четверг, 14 марта 2019 г.

Самарқандда «Маҳалла куни» доирасида байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда


Самарқандда шаҳар ҳокимининг қарор билан мавжуд 209та маҳалланинг ҳар бирида тасдиқланган рўйхат асосида «Маҳалла куни»ни ўтказиш режалаштирилган. Шу бугунгача 20та маҳаллада ана шундай оммавий байрам тадбири бўлиб ўтди.


Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича шаҳар кенгаши раиси Аҳмаджон Маматовнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш ҳамда маҳаллалар нуфузини янада ошириш мақсадида «Маҳалла куни» кенг, оммавий тарзда нишонланмоқда. Унинг доирасида ўтказилаётган ранг-баранг тадбирлар маҳаллаларда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари, турли динларга мансуб бўлган фуқаролар ўртасида аҳиллик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
 
Куни кеча  Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган «Маҳалла куни» сайли Қуйи Хўжа Саҳат маҳалла фуқаролар йиғини марказида бўлиб ўтди. Уни ўтказишда бир-бирига яқин жойлашган учта – Юқори Хўжа Саҳат, Ўрта Хўжа Саҳат ва Қуйи Хўжа Саҳат маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари биргаликда жонбозлик кўрсатишди.

Эрта тонгда карнай ва сурнайлар садолари билан бошланган тадбирда шаҳарнинг бошқа маҳаллаларидан меҳмонлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
 
Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов «Маҳалла куни»ни ўтказилиши замирида катта маъно ётганлигини, ана шундай байрамона тадбирлар аҳолининг кайфиятини кўтаришга қаратилганлигини, фуқаролиримизни тинчлик ва тотувликнинг қадрига етишга ундашини таъкидлади. “Бугунги тадбир азиз хотин-қизларимизнинг байрами 8-Март ва Наврўз айёми арафасида ўтаётганлиги унга янада бошқача жозиба бахш этмоқда. Шу кунларди биз Юртбошимиз кўрсатмаларини бажариб, кам таъминланган оилаларни ва ногиронлиги бўлган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўлида қатор ишларни амалга оширдик. Уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди”, – деди шаҳар ҳокими.

Байрам ҳақиқий халқ сайлига айланиб кетди. Ҳар учала маҳалла хотин-қизлари томонидан «Наврўз дастурхони» кўргазмаси ташкил этилди ва у жюри аъзолари томонидан «Энг яхши шарқона дастурхон» номинациясида баҳоланди. Шунингдек, 71- ва 72-мактаблар ўқувчиларининг тасвирий санъат ва нозик қўл меҳнати асарлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Қуйи Хўжа Саҳат маҳалла марказида барпо этилган спорт залида миллий кураш, теннис секторида стол тенниси, шахмат ва шашка бўйича маҳаллалараро мусобақалар ўтказилди. Уларда учала маҳалла ёш спортчилари ўз маҳоратларини намойиш этдилар.
 
Маҳаллалар ҳудудида жойлашган мактабларнинг ўқувчилари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўзларининг  саҳна чиқишлари, ёш скрипкачи, доирачи ва рубобчилар куй-қўшиқлари билан йиғилганларни хушнуд этишди.  

«Маҳалла куни» сайли доирасида ўттизга яқин номинацияда танловлар ўтказилди. “Энг яхши кўча”, “Энг яхши қайнона”, “Энг яхши келин”, спортнинг бир қатор турлари бўйича “Энг яхши спортчи” кабилар шулар жумласидандир. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

«Маҳалла куни» шаҳар бўйича йил давомида навбати билан барча маҳалла фуқаролик йиғинларида ўтказилади.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

Комментариев нет:

Отправить комментарий