четверг, 31 мая 2018 г.

Самарқандда “Саломатлик мактаби” фаолияти қандай йўлга қўйилган?


Самарқандда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган пресс-тур доирасида журналистлар шаҳардаги 12-оилавий поликлиникасида “Саломатлик мактаби” ҳамда 3-сон туғруқ мажмуасида "Бўлажак оналар мактаби" фаолияти билан яқиндан танишдилар. 


Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Азиз Жўраев дастлаб жорий йилнинг ўтган даврида соҳада амалга оширилган ишлар ҳақида гапириб, ҳали бажарилганидан олдинда турган ишлар кўплигини, мақташнишга эрта эканлигини уқтирди. Президент ва ҳукумат томонидан кейинги бир ярим йил ичида тиббиётимиз ривожига бағишланган 75та муҳим ҳужжатлар қабул қилинганлиги соҳага бўлган эътибордан далолат эканлигини қайд этиб ўтди.

Вилоят тиббиёт тизимида сон жиҳатидан айрим ўзгаришлар юз берган. Тез тиббий ёрдам кўрсатиш шахобчалари сони 54тадан 150тага етди. Соҳа учун 141та янги автоуловлар олинди. Ўтган даврнинг шу даврига нисбатан чақирувлар сони 60 мингтага ортди. “Бу аҳолининг тез ёрдамга нисбатан пайдо бўлган ишончидан далолат беради. Чунки энди тез ёрдам машиналари талаб қилинган манзилга тезроқ етиб боришади, тиббиёт ходимларида биринчи ёрдам кўрсатиш учун дори-дармонлари ҳам мавжуд” – деди А.Жўраев .

Шундан сўнг нотиқ маҳаллаларда ташкил этилган “Саломатлик мактаби” фаолияти ҳақида сўз юритиб, инсон соғлиги фақат тиббиёт ходимларига эмас, кўп жиҳатдан  одамнинг ўзига боғлиқлигини таъкидлади. “Саломатлик мактаби” ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, оилаларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда аҳолини тизимли патронаж билан қамраб олишдан иборат. 

Самарқанд шаҳаридаги 12-оилавий  поликлиникаси 43 минг аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу ишга 24 нафар умумий амалиёт шифокори ва 58 нафар умумий амалиёт ҳамшираси жалб этилган. Поликлиника бош врачи Дилбар Собированинг уқтиришича, фуқароларни электрон навбатга олиш тизимининг жорий этилиши ҳамда тез тиббий ёрдам шахобчаси ташкил қилинганлиги кўрсатилаётган хизмат сифати ва самарадорлигини оширишган.
 
Ҳафтанинг душанба-жума кунлари умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамширалари маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадонма-хонадон юришмоқда. Маҳаллардаги оилалар тўрт гуруҳга бўлинган. Булар – намунали, қониқарли, эҳтиёжманд ва патронажга даркор бўлган оилалардир.  Тиббиёт ходимлари намунали оилилар аҳволидан бир йилда бир марта, қониқарли олилалардан аҳволидан бир йилда икки марта хабар олишлари белгиланган. Янги туққан аёллар, чилла давридаги чақалоқлардан икки ҳафтада бир марта хабар олишса, ҳомиладорлар, гўдаклари, ногирон болалари бор хонадонларга ойида бир марта бориб туришлари шарт.

Хонадонма-хонадон юришда маълум тартиб ва тизим бўлиши учун ҳафтанинг ҳар бир куни алоҳида номга эга. Душанба- нуронийлар, сешанба- ҳомиладорлар, чоршанба- болалар ва ўсмирлар, пайшанба- хонадон ва экология, жума- аёллар ва қизлар, шанба- саломатлик куни деб номланган.

Булар ҳаммаси яхши, аммо бундай тартиб қанчалик амалиётга жорий қилинган? Журналистлар ҳам қайсидир маҳаллада яшайди. Ўша ерда ҳозир бўлганларимиз нега "Саломатлик мактаби" фаолиятидан, ўзимиз ёки қўшниларимиз мисолида ушбу мактаб доирасида қилинаётган ишлардан деярли бехабармиз? Ушбу саволларимизга мутасаддилар берган жавобга қараганда, бу йўналишда камчиликлар мавжуд, уларнинг аксарияти инсон омили билан боғлиқ. “Тиббиёт ходимининг масъулиятсизлиги оқибатида қаердадир узилиш бўлаётганлигини инкор қилолмайман. Аммо вилоят, шаҳар ва туман даражасида тиббиёт соҳасига масъул бўлганлар ҳамда бош врачлар бундай хато ва камчиликларнинг олдини олишга ҳаракат қилишмоқда. Ҳар қандай шикоятни биз тезда кўриб чиқаяпмиз”, – таъкидлади А.Жўраев.  
 
Шундан сўнг тадбир қатнашчилари "Саломатлик мактаби" йўриқномасига кўра 12-оилавий поликлиникасининг тарғибот тадбирлари режасига мувофиқ Ғафур Ғулом номли маҳалла марказида ўтказилаётган “Бутун жаҳон чекишга қарши курашиш куни” мавзусидаги семинарда иштирок этишди.
 
ОАВ вакиллари 3-сон туғруқ мажмуасида ташкил қилинган "Бўлажак оналар мактаби"  фаолияти билан яқиндан танишдилар. “Соғлом онадан соғлом бола туғилади, – деди ўз чиқишида туғруқ мажмуаси бош врачи Лола Ҳамроева. – Шуни ҳисобга олган ҳолда, биз ҳомиладор аёллар учун бундан икки йил аввал ушбу мактабни ташкил этган эдик. Ўқув ва машқ хоналаримиз замонавий жиҳозлар, тиббий ускуналар ва методик адабиётлар билан таъминланган. Шунингдек, фитобар, гимнастика машғулотлари ўтказиладиган, ювиниш ва дам олиш хоналари бўлажак оналар хизматида. Бир йилда мактабимизда 2,5 минг аёл тайёргарликдан ўтади”.

Шу куннинг ўзида ОИТСга қарши курашиш маркази мажлислар залида “Саломатлик мактаби” фаолиятини такомиллаштиришда тиббий ходимларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мавзусига бағишланоан видеотрансляция кўринишидаги масофавий илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Янгича, замонавий техникадан фойдаланган ҳолда ўтказилган тадбирда 2 минг нафардан ортиқ бирламчи бўғинда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари, бош акушер-гинекологлар, барча туғруқ бўлимидаги шифокорлар, скрининг, репродуктив ва саломатлик марказлари масъул ходимлари иштироки этишди.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий