсатиб
келаётган ёзувчи ва публицист Нусрат Раҳматнинг чиқиши тўпланганлар томонидан
қизғин кутиб олинди. Ана шу марказ ҳовлисида Беҳбудий бюстини ўрнатишда
ташаббус кўрсатган ва кўп йиллик меҳнати ва ўз маблағи эвазига мақсадига
эришган бу тиниб-тинчимас инсон жадидчилик ҳаракатининг етакчиларидан бири
ҳақида ибратли ҳикояларни сўзлаб берди.
Нусрат Раҳмат Беҳбудий биринчи навбатда маърифатпарвар, муаллим
бўлганлигини, у халқимизнинг билимли бўлиши мамлакат тараққиёти ва
мустақиллигининг энг муҳим омили эканлигини доимо такрорлаб турганлигини таъкидлади.
Шу сабабли қатл этилиши олдидан амир зиндонида ёзган “Васиятнома”сида Беҳбудий шундай
сўзларни битган: “Маориф йўлида ишлайдурғон муаллимларнинг
бошини силангизлар! Маорифға ёрдам этингиз! Ўртадан нифоҳни кўтарингиз!
Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар! Ҳар иш қилсангиз жамоат ила
қилингизлар! Ҳаммага озодлик йўлини
кўрсатингизлар!”.
Маърифатпарварнинг эвараси Шоҳрух Беҳбудий бобокалони ҳақида оилада
сақланиб қолган хотиралардан сўзлаб берди. У Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва
ижодини ўрганган олимларни санаб ўтди ва уларга миннатдорлик изҳор этди.
СамДУ профессори Суюн Каримов Беҳбудий нафақат дунёвий илмлар, балки
диний билимлардан яхши хабардор бўлганлигини, муфтий сифатида адолат билан иш
тутганлигини уқтириб ўтди. Олим бир муҳим таклифни ўртага ташлади. Самарқанд
шаҳридаги Беҳбудийнинг уйида унинг музийини ташкил этиш вақти келганлигини, бунинг
учун ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини таъкидлади. Унинг ана шундай таклиф билан
тегишли ташкилотларга мурожаат этиш ҳақидаги фикрини тўпланганлар қарсак билан
кутиб олдилар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий