Самарқандда Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик
доирасида қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Жумладан, Чашма маҳалласида “Маҳалла куни”
нишонланди.
“Маҳалла куни” янги форматдаги, ўзига хос шакл ва мазмун касб этиб
бораётган байрамона тадбирга айланмоқда. Бундай тадбир шаҳар ҳокимининг қарори
билан мавжуд 209та маҳалланинг ҳар бирида ўтказилади. Агар бир йилда эллик икки
ҳафта борлигини инобатга олсак, ҳафтасида ўртача тўрттадан маҳаллада байрамона
кайфият ҳукм сурадиган бўлади, одамларнинг бир-бирига меҳр улашиши учун
имконият яратилади.
Наврўз арафасида ана шундай тадбир Чашма маҳалласида бўлиб ўтди.
Маҳалла маркази чиройли қилиб безатилди. Бунга фаоллар, маҳалла ҳудудида
жойлашган 22-мактаб жамоаси меҳнати туфайли эришилди. Наврўз дастурхони
безатилди, узоқ-яқиндан келган меҳмонлар маҳалланинг истеъдодли ёшлари
томонидан ижро этилган қўшиқларни тинглаб,
ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишларини томоша қилишди.
Тадбирда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари
фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича шаҳар кенгаши раиси Аҳмаджон Маматов
Чашма маҳалласи Самарқанддаги намунали маҳаллалардан бири эканлигини, бу ерда
1830 нафар фуқаро ҳамжиҳатликда яшаётганлигини таъкидлашди ва тадбирни юқори савияда
ташкил этганликлари учун йиғилганларга миннатдорлик билдиришди.
«Маҳалла куни» тантаналари муносабати билан “Энг яхши кўча”, “Энг яхши спортчи”, “Энг
яхши спорт мураббийси”, “Энг фаол китобхон”, “Энг яхши патронаж ҳамшираси” каби
20га яқин номинацияда ўтказилган танловларнинг якуни эълон қилинди ва ғолибларга
ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқлари топширилди.
Тўпланганлар мусиқа садолари остида рақсга тушдилар, байрам тантаналари
кечгача давом этди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий