Нега “юнон-рум кураши” деймиз? Нега русчадан “греко-римская борьба”даги
иккинчи сўз, яъни “рим” “рум” деб таржима қилинади? Нима, Греция Юнонистон деб ўзбекчага
ўгирилганидек, Рим шаҳрини Рум деб атаймизми?
Бу ҳақда авваллари ўз чиқишларимда билдирган фикрларим эътиборсиз қолиб
кетган эди. Куни кеча Самарқанд вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси
раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида бу ҳақда сўз юритган эдим,
таклифим билан спорт фахрийси ва олим Ҳ.Рофиев қизиқиб қолди. Спорт атамалари
луғатини тайёрлашга бош бўлган Ҳамроқул ака таклифим асосли эканлигини, уни
инобатга олиш лозимлигини уқтирди.
Хўш, гап ўзи нима устида кетмоқда? Камина тарихчи сифатида “рим”нинг “рум”
деб таржима қилиниши нотўғри эканлигини исботлаб бердим. Мана, масаланинг
моҳияти қаерда. Гап шундаки, бир вақтлар дунёнинг катта қисмини эгаллаган Рим
империяси 395 йилда иккига – Ғарбий ва Шарқий Рим империяларига бўлинади. Ғарбий
Рим империясига ҳозирги Ғарбий Европа давлатларининг ҳудуди киради ва Рим шаҳри
унинг пойтахти бўлиб қолади. Шарқий Рим
империясига Кичик Осиё ёки ҳозирги Туркия ҳамда Болқон ярим ороли, Шимолий
Африканинг бир қисми киради. Пойтахти Константинополь, ҳозирги Истанбул шаҳри
эди.
Шарқий империянинг яна бир номи Византия бўлган. Аммо турк, форс ва
ҳинд манбаларида бу мамлакат Рум деб аталган, унинг пойтахти Константинополь эса
Қустантания дейилган. Унинг таркибидаги Кўня султонлиги бошқача Рум султонлиги
деб ҳам номланган. Византия ёки Рум усмоний турклар томонидан босиб олинади ва
у 1453 йилда бутунлай тугатилади.
Қуръони каримнинг 60та оятдан иборат 30-сураси “Рум” деб аталади ҳамда унда
Форс билан Рум, яъни Византия давлатларининг ўзаро кураши ва бу курашда Рум
ғалаба қозониши ҳақида сўз юритилади.
Кўриниб турганидек, Римни ўзбек тилига ўгираман деб хатога йўл қўймаслик
лозим. Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни
илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази Самарқанд
филиали профессори Ҳ.Рофиев спорт атамалари луғатининг бундан кейинги
нашрларида “греко-римская борьба” албатта “юнон-рим кураши” деб таржима
қилинишини таъкидлади. Олимнинг сўзларига қараганда, бундан олдин икки марта русча-ўзбекча
луғат нашр этилган бўлса, 2016 йилда спорт атамаларининг ўзбекча-русча-
инглизча ва инглизча-русча-ўзбекча луғати босмадан чиққан эди. 2018 йилнинг
декабрида русча-ўзбекча-испанча луғат нашр этилган ва айни пайтда унинг русча-ўзбекча-итальянчаси
тайёрланмоқда.
Спорт журналистикасида ихтисослашган ҳамкасбларимиз бундан кейин мазкур
спорт тури ҳақида гап кенганида, уни “юнон-рим кураши” шаклида ёзса, тўғри иш
қилган бўлишади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий