пятница, 14 декабря 2018 г.

Самарқандда коррупцияга қарши курашишда журналистларнинг роли муҳокама этилди


Самарқандда “Коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг роли” мавзусида тренинг бўлиб ўтди. Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази (ЎЖҚТМ) томонидан Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган тадбирда журналистлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. 


ЎЖҚТМ тренерлари, тажрибали журналистлар Нозима Тошпўлатова ва Қобилжон Хидиров анча мураккаб мавзу – йўқотишнинг универсал йўли ёки ягона рецепти бўлмаган коррупцияга қарши курашнинг ўзига хослиги ва қийинчиликлари ҳақида батафсил сўз юритишди. Улар коррупция чегара танламаслигини ва у жамият ҳаётининг барча жабҳаларида илдиз отиб, умуминсоний қадриятларни, эркинлик ва демократия негизларини емираётганлигини, бу иллат туфайли фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига ишончи сусайишини уқтириб, қатор мисолларги мурожаат қилишди. Шу сабабли ҳам унга қарши курашдан ҳеч ким четда туриши мумкин эмаслигини, айниқса журналистлар бу курашнинг олдинги сафида бўлиши муҳимлигини таъкидлашди.

Тренинг давомида “Коррупция – тараққиёт кушандаси”, “Коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назорати ва ижтимоий шерикликнинг аҳамияти”, “Коррупцияга қарши курашда журналист суриштирувининг ўрни”, “Коррупция ва бошқа мавзуларда журналистик суриштируви материалини тайёрлаганда журналист хавфсизлигини таъминлаш” каби мавзулар атрофида сўз юритилди.

Нега бизда коррупция қарши кураш бағишланган кучли журналист материали деярли йўқ? Нега бу йўналишда тегишли қонунларимиз мавжудлигига қарамасдан, жамоатчилик бу курашдан четда турибди? Нега ОАВ жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича амалий ишлардан узоқда? Коррупция ҳолатларини очиб беришга қаратилган журналист суриштирувини амалга ошириш учун нималар тўсиқ бўлмоқда?  Тренерлар ушбу саволларга тайёр жавобларни келтирмасдан, тўпланган журналистларни фикр юритишга ундаб, биргаликда жавоб ахтаришга ҳаракат қилишди.
 
Иштирокчиларни уч гуруҳга бўлиб, уларга қуйидаги вазифа берилди: коррупциянинг турли кўринишларига дуч келганда, қандай йўл тутган бўларди ва улар ҳақида материал тайёрлашнинг йўл ва воситалари устида қандай иш олиб борарди? Бу вазифани бажаришга 10 дақиқа вақт берилди. Ҳар бир гуруҳ вазифани бажаргандан сўнг унинг натижаси ҳақида иштирокчиларга сўзлаб берди. Гуруҳ вакилларини диққат билан тинглаган Н.Тошпўлатова, ҳар бир гуруҳ топшириқни тўғри бажарганлигини, коррупция ҳолатини очиб беришнинг аниқ йўл ва воситаларидан фойдаланганлигини таъкидлади. У журналистларга мурожаат қилиб, “кўриниб турибдики, коррупцияга қарши курашда журналист суриштирувини ўтказиб, бу ҳақда сифатли материал тайёрлаш қўлингиздан келаркан”,  – деди.  
 
Қ.Хидировнинг уқтиришича, “Коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг роли” мавзусида тренинг республикамизнинг 8та ҳудудида ўтказилган. Суҳбатдошимнинг фикрича, бундан кўзланган мақсад журналистлар ва фуқаролик жамияти институти вакилларининг коррупцияга қарша курашиш борасидаги хабардорлигини ошириш, ижтимоий шериклик доирасида ҳамкорликдаги иш режаларини муҳокама қилиш, мавзуни ОАВда мунтазам ва сифатли ёритиш учун журналистлар билим ва кўникмаларини юксалтиришдан иборат.  

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий