четверг, 10 мая 2018 г.

Самарқандда Хотира ва қадрлаш куни ҳақиқий халқ байрамидек нишонланди



Самарқанд вилоятида Хотира ва қадрлаш куни катта тантаналар билан нишонланди. Шаҳар ав туман марказлари одамлар билан лиқ тўлди. Қонли урушдан қайтмаганларни хотирлаш, урушдан эсон-омон қайтганлар ва фронт ортида меҳнат қилганларни қадрлаш мақсадида қатор тадбирлар ўтказилди. Уларда юз минглаб самарқандликлар қатнашди.

Иккинчи жаҳон уруши 152 мингдан кўпроқ самарқандликлар иштирок этган. Уларнинг 73 минг нафарига она-юртига қайтиб келиш насиб этмади. Бугунги кунга келиб, фронтдан қайтганларнинг 97 нафари, фронт ортида ишлаганларнинг 2697 нафари ҳаёт гаштини сурмоқда. Самарқанд шаҳрида ташкил этилган Хотира майдонида 48500 нафардан ортиқ шаҳид кетган ота-боболаримиз номлари абадийлаштирилган.
 
Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Самарқанд даҳшатли уруш гирдобида қолган ўлкалардан кўчириб келтирилганларга бошпана берди, уларни иш билан таъминлади. Вилоятга ҳаммаси бўлиб 165 минг киши кўчириб келинган эди.

9 май куни шаҳар ав туман марказларида ўткилган байрам тадбирларида ана шу ва бошқа факт ва рақамлар тилга олинди. Асосий тадбир   вилоят марказидаги Хотира майдонида бўлиб ўтди. Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида бу ерга тўпланган давлат ва нодавлат ташкилотлари, ўқув юртлари ва бошқа идора ҳамда муассаса вакиллари номидан Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.
 
Кўксарой майдони Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ташкил этилди. Ёшу қари катта қизиқиш билан уларни кўздан кечиришдан ташқари айрим қуролларнинг қандай ишлатилиши билан яқиндан танишиш ва қўлга олиш имкониятига ҳам эга бўлди.

Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб Регистон майдонидан бошланиб, Университет хиёбони бўйлаб давом этган масофада 5000 киши иштирок этган югуриш мусобақаси ва 1000 киши қатнашган веломарафон ташкил этилди.

Байрам куни яна бир хайрли ишга қўл урилди. Кўксарой майдонида тўпланганлар “Нуроний” жамғармаси шаҳар ва туман бўлимларига “Дамас”, вилоят кенгашига “Каптива” русумдаги автомашиналар топширилишининг гувоҳи бўлдилар.
 
Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийлари учун Самарқанд шаҳридаги “Боғишамол гарден” ресторанида вилоят ҳокими номидан қабул маросими уюштирилди.

Мустақиллик йилларида ўз ҳарбий хизматини ўташ чоғида ҳалок бўлган 13 нафар ҳарбий хизматчи эсланиб, уларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олинади, уларга совға-саломлар улашилди. Ҳалок бўлганлардан бир гуруҳининг бюсти очилди. Жумладан, Каттақўрғон шаҳрида Улуғбек Барноев ва Баҳром Эргашевларнинг, Булунғур туманида Маъруфжон Ражабовнинг ўзи ўқиган мактабларда бюсти очилди.

Нарпай туманид эса байрам арафасида Хотира майдони ва Мотамсаро она ҳайкалининг очилиш маросими бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида 97 нафар уруш қатнашчиларига бир марталик 5 миллион сўмдан пул мукофоти, Президент совғаси – олтин соат, шунингдек, ҳокимлик ҳамда жамоат ташкилотларининг совға-саломлари етказилди.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

“Новости Узбекистана” сайти, “Маданият ва санъат” бўлими, 10.05.2018

Комментариев нет:

Отправить комментарий