Обидалар қанчалик қадимий, жозибали бўлмасин, агар уларнинг атрофидаги
бинолар бузиб ташланса, улар катта майдонда якка-ёлғиз ҳолда қолиб, тарихий
муҳитдан айрилади ва уларнинг хорижлик сайёҳ учун деярли ҳеч қандай аҳамияти ва
қизиғи қолмайди. Нафақат обидалар, балки қадимий шаҳарлардаги аҳоли яшаш
тарзини, анъаналарни сақлаб қолиш керак. Чунки улар номоддий маданий мерос ҳисобланади.
Булар Самарқанд архитектура ва қурилиш институти профессори Камол
Раҳимов фикрлари эди. Олим мунтазам равишда ўз чиқишларида архитектура ва
шаҳарсозликнинг кўп асрлик тарихга эга бўлган шаҳарлар учун долзарб бўлган
муаммоларини тилга олади ва уларни ечиш йўллари ҳақида мулоҳазалар билдиради.
Ушбу мавзу атрофида батафсил суҳбатлашиш илинжида институтга борган эдим,
тантанали вазият устидан чиқиб қолдим. Анчадан бери профессорлик лавозимида
ишлаётган Камол Раҳимов яқинда расман
ана шу унвон соҳиби бўлибди ва шу муносабат билан институт илмий кенгашида
тегишли дипломни топшириш маросими бўлаётган экан.
Дарҳақиқат, мажлислар хонасига кириб, институт ректори Султон Аҳмедов
К.Раҳимовга профессорлик аттестатини топшираётганлигининг гувоҳи бўлдим.
Тантанали маросимдан сўнг олимни суҳбатга тортдим.
Суҳбатдошим мамлакатимиздаги қадимий шаҳарларнинг ўзига хослигини, ҳусну
тароватини сақлаб қолиш нафақат туристлар учун, балки биринчи навбатда
ўзимизга, келажак авлодга зарурлигини таъкидлаб шундай деди: “Биз тараққиётдан,
шаҳарсозликда кечаётган замонавий ёндашувлардан четда туролмаймиз. Соҳадаги
янгиланишларни тўласинча янги ҳудудларда татбиқ қила оламиз. Аммо тарихий
шаҳарларимизга келганда, пухта ўйлаб, мавжуд муҳитга зарар етказмасдан иш
тутишимиз керак бўлади”.
Олим Самарқанд мисолида ўз фикрини кенгроқ изоҳлаб берди. Бу кўҳна
шаҳарда учта шаҳарсозлик маданияти кўзга ташланади. Булар – қадимий, ўрта аср
ва европача. Айнан шу сабабли Самарқанд маданиятлар чорраҳасидаги шаҳар
сифатида дунёга машҳур ва ЮНЕСКО рўйхатига ҳам шу номинация бўйича кирган. Шундай
экан, шаҳарни тўласинча сақлаб қолиш зарур. Фақат беш-ўнта обидага эътибор
қаратиб, қолган бинолар кераксиз, уларни бузиб ташлаб, ўрнида “замонавий”
иморатлар қуриш керак деган қарашлар ўта зарарли ҳисобланади.
К.Раҳимов тарихан шаклланган муҳитни мутахассислар тирик организмга
ўхшатишларини уқтириб, йирик тарихий обидалар қатори маҳаллаларни, улардаги
турар жойларни сақлаб қолиш қанчалик муҳимлигини қайд этди. “Атрофида бир
қаватли анъанавий бинолар бўлмаган ҳар қандай улуғвор ёдгорлик ҳам ғариб
кўринади, ўз тароватини йўқотади. Унинг якка ўзини кўрган одам тарихий аҳамиятини
англаб етолмайди. Шунингдек, маҳаллалардаги мавжуд маданият, анъана, турмуш
тарзи юз йиллар давомида шаклланган ва улур ҳам маданий мерос ҳисобланади.
Фақат – номоддий характердаги маданий мерос. Уни ҳам авайлаб асраш лозим”, –
дейди куюнчаклик билан олим.
Шу ҳақда сўз юритар экан, олим Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллага,
ундаги анъналарни сақлаб қолишга катта эътибор билан қараётганлигини эслатди. Масалан,
Тошкентда катта ҳажмдаги қурилиш ишлари олиб борилиши натижасида шаҳарнинг
тарихий ҳудуди ўз яхлитлиги ва асрлар давомида шаклланган меъморий анъаналаридан
айрилиши мумкин эди. Маҳаллалар бузила бошланиши туфайли аҳоли ҳаёт тарзида ҳам
ўзгариш юз бериши аниқ эди. Икки ярим минг йилдан кўпроқ тарихга эга бўлган
азим Тошкент ана шундай аянчли аҳволга тушиб қолмаслиги учун давлатимиз раҳбари
томонидан аниқ чора кўрилди. Ўтган йилнинг август ойида пойтахтда бошқарувнинг
алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида Президент
Фармони қабул қилинди. Унга кўра Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқлангунга ва
пойтахтни архитектура жиҳатидан ривожлантиришнинг истиқболлари аниқ
белгилангунга қадар Тошкент шаҳрининг эски шаҳар қисмида бузиш, реконструкция
қилиш ва капитал қурилиш бўйича ишларни олиб бориш тақиқлаб қўйилди.
Профессор Раҳимовдан “Шаҳарларимизнинг тарихий қисмида олиб борилаётган
қурилиш ва ободонлаштириш ишлари маҳалла ва ундаги анъанавий турар жойларнинг
характерига таъсир этмай қолмайди, улар замонавий жараёнлардан четда туриши
мушкул. Шундай эмами?” деб сўраганимда, қуйидагича жавоб олдим:
“Албатта, қурилиш фақат маълум муддатга тўхтатилиши мумкин. Тўхтатишга
асос бўлган сабаб бартараф этилгандан сўнг бунёдкорлик ишлари давом эттирилади.
Шаҳар тирик организм экан, у ҳар қандай тирик организм каби ривожланади.
Масалан, эскирган, ишдан чиқа бошлаган муҳандислик-коммуникация тармоқларини
янгиси билан алмаштиришга тўғри келади. Бу ишни шундай амалга ошириш керакки,
ҳудуднинг тарихий муҳитига зарар етмасин”.
Шундай деб, суҳбатдошим маҳалла ва анъанавий турар жойларнинг ландшафт
ечими сифатида тайёрлаган қатор макетларни кўрсатди.
Олим яна бир муаммо – автомобиллар кўпайганлиги сабабли йўлларни
кенгайтириш илинжида қадимий тор кўчаларнинг атрофидаги биноларни йиқитиб,
одамларни кўчириш тажрибаси ҳақида ҳам ўз фикрини билдирди. У транспорт
воситалари тобора кўпайиб бораётган бир шароитда кўҳна шаҳарларда бу жараённинг
орқасидан қувиш ижобий натижага олиб келмаслигини, тор кўчаларни бузмасдан,
аксинча, уларни сақлаб қолган ҳолда транспорт оқимини тўғри йўналтириш зарурлигини
уқтирди. Унинг фикрича, ҳар қандай ишга киришишдан аввал аҳоли манфаати биринчи
ўринда турмоғи лозимлигини ёдда сақлаш зарур.
Шундай экан, биз ЮНЕСКОнинг талабини бузмаслик ва туристларни жалб
қилиш учун шаҳарларимиз ўзининг тарихий муҳитини, жозибадорлигини йўқотмаслиги
керак дейишимиз билан яна бир муҳим масалани эсдан чиқармаслигимиз зарур.
Шу ҳақда фикр юритар экан, профессор Раҳимов шундай деди: “шаҳримиз энг аввало ўзимизга
керак, у аҳолига хизмат қилмоғи лозим. Шаҳарсозлик бўйича олиб борилаётган
барча ишларнинг бош мезони ана шу талабда мужассам бўлгандагина, биз уни ҳеч
иккиланмасдан бажаргандагина ўз вазифамизни бажарган ҳисобланамиз”.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий