вторник, 22 мая 2018 г.

Самарқанддаги Ислом Каримов номидаги кўчада ноқонуний савдо тугатилди...ми?



Об-ҳаво исиб, Самарқандга келаётган сайёҳлар сони ортиши билан Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти мақбарасига олиб борадиган йўлларда қўлбола савдо шахобчалари пайдо бўлди, зиёратчиларга таклиф этиладиган буюмлар, маҳсулотлар сони кўпайди. 

Айниқса, марҳум Ислом Каримов суратлари туширилган плакатлардаги маъносиз жумлалар ва ундаги имловий хатолар одамнинг ғашига тегади ва беихтиёр хаёлингизга “кимга аза, кимга тўй” мақоли келади.

Биринчи Президент номи билан аталадиган кўча (собиқ Тошкент кўчаси) бўйлаб юрсангиз, қўлида плакатлар, тақвимлар, видокассеталар ушлаб турганларнинг кўплигидан ҳайратга тушасиз. Улар деярли ҳар бир зиёратчига қўлидагини тиқиштиришга ҳаракат қилади ва туристлар кўп бўлган пайтларда уларнинг эркин ҳаракатланишига халақит беради, йўлда ноқулайликлар яратади.
 
Наврўз байрамидан бошлаб қадимий шаҳарга ташриф буюрувчи зиёратчилар сони кескин кўпайди. Ҳар куни, айниқса, шанба ва яншанба кунлари мамлакатимизнинг барча гўшаларидан ўн минглаб юртдошларимиз бу ерга келади. Уларга чет эллик туристлар ҳам қўшилади. Албатта, уларга сифатли хизмат кўрсатилиши зарур. Шунингдек, улар учун салқин ичимликлар, сувенирлар ва шаҳар ҳамда унинг ёдгорликлари ҳақида ҳикоя қилувчи китобу буклетлар билан савдо қиладиган дўконлар бўлиши керак. Аммо ушбу маҳсулотлар санитария-гигиена талабларига қилинган ҳолда, мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилинган ҳолда сотилиши лозим.

Афсуски, енгил пул топиш илинжида бўлган айрим фуқаролар осон йўлдан боришга қарор қилиб, кўчада турли ҳажмдаги дўконлар ўрнатишди, столлар қўйиб унинг устига доридан тортиб тақинчоқларгача қўйиб савдо қиладиган бўлишди. Мана бу плакатдаги имловий хатоларга эътибор қаратинг! Биринчи Президент номидан халққа мурожжат қилинмоқда. Шу тўғрими? Бундай полиграфия маҳсулотларни чоп этиш учун рухсат керак эмасми? Плакатга қўшиб тақвим ва видеокассеталар сотаётганлар “эсдалик учун олинг, видеода Ислом Каримовнинг ҳажда бўлганлиги акс этилган” деб,  ўз товарларини “реклама” қилишади.
 
Биринчидан, портретнинг сифати жуда ёмон, у катта суратдан кесиб олинган, кичкиналаштирилган ҳамда бир қисими умуман кесиб ташланган. Иккинчидан, давлат арбоблари портретлари турли босмахоналарда эмас, рухсат этилган ва махсус коммисия хулосаси олингандан сўнг чиқарилиши керак эмасми? Учинчидан,  имло хатолар билан ёзилган сўзлар мамлакатимизнинг Биринчи Президенти томонидан айтилмаганку? “Алвидо Халким! 25 ешдабирга булиш насиб этмади!” деб хатолар билан битилган жумланинг маъноси нима?

Сотувчи аёллардан бири билан суҳбатлашганимда, у плакат ва кассеталарни Тошкентдан олиб келаётганлиги ва устига минг сўм қўйиб сотаётганлигини уқтирди. Шу вақтгача Биринчи Президент мақбараси атрофида тартиб ўрнатишга мутасадди бўлган ички ишлар органи ходимларининг саъй-ҳаракати натижа бермаётган эди. Ўтган якшанба куни ушбу кўчадаги ноқонуний савдого барҳам бериш мақсадида шаҳар ҳокимлиги солиқ инспекцияси, санитария-эпидимиология идораси, вилоят ИИБ Патруль-пост хизмати ҳамкорликда рейд ўтказди.
 
“Рейд натижасида Ислом Каримов кўчасида ноқонуний ўрнатилган 12та дўкон олдирилди, уларнинг эгаларига нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Шаҳримизга келаётган туристлар ва зиёратчиларга намунали хизмат кўрсатиш учун барча талабларга жавоб берадиган савдо шахобчалари ташкил этилади”, – деди Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг масъул ходими Фирдавс Истамов.

Дўконлар олдирилганлиги рост, аммо плакат билан савдо қилувчилар, уларни бундай сифатсиз матбаа маҳсулотлари билан таъминлаётганлар “бизнеси”га барҳам бериладими? Бу савол ўртага ташланганлиги бежиз эмас. Рейд ҳали охирига етмасдан, текширувчилар кўзини шамғалат қилиб, сал нарироқда ўша плакат ва тақвимларни сотаётган бир эркак ва икки ёш болага кўзим тушди...

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

Муаллиф туширган суратлар

Комментариев нет:

Отправить комментарий