Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул
қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида оммавий
ахборот воситаларида танқидий мақола, кўрсатув ва эшиттиришлар жуда камлигини
тилга олиб ўтгандан сўнг бу мавзуга яна эътибор қаратилгандек бўлмоқда.
Ўзбекистон
Журналистлари ижодий уюшмаси давра суҳбати, Адлия вазирлиги семинар-тренинг
ўтказибди. Аммо бундай тадбирларнинг таъсир кучи нимада кўринади? Уларнинг фойдаси
бўладими?
Давра суҳбати ҳақида ЎзА тайёрлаган хабардан қуйидагилар билиб олиш
мумкин: “Тадбирда телерадиоканаллар,
газета-журналлар, интернет нашрларнинг бу борадаги фаолияти кенг таҳлил
қилинди, муаммо ва ечимлар хусусида сўз юритилди. Шунингдек, аҳоли
мурожаатларига бефарқ бўлмаслик, таҳлилий материалларни кўпайтириш,
воқеа-ҳодисаларга холисона фикр билдириш, муаммолар ечимини топишга уриниш, иш
сифатини оширишга эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди”. Хабарда тадбирда
кимлар иштирок этганлиги, қандай аниқ тиклифлар киритилганлиги ҳақида ҳеч нарса
айтилмаган.
Шунга ўхшаш тадбирлар ёрдамида ОАВни жонлаштириш мумкинми? Бу билан газеталаримизда танқидий-таҳлилий мақолалар, ҳақиқий журналист суриштирувлари кўпайиб қоладими? Қуруқ гап билан, “чиройли” нутқи борларни, кечагина маддоҳликда ном чиқарганларни тўплаб “тадбир ўтказдик” деб ҳисобот бериш илинжида ўтказиладиган йиғилишларнинг бир чақалик фойдаси йўқ.
Нега давлат раҳбарининг кўрсатмасини кутиб турмасдан, йиллар давомида ҳақиқатни
айтиб, камчиликларни тилга олиб, аниқ таклифлар билдириб келаётган соҳа
вакилларининг фикри билан ҳеч ким қизиқмайди? Қандай қилиб танқид кўпайсин? Ахир,
йиллар давомида фақат ижобий руҳда қалам тебратганлар, маддоҳизм байроғини
баланд кўтариб келганлар тақдирланган бўлса, шундайлар “Олтин қалам” ва давлат
мукофотларини олиб, танқидий-таҳлилий фикр юритувчилар таъқиб қилинган бўлса, бирданига
журъатли журналистлар пайдо бўлармиди? Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан ана шундай тарзда ўтказиб
келинаётган “Олтин қалам” танлови аслида катта эзгулик мужассам ғоя устидан
кулиш эмасми?
Аксарият касбдошларимиз эркинликка қилинаётган ҳозирги даъватни жиддий қабул
қилмаяпти, шу йўл билан “давлатга нисбатан душманлик” фикрида бўлганлар аниқланиб,
жазоланади, деган хавотирда юрибди. Шу сабабли кейинги икки йил давомида
янграётган чақириқларга қарамасдан, муаммоларимиз бўй-басти билан жаоматчилик
эътиборига ҳавола этилмаяпти. Ички цензурадан, қўрқувдан қутилиш оғир кечмоқда.
ОАВ ҳақиқий эркин бўлиши, журналистлар очиқ ва эркин фаолият юргизиши учун бир
қатор амалий ишларни ҳаётга тадбиқ этиш зарур.
Ана шу вазифалар сирасига журналистларнинг ҳақиқий мустақил
профессионал ташкилотини тузиш, унга юқоридан тазйиқ ўтказишга барҳам бериш, ўткир
забонга эга профессионал нашрга асос солиш, журналист эркин ва ҳақ сўзи учун
таъқиб қилинганда уни ҳимоялаш тизимини шакллантириш каби қатор вазифаларни
бажариш талаб этилади. Бу ҳақда алоҳида мақола ёзиш ниятим бор.
Камина 2017 йилда журналистикамизнинг муаммолари тилга олинган ва қатор
таклифлар ўртага ташланган “Маддоҳ
журналисту латтачайнар амалдор кимга ҳам керак?” сарлавҳаси остида тўртта
мақола эълон қилган эдим. Аммо у ерда билдирилган фикру таклифлар шундай қолиб
кетди.
Давра суҳбатлирию, тренингларда, анжуману “Муносабат”да
эса кимлар муносабат билдирмоқда?..
Ҳа, айтгандай. Журналистикамиз қанчалик очиқ ва эркин эканлигини билиш
учун блогимни бир очиб кўрингчи, очиладими.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ
Комментариев нет:
Отправить комментарий