среда, 27 марта 2019 г.

Ландшафт дизайни: хориж тажрибаси яхши. Ўзимизнинг асрий анъаналар-чи?



Ўзбекистонимизда олиб борилиётган кенг кўламдаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари  муносабати билан шаҳарсозлик ва маъморчилик муаммолари билан бир қаторда ландшафт архитектураси, ландшафт дизайни ва флористика каби йўналишларни ўрганиш, бу соҳадаги анъана ва тажрибалардан самарали фойдаланиш долзарблик касб этмоқда.


Нафақат шаҳарлар, балки туманлар маркази, қишлоқларимизни обод ва кўркам бўлиши, гулларга бурканиши йўлида кўзга кўринарли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мавжуд маданият ва истироҳат боғлари, сайилгоҳлар, хиёбонларга манзарали дарахт ва ҳар хил гуллар экилмоқда. Шу билан бир қаторда, Самарқандда янги гулзорлар ташкил этилмоқда, бинолар олди ва пиёдалар йўлакларини кўкаламзорлаштириш мақсадида контейнерлар ёрдамида гулзорларнинг ранг-баранг композициялари яратилмоқда.

Шаҳримиз чиройига чирой қўшишга, унинг янада кўркам бўлиши, янада кўпроқ туристларни жалб қилишга қаратилган бундай кенг қамровли ишлар маълум бир тизимга, илмий хулоса ёки тавсияларга, тажрибаю анъаналарга асосланган ҳолда амалга оширилаётган бўлса керак? Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Бобур Алиевни суҳбатга тортдим.
 
Суҳбатдошим ландшафт дизайни бўйича амалга оширилаётган ишлар айримлар ўйлаётгандек, шаҳарга келиб кетаётган юқори мартабали меҳмонлар ёки туристлар учун эмас, ўз аҳолимизнинг кўзини қувонтириш, халқимиз ҳордиқ чиқариши, гўзалликдан завқланишига кенг имкониятлар яратиш мақсадида қилинаётганлигини таъкидлади. Айни пайтда шаҳарда 680та гулхона яратилган ҳамда гуллар билан безатилган 600та металл конструкция ва контейнер ўрнатилган.   

“Анчагина меҳнат ва маблағ эвазига экиладиган, лекин умри қисқа бўлган гуллар ўрнига эндиликда кўп йиллик анвойи гуллар ва доимий равишда ям-яшил турувчи буталар экамиз. Булар хризантема, розмарин, лаванда, магнолий, турли хил пальма ва бошқалардир. Бунда биз Туркия тажрибасидан фойдаланишга ҳаракат қиламиз”, – дейди Б.Алиев.
 
Маълум бўлишича, суҳбатдошим яқинда Истанбулда бўлиб, 8 кун давомида ушбу шаҳарда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишибди. Мамлакат пойтахти ва унга қарашли туманларнинг маъмурияти ҳамда ободонлаштириш идораларида ишни қандай йўлга қўйилганлигини ўрганган. Ушбу идораларга тегишли бўлган иссиқхоналарда гул кўчатлари етиштириш технологияси билан танишган.

Танишув сафари давомида яна бир янгиликка дуч келганлигини уқтириб, Б.Алиев шундай деди: “Биз ўз йўналишимиз бўйича барча ишларни ўзимиз бажариб келаётган эдик. Энди хориж тажрибасини инобатга олиб, ободонлаштириш ишларини аутсорсинг шартлари асосида тадбиркорлик субъектларига бериш масаласини ўйлаб кўришимиз керак. Кўпгина соҳаларда қўлланилаётган аутсорсинг ишчи кучи ва давлат маблағларани тежашга, ишни сифатли бажаришга хизмат қилади”.

Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг бир қатор саволлар пайдо бўлди. Албатта, хорижнинг илғор тажрибасини ўрганиш жуда яхши. Лекин ўзимизнинг кўп асрлик меросимиз-чи? Анъаналаримиз-чи? Кўпгина соҳаларда бўлганлиги каби бизда ландшафт архитектураси, ландшафт дизайни бўйича бой тажриба тўпланган. Ундан қандай фойдаланилмоқда? Ёки бу ҳақда фақат тор доирадаги мутахассислар билишади-ю, амалиётчилар ундан бехабарми?

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти профессори Камол Раҳимов юқоридаги саволларимин тинглагач, ландшафт архитектураси изланиш олиб бораётган илмий йўналишлардан бири эканлигини, у бўйича 10 томдан иборат китобининг олтинчи томи яқинда нашрдан чиққанлигини уқтирди.

“Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази қурилиш жараёни билан танишиши давомида шундай деган эди:  “Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг мамлакатимиздагидек бой тарих, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак”. Биз улуғлашимиз лозим бўлган ота-боболаримиз мероси қаторига ландшафт архитектураси, ландшафт дизайни каби амалий аҳамияти беқиёс бўлган соҳалар ҳам киради”,  – дейди профессор К.Раҳимов
 
Олимнинг уқтиришича, иссиқ ва қуруқ об-ҳаво давомли бўлган юртимизда хушҳаво хиёбонлар, боғ-роғлар барпо этиш тажрибаси бир неча минг йиллик тарихга эга. Бундан 23 аср аввал Александр Македонский билан юртимизга келган тарихчилар дарахт кўплигидан узоқдан қараганда Самарқанднинг иморатлари кўзга ташланмаслигини ҳайрат билан қайд қилишган экан.

“Мамлакатимиз ҳудудида боғ-парк санъати ўз чўққисига чиққан вақт Амир Темур ва  темурийлар  даврига тўғри келади.  “Чорбоғ”, “Чорчинор” ва “Чорчаман” услуб­ларидан фойдаланган ҳолда Самарқанд ва унинг атрофида боғ-сарой мажмуалари барпо этилади. Улар симметрик-центрик композициядан ташкил топган ҳамда учта асосий элемент: сарой, ҳовуз ва тўрт бурчакли гулзордан иборат бўлган ва ягона бош ўққа асосланган. Уларга жой танлашдан бошлаб қурилиш ишларини якунланишигача меъмор ва боғбонлар биргаликда, бамаслаҳат ишлаганлар”, – дейди ўз фикрини давом эттириб К.Раҳимов.

Экиладиган дарахт, гул ва буталар хусусияти аввалдан ўрганилган. Уларнинг нафақат чиройли бўлишига, балки бир-бири билан қанчалик уйғунликда ўсишига, бири иккинчисининг соясида қолиб кетмаслигига эътибор қаратилган. Боғ-сарой девор билан ўраб олинган ва ички томонидан девор бўйлаб баланд бўй бериб ўсадиган дарахтлар экилган. Улар жазирама пайтида атроф-муҳитни қуёш нуридан ва кучли шамоллар кўтарадиган чангдан сақлашга хизмат қилган. Боғ-саройларда ариқ, фаввора ва шаршараларга кенг ўрин берилган.

Амир Темур боғлари ҳақида испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг кундалигида қимматли маълумотлар мавжуд. У шаҳар атрофида боғ ва узумзорлар кўплигини, у ерга етиб келган киши гўёки баланд дарахтлар ўсиб ётган бир ўрмонга яқинлашгандай бўлишини таъкидлайди.

Профессор К.Раҳимов Клавихо Амир Темур билан Боғи Дилкушода учрашиб, Соҳибқирондан ўз юртидаги боғларни тиклаш учун уста меъмор ва боғбонлар юборишини илтимос қилганлигини уқтириб, шундай деди: “Архитектура тарихидан биздаги “чорбоғ” усули дастлаб Испаниянинг Гранадаги боғ мажмуида, ундан кейин Туркиянинг Тўпкапи сарой музейида қўлланилганлиги маълум. Кейинчалик ана шу усул Италияга кириб боради. Жумладан, ундан Флоренциядаги машҳур Медичи парк мажмуасини тиклашда фойдаланилган”.

Кўриниб турганидек, мамлакатимизда шаҳарсозлик ва маъморчилик билан бир қаторда ландшафт архитектураси, ландшафт дизайни йўналишида ҳам катта тажриба тўпланган. Шу ҳақда фикр юритар экан, профессор К.Раҳимов Ўзбекистон жаҳон глобаллашув жараёнидан четда тура олмаслигини, архитектура ва шаҳарсозлик йўналишлари бундан мустасно эмаслигини, лекин бу соҳада ўзимизнинг тарихий тажриба ва мавжуд имкониятлардан кенг фойдаланиш муҳимлигини алоҳида қайд этди.

Шуни инобатга олиш зарурки, аҳоли пунктларининг ташқи қиёфаси мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасининг кўрсаткичларидан биридир.

Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий