вторник, 22 мая 2018 г.

Самарқанддаги 69-мактабнинг 100 йиллигига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди



Самарқанд шаҳридаги 69-умумий ўрта таълим мактабида ўқув даргоҳи ташкил этилганлигининг 100 йиллигига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Мактабнинг шонли тарихини тиклаш, унинг ўтмишига оид янги маълумотлар тўплаш, борларига аниқлик киритиш мақсадида кўп йиллар ишлаган фахрийлар билан учрашув ўтказилди.


Учрашув кечки пайт ифторлик дастурхони атрофида бўлиб ўтди. Тадбир давомида мактабда кўп йиллар самарали ишлаган устозлар ўз хотиралари билан ўртоқлашиб, ибратли воқеаларни ёдга олдилар, оламдан ўтган ўқитувчиларни эслаб, уларнинг ўқув-тарбия соҳасидаги фаолиятлари ҳақида сўз юритдилар.
 
Мактаб директори Камола Турсунова бундай тадбирни  ташкил этишдан мақсад ҳақида сўзлаб, жумладан шундай деди: “Мактабимиз ташкил этилганлигига беш йилдан сўнг 100 йил тўлади. Биз бу санага ҳозирдан тайёргарлик кўришга қарор қилдик. Айни пайтда ҳаёт бўлган устозларнинг хотираларини ёзиб олиши, бу хотиралардан таълим даргоҳимизнинг мукаммал тарихини яратишда фойдаланиш ва меҳнати синганларнинг номини унутмаслик учун уларни алоҳида китобга киритишни энг муҳим вазифаларимиздан деб ҳисоблаймиз”.
 
Мактабнинг тарихини ва бўлажак музейини яратиш учун анчагина материаллар – ашёвий далиллар, фотосуратлар, қоғозга туширилган хотиралар тўпланган. Улардан айримлари меҳмонларга намойиш этилди.

Тадбирда мактабда ишлаган фахрий устозлар, турли йилларда унда таҳсил олганлар сўзга чиқиб, жуда хайрли ишга қўл урилганлиги ва уни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдиришди. Жумладан, 85 ёшли Марат ота Жамолов сўз олиб, шу мактабда ўқиганлигини, бу ерда олган билими кейинчалик олий ўқув юритга кириб ўқишига, илм-фан сирларини чуқур ўрганишга асос бўлганлигини уқтирди. “Мен кўп йиллар давомида СамДУда доцент лавозимида ишладим, шу кунларда СамМИда талабаларга иқтисодиёт сирларини ўргатаяпман”, – деди устоз.  
 
Фахрийларни кўнглини кўтариш, уларга хуш кайфият улашиш мақсадида ўқувчилар ажойиб дастур тайёрлаб, уни тўпланганлар ихтиёрига ҳавола қилишди.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

Муаллиф туширган суратлар

Комментариев нет:

Отправить комментарий