пятница, 5 апреля 2019 г.

Самарқанд туманида уй-жой ва корхоналар бузиб ташланишидан ким манфаатдор?

Журналист суриштируви


 Биринчи мақола


Самарқанд туман “Ўрмон” боғдорчилик-узумчилик ширкати ҳудудида дала-ҳовли қурган 150 оила ва 30 нафардан ортиқ тадбиркор катта бир муаммога юзма-юз келишган. Вақтида уларга туман ҳокими қарори асосида ер ажратиб берилган. Эндиликда аввалги ҳокимларнинг қарорлари ноқонуний деб топилиб, дала-ҳовлилар ва тадбиркорлик объектларини бузиб ташлаш талаб этилмоқда.

Бундай ўзига хос, фақат бизда кузатилиши мумкин бўлган ҳолатларни кўриб, кулишингни ҳам, йиғлашингни ҳам билмайсан. Бундай вазиятга бир ҳудудга янги ҳоким келиб, бозорларни қайта қуриш ёки қайта бўлиши мисолида кўп марталаб гувоҳ бўлганмиз. Юзлаб оилаларни, минглаб юртдошларимиз томонидан катта куч ва маблағ сарфлаб қурилган уй-жойларни бузиш, уларни бехонумон, овораю сарсон қилиш оддий бир ҳолатга айланганлигига қуйидаги мисол яққол далил бўла олади.

Масаланинг моҳияти нимада?

Самарқанд туман ҳокимлиги 2011-2018 йиллар мобайнида “Ўрмон” боғдорчилик-узумчилик ширкати ҳудудидадан 150 оилага дала-ҳовли қуриш ва 30 нафардан ортиқ тадбиркорга иссиқхона ва бошқа тадбиркорлик объектлари барпо этиш учун ер ажратган эди. Эндиликда вилоят прокуратурасининг протести асосида туманнинг янги ҳокими аввалги икки ҳоким ҳамда ўзининг ер ажратиш ҳақидаги қарорларини бекор қилиб, тайёр дала-ҳовлилар ва иссиқхонаю бошқа биноларни бузиб ташлашни талаб қилмоқда.

Нима учун вилоят прокуратураси шунча вақт ўтиб туман ҳокимларининг ер ажратиш ҳақидаги қарорларини ноқонуний деб топган? Бунга Самарқанд давлат ўрмон хўжалиги директори О.Мирзаевнинг 2018 йил 4 июнда вилоят прокурорига ёзган мактуби асос бўлган дейиш мумкин. Унда фуқаролар ўрмон хўжалиги ҳудудидаги ер участкаларини “ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолати аниқланганлиги” таъкидланган ва вилоят прокурори М.Зуфаровдан “ўрмон хўжалигига ер майдонларини қайтариб олишига ёрдам бериши” сўралган.

Қандай қилиб фуқароларни ерларни “ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш”да айблаш мумкин? Бунинг учун ваколатли давлат органи – туман ҳокимлигининг қарори бор-ку! Унинг кириш қисмида қарор тегишли ҳужжатлар асосида қабул қилинганлиги кўрстиб ўтилган. Булар – вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг 2012 йил 28 декабрдаги 1365-хулосаси, “Ўрмон” боғдорчилик-узумчилик ширкатининг туман ҳокими номига ёзган илтимосномаси, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 мартдаги 51-сонли “Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ҳамда “Ер кодекси”нинг 56-моддаси.

Шу сабабли ҳам тадбиркорлар юқори ташкилотларга юборган шикоят мактубларида масалининг ана шу томонига эътибор қаратиб қуйидагиларни уқтиришган: “Агар Самарқанд давлат ўрмон хўжалигининг умумий йиғилиш қарори ноқонуний бўлса, унда нима учун туман ҳокимлиги биз, тадбиркорларга, бу ерни ажратиб берган”.


Тадбиркорларнинг мурожаатлари билан танишиб, масалани жойида ўрганиб, чиқарган хулосам шу бўлдики, ери тош ва шағалдан иборат бўлган, дарахт ўсмаган ёки деҳқончилик қилинмаган ташландиқ ерни маданийлаштириш учун тадбиркорлар ва дала ҳовли соҳиблари озмунча заҳмат чекишмаган. Уларнинг аксарияти хорижда меҳнат қилиб топган маблағини ўз юртида тадбиркорликни ривожлантириш учун сарфлаш илинжида иш бошлаганлигини уқтирмоқда. Улар кўп йиллик меҳнат ва катта маблағ асосида обод қилинган ерлари “кимнингдир манфаати учун олиб қўйилаётганлигидан” норози эканликларини, агар шикоят ўрганиладиган бўлса, бу ҳақда аниқ маълумотлар тақдим қилинишини таъкидламоқда.

Дала-ҳовли қуриш учун ер ажратилганлигига яқинда беш йил тўлди. Бу давр ичида ер олганлар иморатлар қуриб, оилалари билан унинг ичига кирди, аксарият кадастр ҳужжатларини тайёрлаган ҳамда мулк ва ер солиғини тўлаб келмоқда. Уларнинг Президент Шавкат Мирзиёев номига ёзган шикоят аризасида мамлакатимзда фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси ўтказилаётган бир шароитда қонуний йўл билан қурган иморатларини бузиш талабини қандай баҳолаш лозимлиги ҳақида ҳам сўз юритилган.

Шу билан бирга ширкат аъзолари Президентимизнинг 2018 йил 1 августда чиқарган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5495-сонли фармонида белгилаб қўйилган қатор талаблар ҳам бузилганлигини қайд қилишди. Фармонда, жумладан, шундай дейилган: “инсофли фаолият юритган инвестор ва тадбиркорлик субъектига давлат органи (мансабдор шахс) томонидан уларга нисбатан қабул қилинган маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониши сабабли келиб чиққан мулкий зарарнинг ўрни қопланади, агарда ушбу ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб мол-мулкдан фойдаланган, битим тузган ёки тақдим этилган афзаллик ва устунликлардан бошқача тарзда фойдаланган ҳамда мазкур ҳужжат кейинчалик ҳақиқий эмас деб топилган ёки бекор қилинган бўлса”.

Биз кўтармоқчи бўлган масаланинг моҳияти ана шундай. Бу умумий хулосалар эди. Энди умумийликдан хусусийликка ўтиб, аниқ мисоллар асосида аввалги қарорларнинг бекор қилиниши конкрет бир шахс, тадбиркор учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўриб чиқсак.

(Давоми бор)

Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий