Самарқанд вилояти
ҳудудидаги бозорлар жамоатчилик назорати тартибида ўрганиб чиқилди. Вилоят
матбуот хизмати тарқатган маълумотномада таъкидланишича, бозорларда яратилган
шароитлар, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, шунингдек бозор маъмуриятлари
томонидан олиб борилаётган ишларнинг бугунги кундаги ҳолати ўрганилган.
Ўрганиш
давомида бозорларда “Ўзбекистон Республикасида бозорлар ва савдо фаолиятини
ташкил этиш қоидалари” талаблари мутлақо таъминланмаётганлиги маълум бўлди. Сотувчилар
томонидан ҳам, бозор маъмурияти томонидан ҳам белгиланган мажбуриятларга қатъий
амал қилинмаслик оқибатида чидаб бўлмас аҳвол вужудга келган.
Жумладан,
сотувчиларнинг белгиланган жойлардан ташқарида ноқонуний савдо қилиш ҳолатлари,
фаолиятни амалга ошириш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан хизмат
кўрсатиш, тиббий кўрикдан ўтмасдан фаолият олиб бориш, санитария-гигиена
талабларига риоя қилмаслик, тозалик ва ободончилик ишларининг мутлақо олиб
борилмаслиги кузатилди.
Деҳқон
бозорларида сотувчиларни қатъий ажратилган савдо ўринлари бўйича жойлаштириш ва
шу ўринларда савдо қилишини қатъий назорат қилиш ишлари, бир марталик йиғимлар,
ижара тўловлари ва бошқа тушумларнинг банк тизими орқали автоматлаштирилган
ҳисобга олиш йўли билан банк кассалари орқали қабул қилинишини таъминлаш ишлари
мутлақо ташкил этилмаган.
Бозорларда
савдо-сотиқ ишларини амалга ошириш тартибини белгиловчи ва атроф муҳитни
муҳофаза қилиш, бозор жойлашган ҳудуддаги эпидемиологик, эпизоотик ва экологик
хавфсизликни таъминловчи ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига амал
қилинмасдан келинмоқда.
Ўтказилган
текшириш натижалари вилоятдаги ҳар бир деҳқон бозори бўйича аниқ мисоллар
орқали батафсил кўрсатиб ўтилган. Масалан, вилоят марказидаги “Сиёб бозори”
масъулияти чекланган жамиятига қарашли деҳқон бозоридаги сотувчи ва харидорлар
учун яратилган шароит мутлақо талаб даражасида эмаслиги уқтирилган. Ачинарлиси шуки,
бозорда сут ва сут маҳсулотлари алоҳида сотилмасдан, бозор ҳудудининг
ташқарисида антисанитария аҳволда бир маротаба ишлатиладиган елим идишларда
(баклашкаларда) сотилмоқда.
Бозордаги
аксарият қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиш расталари бўш турган бир вақтда,
сотувчилар ерда харидорлар юриши учун қийинчилик туғдирган ҳолда савдо қилиб
келмоқда. 10 августда бозор худудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан 416та
нуқтада савдо килинаётган бўлсада, ветеринария лабораторияси томонидан атиги
185та савдо нуқтасида қишлоқ хўжалиги махсулотлари сотилаётганлиги кўрсатилган
холос.
Яна бир ачинарли
ҳолат ветеринария лабораториясида ишлатилаётган реактивлар заҳираси мавжуд эмаслигидадир.
Ишлатилаётган реактивларнинг тайёрланган вақти ва ишлатиш яроқлилик муддатлари
кўрсатилмаган, лабораториядаги пробиркалар синган ҳолатда, музлатгич,
канализация умуман ишламайди, шахобчада сув йўқ, ходимлар ишлаши учун мутлақо
шароит яратилмаган.
Шаҳардаги бошқа
бозорларда ҳам аҳвол ачинарли. “Темир йул деҳқон бозори”да қишлоқ хўжалиги
маҳсулотлари расталарда эмас, балки ерда сотилмокда. Ўрганиш куни соат 10-30лар
бўлишига қарамасдан, патта пуллари йиғилмаган ва маҳсулотларга истеъмолга
яроқлилигини тасдиқловчи ветеринария маълумотномалари берилмаган. Шунга
қарамасдан, ушбу маҳсулотларни сотиш учун жой ажратилиб, патта пули йиғиб олинган.
Бозор ҳудудида жойлашган ҳожатхона икки йилдан ортиқ вақт давомида ишламаслиги
оқибатида, сотувчилар ахлатхонадан ҳожатхона ўрнида фойдаланиб келмокда.
Бозорнинг
ўртасида қазилган хандакка сотувчилар томонидан чиқинди гўшт маҳсулотлари, суяк
қолдиқлари ва бошқа турдаги сифати бузилган маҳсулотларни ташланиши натижасида
хандак ахлатхонага айланган.
“Дамариқ деҳқон бозори”
масъулияти чекланган жамиятига карашли бозор фаолияти бутунлай аянчли ахволда.
Бозор йул устида ўта ноқулай жойда жойлашган ва у санитария талабларига умуман
жавоб бермайди. Бозор ҳудудидаги лабораторияда маҳсулотларни лабораториядан
ўтказганлик тўғрисидаги рўйхатга олиш дафтари юритилмаган, лаборатория сув ва
электр тармоқларидан узиб қўйилган. Бозор атрофи автомашиналар билан тўлганлиги
натижасида сунъий тирбандлик юзага келган. Ҳудудда хизмат ўтаётган йўл ҳаракати
хавфсизлиги ходимлари эса ушбу муаммоли ҳолатга мутлақо бефарқ.
“Мармар” бозорида ҳам аҳвол
аянчли бўлиб, бозор ҳудудида атиги 20 нафар сотувчи фаолият кўрсатмоқда, савдо
қилиш учун патта нархи 8 минг сўм этиб белгиланган бўлиб, нақд йиғилган пуллар
учун маъмурият томонидан касса чеки берилмайди. Ҳудудда ободонлаштириш ишлари
мутлақо олиб борилмаган.
Ўтказилган текширишлар
туманларда жойлашган бозорлардаги аҳвол ҳам юқорида кўрсатилганидан яхши
эмаслигини намойиш этди. Текширувчилар хулосаси бўйича, Пахтачи туманидаги
“Султонобод” ҳамда “Зиёдин” деҳқон бозорлари фаолияти мутлақо қониқарсиз
аҳволда. Бозорлар ҳудуди умуман ободонлаштилмаган, ҳудудда ичимлик суви йўқ,
490 нафар сотувчилар фаолият кўрсатиши учун расталар ташкил этилмаган, айниқса
гўшт сотиш нуқталарида чидаб бўлмас антисанитария ҳолати вужудга келган. Бозорларда
ёнғин хавфсизлиги қоидаларига умуман эътибор қаратилмаган. Назорат торозилари
ташкил этилмаган.
Жамоатчилик
назорати гуруҳи вакиллари савдо фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлар
билан суҳбатлашганда, улар туман ҳокими, сектор бошлиқлари, солиқ ва ички ишлар
идоралари раҳбарлари фаолиятидан бутунлай норози эканликларини баён этишган.
Шу каби чидаб
бўлмас аҳвол Каттақўрғон шаҳри ҳамда Каттақўрғон, Нарпай, Пастдарғом, Оқдарё,
Иштихон, Пайариқ, Нуробод, Ургут, Тойлоқ, Булунғур туманларидаги бозорларда ҳам
мавжудлиги қаттиқ танқид остига олинган.
Аслида, бундай
аянчли аҳвол йиллар давомида шаклланиб келган. Айрим юртдошларимизда “бозор ўз
номи билан бозор-да, унда тартиб ўрнатиб бўлмайди”, деган фикр ҳам мавжуд.
Лекин нима бўлганда ҳам, бозорларимиздаги антисанитария ҳолатига чек қўйиш лозим,
сотувчиларни ердан бўш расталарга ўтиб савдо қилишга ўргатиш, керак бўлса,
мажбурлаш зарур. Ахир, бозордаги аҳволнинг қандайлиги, қандай шароитда савдо
қилинаётганлиги маданиятлилик даражамизнинг кўрсаткичларидан бири эмасми?!
Комментариев нет:
Отправить комментарий