понедельник, 13 августа 2018 г.

Иймони бут одам коррупцияга қўл урмайди

Самарқандда вилоят божхона бошқармаси ташаббуси билан «Иймон бут бўлса – коррупцияга ўрин йўқ» шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда вилоят прокуратураси, вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти, Олий ҳарбий божхона институти курсантлари, янги ишга қабул қилинган ёш божхона ходимлари, уларнинг ота-оналари ва яқинлари ҳамда ОАВлари вакиллари иштирок этишди.

Вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Салиховнинг таъкидлашича,  тадбирни ўтказишдан мақсад мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш, божхона тизимида коррупциянинг олдини олиш, ходимлар ўртасида соғлом муҳитни яратиш ва ёш ходимларнинг маънавий салоҳиятини оширишдан иборат.

Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев жуда кўплаб маъруза ва чиқишларида лоқайдлик, бепарволик, порахўрлик, коррупция, сохтакорлик, мансаб ваколатни суиистеъмол қилишга қарши кураш бутун жамиятнинг мақсадига айланиши кераклиги тўғрисида сўз юритиб, булар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олдида турган асосий вазифалардан бири эканлигини таъкидлаб келмоқда. Жамият тараққиёти кушандаси бўлган ушбу иллатга қарши самарали курашишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
 
Коррупцияга қарши курашиш йўлида вилоят божхона бошқармаси томонидан олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида тадбир иштирокчиларига бошқарма ходими А.Қиличов сўзлаб берди. Унинг уқтиришичп, божхона тизимида шаффофликни таъминлаш механизмини ташкил этиш, божхона хизмати органларини ҳалол, юқори малакали ходимлар билан тўлдириш, соҳада суиистеъмолчилик ҳолатларига барҳам бериш мақсадида ҳар бир ходимнинг иш кўрсаткичларини баҳолайдиган рейтинг тизими жорий этилди. Бундан ташқари, тадбиркорлар ва жисмоний шахслар иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вилоят божхона бошқармасида 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг “Коррупция соҳасидаги тадқиқотлар” деб номланган 30-моддасига асосан ходимлар ўртасида социологик сўровлар ўтказилиб келинмоқда. Ўтказилган сўровлар таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда берилган таклифларни ўрганиб чиқиш мақсадида ДБҚга ва бошқа мутасадди ташкилотларга маълумотлар тақдим этилган.

Тизимда коррупцияни олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра ходимларга уй-жой ва кўп қаватли уй сотиб олиш учун сотиб олинадиган уй-жой қийматининг 75 фоизидан ошмайдиган ипотека кредитлари берилиши назарда тутилган. Бундан ташқари, ҳозирда божхона ходимининг ўртача иш ҳақи миқдори 3 млн сўмдан ошган. Бу эса 2012 йилга нисбатан 4,5 баробарга кўп демакдир. Келгусида ҳукуматимиз божхона органи ходимларини ойлик маошини янада оширишни кўзда тутган. Шунингдек, бошқа вилоятлардан Самарқандга келиб хизмат қилаётган ходимларга 22 та хизмат уйлари ажратилган.

Тадбирда вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бўлими алоҳида муҳим ишлари бўйича катта терговчиси Ж.Рашидов маъруза қилди. Унинг сўзларига қараганда, вилоят прокуратураси томонидан 2018 йилнинг ўтган даврида коррупцион жиноятларни фош этиш борасида 93та жиноят ишлари қўзғатилган. Шундан 125 нафар мансабдор шахсларнинг жиноий жавобгарлик масаласи ҳал этилган. Жинояти фош этилган мансабдор шахсларнинг 3 нафари вилоят ва 122 нафари туман-шаҳар миқёсидаги идоралар, корхона ташкилот ва муассасаларда раҳбар лавозимларида фаолият кўрсатганлардир. Уларнинг жиноятлари мамлакатимиз тараққиётига жиддий тўсиқ бўлиб, иқтисодиётга жами 5,8 млрд сўм миқдорида моддий зарар етказган.

Тадбир якунида муҳокама қилинган мавзуга оид Давлат Божхона қўмитаси томонидан тайёрланган махсус фильм ҳамда Самарқанд вилоят мусиқали ва драма театри ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган И.Султоннинг қаламига мансуб “Иймон” спектакли намойиш этилди.

Тадбирдан кейин ота-оналар фикри билан қизиқдик. Божхона ходими Юсупов Санжарбекнинг онаси Малика Чоршанбаева шундай деди: “Бугунги ўтказилган тадбир биз ота-оналар учун ибрат бўлди. Ҳукуматимиз божхоначилар учун яратиб бераётган шарт-шароитлар, уларни ижтимоий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётганидан хурсанд бўлдик. Намойиш этилган видеофильмда таъмагирлик қилган собиқ божхона ходимларининг тақдири аянчли якун топганидан тўғри хулоса чиқардик. Шу билан бирга “Иймон” спектаклини томоша қилдик. Асарда оиладаги поклик, жамиятда имон ва эътиқоднинг бутлиги, касбга садоқат, жиноятчиликка қарши курашиш ғояларини ўзида мужассам этганлиги барча учун катта тарбия аҳамиятга эга. Тадбир яна бир марта ота-оналар фарзандлар тақдирига бефарқ бўлмаслиги қанчалик муҳимлигини кўрсатди.
    
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий