Самарқанд давлат университети тарих факультетида “Талаба ёшларнинг
онгига қаратилган ахборот хуружларининг олдини олиш, уларда интернет ва бошқа
ахборот ресурсларидан ўринли фойдаланиш маданиятини шакллантириш” мавзусида
йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишдан бир неча кун олдин факультет декани Дилфуза Жўрақулова менга
қўнғироқ қилиб, юқоридаги мавзуда тадбир ўтказиш ниятида эканлигини билдирган
эди. Унинг уқтиришича, бундан кўзланган мақсад талабаларнинг билиб-билмасдан
турли сайтларга киришининг, ижтимоий тармоқлардаги ўзаро мулоқотлар ёки
баҳс-мунозаралар давомида бошқаларнинг шаъни, қадр-қимматини камситадиган фикрлар
айтилишининг олдини олишдан иборат.
Тадбирни кириш сўзи билан Д.Жўрақулова очиб, йиғилганларни унинг
мазмун-моҳияти билан таништирди. Факультет мураббийлар кенгаши раиси Рўзиқул
Абриев нима мақсадда маънавият соати ҳисобидан бундай тадбир
ўтказилаётганлигини изоҳлаб берди. Ҳар бир ёш, айниқса, талаба ўзини интернет
тармоғисиз тасаввур қила олмайдиган бир шароитда ундан фойдаланишда айрим талабларга
риоя этиш лозимлигини, акс ҳолда бу аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини
эслатди. Ана шу мавзуда сўзлаб бериш учун интернет-журналистика соҳасида кўп
йиллар давомида меҳнат қилаётган мутахассис таклиф этилганлигини айтиб, каминага
сўз берди.
Мавзу айни кунларда долзарблик касб этиб турганлиги боис, у ҳақда
алоҳида мақола тайёрлаш ниятим бор. Шу сабабли ҳозир муаммонинг икки жиҳатини қисқача
тилга олиб ўтиш билан чекланаман.
Биринчидан, ёшлар экстремизм ва терроризмни тарғиб қилувчи турли сайтларга
кириб, у ердаги хабар ва мақолаларга фикр билдиришдан ўзларини тийиши лозим.
Умуман, ана шундай сайт ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалардан узоқроқ юриш
керак. Чунки бундай ҳаракатнинг жавобгарлиги бор.
Иккинчидан, телеграм мессенжери ёки ижтимоий тармоқларда фикр
билдирганда ва биров билан баҳсга киришганда, муомала маданиятига риоя қилиниши
шарт. Ўзбекистон қонунчилигида ўзга шахсни ҳақорат қилиш, яъни унинг шаъни ва
қадр-қимматини қасддан камситиш учун жавобгарлик кўзда тутилган. Бировга туҳмат
қилган ҳам жавобгарликка тортилади. Босма нашрлар, оммавий ахборот воситалари
орқали ҳақорат учун жазо янада қаттиқроқ эканлигини назарда тутиш лозим.
Масалан, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 40-моддасида туҳмат
қилганлик учун энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 60 бараваригача жарима кўзда
тутилган. Туҳмат – бу била туриб, бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар
тарқатиш. Агар шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир
этилса, Жиноят кодексининг 199-моддаси билан энг кам иш ҳақининг 200 бараваридан
400 бараваригача жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд
олти ойгача қамоқ жазоси белгиланган.
Кўриниб турганидек, интернет ва бошқа ахборот ресурсларидан ўринли
фойдаланиш маданиятини шакллантириш шу куннинг муҳим ва долзарб масаласи бўлиб
турибди.
Тадбир савол-жавоблар билан якунланди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий