Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни
юксалтириш фақатгина ўтказиладиган тадбирлар, турли йиғилишу
анжуманларга боғлиқ эмаслиги эндиликда кўпчиликка аён бўлиб қолди. Агар
тадбирлар бўйича тайёрланган ҳисоботларга қараладиган бўлса, айни пайтда ушбу
йўналишда анча олдинда бўлишимиз керак эди. Хўш, энди нима қилмоқ керак?
Ушбу саволга жавобни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда
ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш
тўғрисида”ги 2019 йил 9 январдаги Фармонидан топиш мумкин. Фармон билан тасдиқланган “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси”да белгиланган вазифаларни қоғозда қолиб кетмаслиги
учун нималар қилиш лозим?
Бу ҳақда Самарқанд вилоят матбуот марказида вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи
ўринбосари Ҳусан Хўжамқулов иштирокида ўтказилган матбуот-анжуманида батафсил сўз юритилди. Унда бошқарманинг бўлим
бошлиқлари қатнашдилар.
Матбуот анжуманини очар экан Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси
вилоят бўлими раиси Фармон Тошев пресс-релизда барча керакли маълумотлар
борлиги учун тадбирда маъруза ўқишдан воз кечиб, мавжуд муаммо ва унинг ҳал
этиш йўллари ҳақида сўз юритишни таклиф этди.
Дастлаб Ҳ.Хўжамқулов вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги
идоралар томонидан Президент фармонида белгиланган вазифалар ижросини ташкил этиш
буйича қандай ишлар амалга оширилганлиги ҳақида гапириб ўтди. Жумладан, 17та идоралар ва
ташкилотлар иштирокида Ишчи гуруҳ таркиби
шакллантирилиб, умумий вазифаларни ўз ичига олган 16 банддан иборат “Йўл
харитаси” тасдиқланган. Ҳар ойнинг 25-санасига вилоятдаги барча давлат
ташкилотлари ва идоралари Фармон билан тасдиқланган концепция ҳамда ушбу концепциянинг 2019 йилда самарали амалга
ошириш бўйича «Йўл харитаси» ижроси
юзасидан вилоят адлия бошқармасига хисобот бериб боришлари белгиланган. Телеграмм
мессенжерида “Ҳуқуқий онг – тарғибот” гуруҳи очилиб, унда барча тарғибот материаллари жойлаштирилиб
борилмоқда. Шунингдек, бошқа тадбирлар, учрашувлар, суҳбатлар
ўтказилмоқда.
Шу ҳақда гапирар экан, Ҳ.Хўжамқулов
авваллари ҳам жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган ҳукумат
ҳужжатлари асосида кўплаб тадбирлар ўтказилганлиги, аммо бу кутилганидек натижа
бермаганлигини таъкидлаб, шундай деди: “Одамларни
катта залга тўплаб, йиғилиш ўтказиш самара бермайди. Энди бажарадиган ишларимиз
манзилли бўлиши лозим. Масалан, бир туманда шаръий никоҳ кўпроқ учраши,
бошқасида ишсизлар сони кўп бўлиши мумкин. Яна бир туманда бошқа бир муаммо
устунлик қилади, дейлик. Вазиятга қараб ҳар бир ҳолатда ўзига хос ёндашув талаб
этилади”.
Ҳуқуқий маданият бу ҳуқуққа бўлган оддийгина
муносабатни эмас, балки ҳуқуқий нормаларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни
билдиради. Қонунга, унинг нормаларига ҳурмат эса уларнинг тўлақонли ишлаши,
улар олдида ҳамма тенг бўлишини тақозо этади.
Амалдорлар томонидан мунтазам қонун
бузилишига гувоҳ бўлган кишида қандай қилиб ҳуқуқий нормаларга ҳурмат ҳисси
уйғонади? Ёки тақиқловчи йўл белгиси ўз ўрнида қўйилмаган бўлса-ю, ҳайдовчилар
унинг талабини бажара олмаганлиги боис доимо йўл ҳаракати қоидасини бузган
тақдирда, ҳуқуқий маданият шаклланиши ҳақида гапириш мумкинми?
Матбуот анжумани давомида қабул қилинган янги
фармон ҳаётга тадбиқ этилиши учун амалга оширилиши зарур бўлган амалий ишлар
устида ҳаётий мисоллар асосида сўз юритилди. Агар “Жамиятда ҳуқуқий
маданиятни юксалтириш концепцияси”да
белгиланган вазифалар қоғозда қолиб
кетмасдан бажарилса, жамиятда барча соҳаларда катта ўзгаришлар юз берарди.
Бу
хусусда ҳужжатнинг охирида битилган сўзларга эътибор қаратайлик.
“Концепцияни амалга ошириш натижасида қуйидагилар
кутилмоқда: фуқаро, давлат ва
жамиятнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий
фаоллигини юксалтириш; бола ва
ёшлар онгига илк ҳуқуқий тушунчаларни ва одоб-ахлоқ қоидаларини тизимли
сингдириб бориш; ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларини яратиш ва жорий
этиш, ҳуқуқий билимларни тарғиб қилишда оммавий ахборот воситаларининг ролини
кучайтириш; мансабдор шахслар ва
фуқароларда қонунга ва ҳуқуққа бўлган ҳурмат ҳиссини кучайтириш,
ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг самарадорлигини таъминлаш”.
Матбуот анжумани иштирокчилари томонидан аҳолининг
ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш
учун нималар қилиш кераклиги хусусида ҳам фикрлар билдирилди. Жумладан, ОАВнинг
жамоатчилик назоратини таъминлаш борасидаги ролини кучайтириш борасида бажарилиши
лозим бўлган вазифалар муҳокама этилди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий