Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижодкор зиёлилар билан учрашди.
Вилоят раҳбари йиғилганларни байрами билан табриклар экан, журналистларнинг фаолияти жамият
тараққиёти учун ўта муҳимлигини, уларнинг эркин ижод қилиши учун барча шароит
яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Эркинжон Турдимов журналистлар аҳоли хабардорлиги, билими,
тафаккури, дунёқарашини кенгайтиришда муҳим ишларни амалга ошираётганлигини
уқтириб, жумладан шундай деди: “Журналистлар Оллоҳ назари тушган инсонлар. Бу
касбга қийинчиликларни енга оладиган, сабр-тоқатли, камчиликларни очиқ кўтариб
чиққанда, балога қолиб кетишдан қўрқмайдиган фидойилар ишлаши мумкин”.
Вилоят раҳбари журналистларнинг вазифаси
фақат мақташдан иборат эмаслиги эслатиб, “хоҳланг мақтанг, хоҳланг танқид
қилинг. Биз сизни, ижод маҳсулингизни борича қабул қиламиз. Танқид тўғри бўлса,
хулоса чиқарамиз, нотўғри бўлса, бир четга олиб қўямиз”, – деди.
Эркинжон Турдимов вилоятни ривожлантиришда, аҳолининг
шароити, турмуш даражасини юксалтиришда журналистлар ҳамда давлат ва бошқарув органлари
биргаликда ҳаракат қилишлари муҳимлигини уқтирди. “Муаммолар кўп, улар ҳамма соҳада мавжуд, – деди вилоят раҳбари. – Аксариятнинг жонидан ўтиб кетгани бу
давлат ва бошқарув органларининг бюрократия ботқоғига кириб кетганлигидир. Шуни
назарга олиб, биз аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгилашга ҳаракат
қилдик. Эндиликда аҳоли мурожаатларининг 70 фоизи ўзининг ижобий ечимини
топмоқда. Авваллари бу кўрсаткич 7-9 фоизни ташкил этган”.
Сўзининг якунида Эркинжон Турдимов мавжуд муаммоларни биргаликда ечиш
учун бор имкониятлар ишги солинишини, йил охиригача вилоят ҳокимлиги қошида
барча техника воситалари билан жиҳозланган медиа маркази ташкил этилишини таъкидлади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий