пятница, 29 марта 2019 г.

Самарқанд шаҳар ҳокими ўзи ўқиган мактабга китоб совға қилди


Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов ўзи таҳсил олган 13-мактабга китоб совға қилди. Бадиий адабиёт ҳамда тарих, маданият, маънавиятга оид  70дан ортиқ китоб тантанали равишда мактаб кутубхонасига топширилди.

Шаҳар ҳокими ўқувчи ва ўқитувчиларга қарата ушбу мактабни 1980 йилда олтин медаль билан битирганлигини таъкидлаб, унга таълим берган устозларини эслади, ёшларни аъло баҳолар билан ўқишга чақирди. Фурқат Раҳимов китоб мутолаа қилишнинг аҳамияти устита тўхталиб, илм олиш ҳар бир йигит-қизнинг асосий вазифаси бўлиши лозимлигини уқтирди.
 
Учрашувда 90 ёшни қаршилаётган, ана шу мактабнинг биринчи битирувчиси Жалол Ҳожи Раҳимов ҳам қатнашди ва ўқувчиларга ўзининг “Умр кенгликларида” номли китобини совға қилди. Отахон касби геолог бўлишига қарамасдан, назм ва  насрда ижод қилаётганлигини, 10та китоби нашрдан чиққанлигини ва бу ўз вақтида тинмай изланганлиги, яхши ва кўп ўқиганлиги натижаси эканлигини таъкидлаб ўтди.
 
Тадбирда ўқувчилар нафақат шоирларнинг шеърларини, балки ўзлари ижодларидан ҳам намуналар ўқиб беришди. Бу эса мактабда бадиий ижод йўлига кирган ёшлар мавжудлигини яққол намойиш этди.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий