Ҳаётимиздаги дабдабабозлик, оилавий тадбирларни ким ўзарга ўтказиш каби
иллатлар, афсуски, кейинги йилларда ҳар биримизнинг охирги маконимиз бўлган
қабристонларга ҳам кўчди. Шу ерда ҳам динимиз ва анъаналаримизга ёт бўлган
хурмача қилиқларга гувоҳ бўлмоқдамиз.
Самарқанд шаҳар Ёшлар марказида бўлиб ўтган йиғилишда Наврўз умумхалқ
байрами арафасида бажараладиган ободончилик ишлари давомида қабристонларга
алоҳида эътибор қаратиш масаласи устида сўз юритилди. Шунингдек, май ойида
ўтказиладиган маҳалла фуқаролари раислари сайловини уюшқоқлик билан ўтказиш
вазифаси ҳам муҳокама марказида бўлди. Тадбирда маҳалла оқсоқоллари, шаҳар масжидларининг
имом-хатиблари, қабристонларга масъул бўлган мутасаддилар, жамот ташкилотлари
раҳбарлари қатнашдилар.
Йиғилишни шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов очиб, кун тартибига киритилган масалалар
ҳақида, уларнинг қанчалик долзарблиги хусусида ўз фикрларини билдириб, жумладан,
шундай деди: “Инсон фақат бугунги кун билан яшамасдан, охиратни ҳам ўйлаши
ҳақида ота-боболаримиз доимо гапириб келишган. Охиратни ўйлаган одам эса
оқибатли бўлиши, бу дунёда қандай из қолдириш учун интилиши лозим”.
Ана шундай эзгу амаллар қаторига қабристонни зиёрат қилиш, унинг тоза
ва ободлиги ҳақида қайғуриш ҳам киради. Биз болалигимиздан бозор билан мозорни
обод тутиш лозимлиги ҳақидаги ўгитни эшитиб келамиз. Аммо доим ҳам бунга амал
қилмаймиз. Шу ҳақда сўз юритиб, шаҳар ҳокими мавжуд 40та қабристондаги аҳволни
яхши деб бўлмаслигини, ҳамма бир ёқадан бош чиқарган ҳолда, ўтганлар руҳини шод
этиб, баҳорнинг илк кунлариданоқ ободонлаштириш ишларини бошлаб юбориш зарурлигини
таъкидлади.
Вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов муқаддас Ислом дини таълимоти
бўйича қабрлар ва қабртошлари масаласига тўхталиб ўтди ва Пайғамбаримиз
Муҳаммад с.а.в.нинг қабрларни зиёрат қилиш ҳақидаги қуйидаги ҳадисларини
келтирди: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Кейин менга
маълум бўлди (яъни, Аллоҳ томонидан буюрилди). Энди қабрларни зиёрат
қилаверинглар. Чунки у қалбни юмшатади, кўзни ёшлатади ва охиратни эслатади”.
З.Эшонқулов шу кунларда мутасадди ташкилотлар томонидан қабрларга
дабдабали тошлар ўрнатмасдан, унинг устини сомон аралаштирилган лой билан суваб
қўйиш тартибини жорий қилиш масаласи кўриб чиқилаётганлигини таъкидлади.
Дарҳақиқат, қабристонлардаги кимўзарга қилинаётган ишларга барҳам
берилиши ҳам савоб, ҳам хайрли бир амал бўларди. Қабрларнинг бир-биридан фарқ
қилмаган бир хил баландликда бўлиши, охиратда шоҳ ҳам, гадо ҳам бирдек
эканлигини билдирарди. Аслида бу дунёдаги мавжуд иллатга – одамларни табақага
ажратиш одатига ўлгандан кейин барҳам берилиши лозим эмасми?!
Масала муҳокамаси сўнгида Ф.Раҳимов шаҳар ҳокими ўринбосари Толиб
Набиев бошчилигида имом-хатиблар, маҳалла оқсоқоллари ва маҳалла фаолларидан
иборат комиссия тузиб, барча қабристонлардаги аҳволни ҳар томонлама ўрганиш ва
мавжуд камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш зарурлигини уқтирди.
Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан сўзга чиққан шаҳар адлия бўлими
бошлиғи Пўлат Ахмедов, фуқароларнинг
ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши
масъул ходими Абдурауф Қўзибоев, шаҳар ҳокимлиги маслаҳатчиси Арслон Рустамов
маҳалла фуқаролари раислари сайловини ўтказиш тартиби ва қоидалари ҳақида батафсил
гапириб ўтдилар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий