Самарқандда Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси Маъруф Тожибоев банкирлар билан учрашди. Унда
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг вилоят бош бошқармаси ходимлари ҳамда
тижорат банкларининг раҳбарлари, юрист ва кадрлар бўлими бошлиқлари иштирок этди.
М.Тожибоев тадбирни Президент Шавкат Мирзиёев 13 июлда имзолаган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни
ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармоннинг амалий ижроси йўлида қўйилган
дастлабки қадам эканлигини уқтирди.
“Эндиликда бундай учрашувлар мунтазам равишда ўтказиб турилади. Меҳнат жамоаларига,
маҳаллаларга чиқиб, суд тизимида бўлаётган янгиликлар ҳақида, одил судловни
амалга ошириш учун жамоатчилик билан ҳамкорлик масалалари хусусида сўз
юритамиз. Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган
суҳбатлар ташкил қиламиз”, – деди нотиқ.
Суд раисининг таъкидлашича, суд органлари фаолиятининг шаффофлигини
янада таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга
оширишда жамоатчилик ролини кучайтириш мақсадида қуйидагилар амалга оширилади.
Биринчидан, Олий
суд веб-сайтида суд қарорлари тизимли равишда эълон қилиб борилади. Иккинчидан, суд мажлиси тугаши билан қабул
қилинган суд ҳужжатининг мазмун-моҳияти томонларга тушунтирилади. Учинчидан, судлар
фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш
мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари
томонидан брифинглар ўтказилади. Тўртинчидан, Олий суд суд ишларини назорат
тартибида ҳамда апелляция ва кассация тартибида кўриб чиқиш амалиёти обзорларини
ҳар чоракда эълон қилиб боради.
Шундан сўнг М.Тожибоев тўпланганларни “Оила Кодекси”га киритилган
янгиликлар билан таништирди. “Кодексга киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар оила
институтини мустаҳкамлашга қаратилган. Афсуски, кейинги йилларда бу борада
сезиларли муаммоларга дуч келинмоқда. Агар ўтган йили вилоятимиз бўйича 30 минг
никоҳ қайд этилган бўлса, ажралиш учун судларга берилган даъво аризалари 5,5
мингтани ташкил этган эди. Жорий йилнинг олти ойида бундай аризалар сони 3,5
мингтага яқинлашди”, – деди Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси.
Тадбирда иштирок этган банкларнинг юрист ва кадрлар бўлими раҳбарлари
ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий