Самарқанддаги Ориф Гулханий уй-музейида шоир, ёзувчи, рассом ва санъаткорлар
иштирокида маънавий-маданий тадбир бўлиб ўтди.
Баҳор кириб келиши билан азалдан юртимизда сайиллар ўтказиб келинган.
Лола сайли шулар жумласидандир. Ориф Гулханий уй-музейи асосчиси, шоирнинг
набираси, маърифатли инсон Муқимжон Орифий кўп йиллардан буён ана шу анъанага
содиқ бўлиб қолмоқда.
1 апрель куни уй-музей табиатсеварлар ва ижодкорлар билан гавжум бўлди.
Бу ерга йиғилганлар Гул сайлига ва болалар шоири, она-табиат ва меҳр-муҳаббат
куйчиси Олқор Дамин хотирасига бағишланган тадбирга таклиф этилган эдилар.
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Тошпўлат Тугалов
тадбирнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритар экан, Ориф Гулханий уй-музейи
ёзувчи, шоир, умуман, барч ижодкорлар учун азиз ва қадрдон бўлиб қолганлигини
таъкидлади. “Ҳовлида кўзни қувонтирувчи анвойи гуллар, турли рангда товланиб
турган лолалар ижодкорга завқ-шавқ ва илҳом бағишлайди. Боғи Гулханийда ташкил
этилган тадбирларда марҳум Олқор Дамин фаол иштирок этиб келарди. У табиат ва
гул шайдоси эди”, – деди жумладан
Т.Тугалов.
Сўзга чиққан шоира Жумагул Сувонова, Оқор Даминнинг шогирдлари, яқин
қариндошлари унинг ижоди ҳақида сўз юритдилар, шеърларидан намуналар ўқиб
бердилар. Ориф Гулханийнинг тўрт нафар чевараси чиқишини тўпланганлар илиқ
қарши олдилар. Санъаткорлар ўз куй-қўшиқлари билан даврага ўзгача файз бахш
этдилар.
Лола сайлининг Ориф Гулханий уй-музейида ўтказилиши бежиз эмас. Шоирдан
мерос қолган катта боғ ҳозир ҳам Муқимжон Орифийнинг саъй-ҳаракатлари билан у
кишининг боболари даврида бўлганидек обод ва кўркам маскандир. У нафақат ўз
ҳовлисини, балки шаҳарни ҳам гулзорга айлантириш учун амалий ишлар қилмоқда. Масалан,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ва Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши
билан ҳамкорликда “Самарқандни гулларга буркайлик” акцияси ҳамда “Ҳар бир ўқувчининг
ўз гули бўлсин” ёш табиатсеварларнинг ҳаракати каби тадбирлар ташкил этишда
фаол қатнашмоқда. Ушбу акция ва ҳаракат доирасида вилоятдаги корхона, ташкилот,
муассаса ва алоҳида гулсеварларга ярим миллион донадан кўпроқ тувакларда
парвариш этиладиган гуллар туҳфа этди.
Шунингдек, Ориф Гулханий уй-музейи ташаббуси билан шаҳардаги мактаб ва
мактабгача таълим муассасаларида ҳамда бир қатор туманларнинг марказий
истироҳат боғларида гул байрамлари ўтказилди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий