Коррупцияга қарши курашда каттагина имкониятларга эга бўлишига
қарамасдан оммавий ахборот воситалари бу борада деярли ҳеч қандай амалий иш
қилмасдан келмоқда. Хўш, ОАВ бу йўналишда нималар қилишга қодир?
Бизнинг ОАВ асосан коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш билан
чекланмоқда. Коррупцияга олиб келувчи сабабаларни аниқ таҳлил қилиш, ана шу
ҳолатларни ўз кучи ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда фош қилиш, уларнинг
олдини олиш йўлида хизмат қилиш каби муҳим вазифалардан узоқда қолиб кетмоқда. Аслида
катта куч ҳисобланган ОАВ бу йўналишда бажариши мумкин бўлган ишлар анчагина. Улардан
айримларини санаб ўтамиз.
Коррупция томир отиши мумкин бўлган соҳалар ва бу иллатнинг кўриниши
ҳақида аҳоли ва амалдорларни хабардор қилиб бориш ва шу йўл билан аҳолининг
ҳуқуқий саводхонлигининг ошишига, коррупциянинг яшириниб ётган механизмларин
ошкор этиш ва шу орқали унинг келиб чиқишини камайтириш.
Мунтазам равишда фуқаролар, давлат хизматчилари, тадбиркорларнинг
учрашувларини, давра суҳбатларини ўтказиб, коррупцияга сабаб бўлаётган ҳолатларни
ҳамда жамиятни бу балодан қутқариш масаласи муҳокамасини йўлга қўйиш ҳамда бу
ҳақда кенг жамоатчиликни хабардор қилиб бориш.
Хорижий давлатларда коррупцияга қарши самарали курашиш тажрибасини ёритиб,
шундан қайси йўл ва восита бизнинг шароитимизга мос келишини муҳокама этиш. Ушбу
йўналишда чуқур таҳлилий ишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш
ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг самарали йўл ва усулларини тавсия этиш.
Давлат ва бошқарув органлари, бизнес тузилмаларининг очиқлиги ва шаффофлиги
қанчалик муҳимлиги ҳақида материаллар тайёрлаб бориш. Санаб ўтилган вазифалар коррупцияни
олдини олиш ва уни камайтиришнинг омиллари саналади.
Хориж тажрибаси коррупцияга қарши самарали курашда ОАВ муҳим ўрин тутишини
ва бунинг учун улар давлат бошқарув органлари ва ҳокимият тизимидан мустақил
бўлиши кераклигини кўрсатмоқда. Шу билан бирга ОАВда коррупцион ҳолат ҳақида
пайдо бўлган ахборотга ҳуқуқ-тартибот органларининг ўз вақтида муносабат
билдиришини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқали мустаҳкамланиб қўйиш журналист
иши самарадолигини ошишига олиб келади.
Ахборот олиш ва уни тарқатишдаги очиқлик ва шаффофлик коррупцияга қарши
курашда муҳим омил ҳисобланади. Тўғри, жаҳон тажрибаси коррупцияни таг-томири
билан тугатиш деярли мумкин эмаслигини кўрсатмоқда. Аммо унга қарши кураш
коррупцион ҳолатларни жамият, давлат ва иқтисодиёт ривожланишига тўсиқ бўла
олмайдиган даражада камайишига олиб келади. ОАВ жамоатчиликнинг коррупцияга бўлган қарашлари ва муносабатини
салбий томонга ўзгартириш йўлида катта ишларни амалга оширишга қодир ана шундай
кучдир.
ОАВнинг коррупцияга қарши самарали фаолият юргизиши учун қатор ҳуқуқий масалаларни ҳал этиш талаб
этилади. Мана, улардан айримлари: ОАВ ҳамда давлат ва бошқарув органларининг коррупцияга
қарши ҳамкорликдаги ҳаракати қандай воситалар билан олиб борилишини қонун йўли
билан белгилаб қўйиш; ОАВнинг коррупция ҳолатларини аниқлаш, бу йўналишда
журналист текширувини олиб бориш, бу жараёнда ҳуқуқ-тартибот органлари билан
ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ахборот олиш ваколатларига аниқлик киритиш; ОАВнинг мустақил
равишда журналист текширувини олиб бориш имкониятлари нормаларини аниқлаш; ОАВ
ходимларининг коррупция билан боғлиқ масалалар бўйича касб маҳоратини ошириб
бориш тизимини жорий этиш; ОАВ ходимларининг хавфсизлик даражасини кучайтириш;
ОАВнинг коррупцияга қарши курашиш давомида риоя этилиши лозим бўлган ахлоқ
тамойилларини ишлаб чиқиш; ОАВнинг ўзида коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик.
Ушбу йўналишда амалга ошириладиган ишлар фуқаролик жамиятини
мустаҳкамлаш ва унинг аъзолари ўртасида ҳуқуқий онг, ахлоқий нормалар ва коррупцияга
қарши кайфиятни шакллантиришга асос бўлади. Аммо жамиятимизда ҳозиргача
коррупциянинг барча ҳолатларига аниқ баҳо берилмайди.
Биз бағрикенг халқмиз. Кимдир қимматроқ буюм, ҳовли-жой, машина харид
қилса, “буюрсин”, “бизга ҳам насиб қилсин” деймиз. Ёки ҳашаматли тўй берса, “қандини
урсин” деб, унга ўхшаб элга ош беришни орзу қилиб қоламиз. Тўғри, бировга ҳасад
эмас, ҳавас билан яшаш керак. Аммо...
Ўша қимматбаҳо харидни ё дабдабали тўйни амалдор қилаётган бўлса, унинг
ойлик маоши тахминан қанчалигини билган ҳолда, “у қаердан бунча харажат
қилмоқда, даромади билан буромади ўртасидаги тафовутни ким, қандай қопламоқда”
деган саволни беришга ҳақли эмасмизми? Амалдорнинг ким ҳисобидан ва қандай йўл
билан бойлик орттиришига жамият ва ОАВнинг бефарқ бўлмаслиги коррупцияга қарши
кураш воситаларидан бири сифатида талқин этилиши лозим.
Барча бефарқ бўлган ва коррупция ҳолати қаторида кўрилиши лозим бўлган
яна бошқа ҳаётий мисоллар келтириш мумкин. Амалдор учун иш хонаси ўз вазифасини
талаб даражасида бажариши учун керак ва уни зарурий техника ва бошқа воситалар
билан жиҳозлаш талаб этилади. Аммо янги тайинланган амалдор шинамгина офисни
қайтадан таъмирдан чиқариши, бор жиҳозларни янгиси билан алмаштириши, гилам ва
хонани фақат безаш учун керак бўлган бошқа лаш-лушларни харид қилдириши, янада
қимматроқ хизмат машинасини сотиб олиши, ана шу машина унинг оила аъзоларининг
юмушини бажаришга жалб этилиши солиқ тўловчиларнинг, яъни халқнинг каттагина
маблағини беҳуда исроф қилинишига сабаб бўлади. Ҳаммамизга тегишли бўлган
бойликни бу тарзда совуриш коррупцион ҳолатдан бошқа нарса эмас.
Бизда шу кунларда коррупция билан боғлиқ ҳолат қандай? Ушбу муаммони
ёритиш, унинг олдини олиш борасида бизнинг оммавий ахборот воситалари нима
қилмоқда? Аслида коррупцияга қарши курашда бизнинг ОАВда қандай имкониятлар
мавжуд? Ушбу саволларга алоҳида мақолада жавоб ахтаришга ҳаракат қиламиз.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ
Комментариев нет:
Отправить комментарий