Бир йил давомида судма-суд югурган тадбиркор Надежда Мирзаева охири
адолат тантанасига эришиб, суд унинг фойдасига қарор чиқарди. Энди ноқонуний
тортиб олинган ер участкаси ўзига қайтарилишига ишонган эди. Аммо уч ойдан
ошибдики, суд қарори бажарилмай келинмоқда.
Надежда Мирзаева Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида “Omonqul Mirza” ва “Nadejda
Servis Trans” масъулияти чекланган жамиятлар таъсисчиси
бўлиб, автомобил транспортида йўловчи ташиш билан шуғулланади. Бир йилдан
ортиқроқ вақт давомида у ўз ишини бажаролмасдан, адолат истаб,
ташкилотма-ташкилот юришга мажбур бўлмоқда.
2017 йил май ойида “Самарқандтранс маркази”га қарашли “Самарқанд
Рудакий” шўъба корхонасига Мирбозор чорраҳасида автошоҳбекат қурилиши учун
Нарпай туман хокимининг қарори билан 0,89 га ер майдони ажратилиб, қурилиш
ишлари бошлаб юборилган эди. Янги объектни деб чорраҳада жойлашган музей
биноси, хотира майдони ва она ҳайкали бузиб ташланди ва ажратилган 0,89 га ер
майдони ўрнига 1,30 га ер эгаллаб олинди.
Тадбиркор Надежда Мирзаева таъсисчиси бўлган “Omonqul Mirza”га тегишли
0,513 га ер майдонини ҳам “Самарқанд Рудакий” ШК ўзбошимчалик билан эгаллаб олади.
Шундан сўнг тадбиркор прокуратура ва
иқтисодий судга мурожаат қилади. Суд ноқонуний эгаллаб олинган ер майдонини
эгасига қайтариш тўғрисида қарори чиқаради.
“2018 йил 14 майда суд қарорини бажариш мақсадида ижро варақасини МИБ
Нарпай туман бўлимига топширдим. Қонунчиликда суд қарорини ижро қилиш учун икки
ойлик муддат белгиланган, аммо уч ойдан кўпроқ вақт ўтишиги қарамасдан, суд
қарорини бажариш пайсалга солиб келинмоқда”, – дейди Н.Мирзаева.
На МИБ, на Нарпай туман ҳокимлигидан амалий мадад ололмаган табдиркор
адолат излаб Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов
қабулига киради. Ҳоким муаммо билан танишгач, ўша заҳоти тегишли ташкилот
раҳбарларига уни зудлик билан қонун доирасида ҳал этишга кўрсатма беради.
Ўшандан кейин ҳам бир ой вақт ўтди. Н.Мирзаеванинг ҳар кунлик югур-югури оқибатида
унга бир неча марта аниқ кунини белгилаб, ўша куни тегишли ташкилот вакиллари
иштирокида ўртадаги девор бузилиб, унга қарашли бўлган ер майдони қайтариб
берилиши маълум қилинди. Белгиланган жойга тадбиркор, айрим пайтлар тез ёрдам ходимлари
ва ёнғин ўчирувчилар келиб, кутишди. Аммо мутасадди ташкилотлар вакилларидан
дарак бўлмади. Қисқаси, Нарпай туман мажбурий ижро бюроси хил баҳоналар билан суд қарорини бажаришни пайсалга солиб
келмоқда.
Нима учун қонун талабларини менсимасдан, қонун посбонлари суд қарорини бажаришни
пайсалга солиб, “Самарқанд Рудакий” ШКнинг томонида туришибди, деган ҳақли
савол туғилади. Бунинг сабабини Надежда Мирзаева қуйидагича изоҳлайди: “Ушбу
корхона “Ўзавтодарётранс” агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бўлимининг шўъба
корхонаси бўлиб, унинг раҳбари асли Нарпай туманидан бўлган Инатилла Хамраевдир.
Кўп йиллардан бери ушбу вазифани эгаллаб юрган раҳбарнинг гапи қонун талабидан
ҳам устунлик қилмоқда”.
Н.Мирзаеванинг “қайсарлиги”, яъни қудратли корхонани судга бериб, уни
ўзига тегишли ер майдонидан чиқаришга эришганлиги тадбиркор ва унинг меҳнат
жамоаси учун айянчли оқибатга олиб келди. Юзага келган вазиятни у шундай
изоҳлайди: “И.Хамраев томонидан менга ердан воз кечиш тўғрисида таклифлар бўлди.
“Ерингдан воз кечсанг, фирмаларинг ишлайди, рози бўлмасанг сени ишлашга
қўймайман” деб, ҳар хил воситалар билан тадбиркорлик фаолиятимни бўғиш ҳаракатига
тушди. Унга қўшилган Нарпай туман хокимлигининг амалдорлари томонидан мен ва ходимларим
таъқиб остига олиндик.”
Н.Мирзаеванинг уқтиришича, айни пайтда “Ўзавтодарётранс” агентлиги унга
тегишли бўлган “Омонқул Мирза” ва “Надежда транс сервис” МЧЖларнинг йўловчи
ташишга рухсат берувчи лицензияларини бекор қилишга, корхоналарга аъзо бўлган
такси ҳайдовчиларига лицензия варақаларини бермасликка, йуналишда қатнашиш учун
ўтказилаётган тендерга чақирмасликка ҳаракат қилмоқда.
“Каттакон”нинг бир оғиз “суддан аризангни чақириб ол” деган таклифини
қабул қилмаганлигим учун мени банкрот қилиб, мулкимни йўқ қилиб товбамга
таянтирмоқчи бўлишяпти”, – дейди тадбиркор опа. Унинг сўзларига қараганда, судни
юта олмаслигини англаган Агентлик бошлиғи туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ҳаракат
қилишга ўтиб олди.
Нарпай туман ҳокимининг жамиятга шоҳбекат биносига эгалик хуқуқини берувчи 2005 йил 11 апрелдаги
қарори шу туман хокимининг 2017 йил 23 октябрдаги қарори билан бекор қилинди.
Ваҳоланки, мавжуд қонунчилигимиз бўйича ҳокимга ўз қарорини бекор қилиш хуқуқи
берилмаган. Бу эса амалдорларнинг тадбиркорга
босим ўтказиш, уни таъқиб остига олишга уринишнинг намунаси эмасми? Одил суд ушбу
масалага қонуний ёндашди. Самарқанд вилоят иқтисодий судининг 2018 йил 18 январдаги
қарори билан Нарпай туман хокимининг 2017 йилдаги қарори хақиқий эмас деб
топилди.
Ҳозирда жамиятга қарашли 60га яқин автотранспорт воситалари йўналишга
чиқмай қўйди. Натижада 70та иш ўринлари қисқариб, худди шу миқдордаги оилалар
тирикчилик манбаисиз қолди. Ачинарлиси шундаки, Агентлик томонидан лицензия шартлари
бажарилиши талаб қилинмоқда, лекин тадбиркор аёлнинг шартлар бажарилганлиги
тўғрисидаги хатлари умуман эътиборсиз, мурожаатлари жавобсиз қолмоқда.
Ҳаммаси бориб суд қарори билан Н.Мирзаевага эгалик хуқуқи белгиланган
513 кв.м ерга бориб тақалмода. “Амалдорлар ана шу ер майдонидан воз кечишимни
талаб қилиб, уларнинг ноқонуний шартига рози бўлган тақдиримда жамият
фаолиятини тиклашга, лицензияларимизни қайтариб беришга ваъда қилишмоқда. Агентлик
бошлиғининг бу харакати тадбиркорликка тўсқинлик қилиш эмасми?”, – дейди ўкинч билан Н.Мирзаева.
Надежда Мирзаева Самарқандда адолат ва ҳақиқат томон қўйилаётган
қадамлар, ўзгариб бораётган сиёсат унинг ишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади деб
умид билдирмоқда.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий