Самарқандда бир неча
йиллардан бери ечими топилмаётган муаммони ҳал қилишда холисона ёндашувни
таъминлаш мақсадида шахсан вилоят ҳокимининг таклифи билан журналистлардан
иборат ишчи гуруҳи тузилди ҳамда вазият жойида ўрганилди.
Кўҳна кентнинг Саид маҳалласи Зебинисобегим кўчасида
истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар маҳалла ҳудудида мавжуд қонунчилик ва
шаҳарсозлик нормаларига зид ҳолда уч
қаватли тураржой қурилаётганлигадан йиллар давомида шикоят қилиб келади. Аммо турли
ташкилотларга юборган шикоят мактубларига келган жавоблар ва суд қарорлари
уларни қониқтирмаяпти.
Яқинда ана шу фуқаролар Самарқанд вилоят ҳокими
Эркинжон Турдимовнинг телеграмм мессенжерига ўз муаммоларига ечим топишда ёрдам
кўрсатишни сўраб мурожаат қилишди. Битта муаммонинг кўп йиллар давомида чўзилиб
келаётганлиги, юқори турувчи ташкилотлар, ҳуқуқ-тартибот органлари жавоблари
фуқароларни қониқтирмаётганлигини инобатга олиб, вилоят маъмурияти раҳбари холис
комиссия тузиш лозим деган қарорга келди.
Эркинжон Турдимовнинг таклифи асосида Ўзбекистон
Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раиси Фармон Тошев томонидан
журналистлардан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Унга турли нашрларда меҳнат
қилаётган олти нафар ҳамкасблар қаторида
камина ҳам киритилган эдим.
Муаммони жойида ўрганиш учун Саид маҳалласига
борганимизда, у ерда шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси Фирдавс Истамов,
шаҳар бош архитектори Фармон Мардонқулов ҳамда Саид маҳалласи раиси Замира
Ғуломова, маҳалла фаоли Эркин Қосимовни учратдик.
Маълум бўлишича, Зебинисобегим кўчасида
яшаётган бир гуруҳ фуқаролар норозилигига сабаб бўлган уч қаватли уй шаҳар
ҳокимининг 2017 йил 30 июндаги қарорига асосан Акмал Аброров томонидан
қурилаётган экан. Манзили Зебинисобегим кўчаси 58-уй бўлган бу қурилиш мавжуд
эски уй-жойларни бузиб ташлаш ҳисобидан амалга оширилаётган экан. Хўш, нега
қурилиш бошланиши билан ушбу объектнинг атрофида жойлашган фуқаролар норози
бўлиб, турли идораларга шикоят қилишга киришди?
Аслида бу саволга жавоб тариқасида анча далилу
исбот келтириш керак бўларди. Лекин айни пайтда бунга ҳожат қолмади. Чунки Вазирлар
Маҳкамасининг 2018 йил 31 октябрдаги “Самарқанд шаҳарининг сайёҳлик потенциали
ва шаҳарсозлик концепциясини ривожлантириш бўйича сайёр йиғилиши” баёни асосида
шаҳар ҳокимининг қабул қилган қарорида бир қатор турар жойлар қаторида Зебинособегим
кўчасидаги уйлар бузилиши назарда тутилган. Жумладан, шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимовнинг
2018 йил 1 ноябрдаги “Самарқанд шаҳрининг потенциали ва шаҳарсозлик
концепциясини ривожлантириш муносабати билан турар ва нотураржой
бино-иншоотларини бузишга рухсат бериш тўғрисида”ги 2093-Қ қарорига асосан мазкур
уй ҳозирги вақтда бузилмоқда.
Аммо ушбу уй атрофида яшаётган бир неча фуқаролар
жумладан, Зебинисобегим кўчаси 56-хонадонда яшовчи Лола Султонова, 60-хонадонда
яшовчи Гулчеҳра Фахриддинова, 62-хонадонда яшовчи Назира Аҳтамова бузилаётган бино
ўрнида яна бошқа баланд бино қурилишидан хавотирда эканлигини билдирди. Шаҳар
ҳокимлиги қурилиш бўлими мутасаддилари ҳамда бош архитектор Ф.Мардонқулов бу
ҳудудда ҳеч қандай янги қурилишга рухсат берилмаслигини маълум қилди. Чунки бу
жой Ўзбекистон ҳукумати қарори асосида бунёд этилаётган “Самарқанд сити”
ҳудудига киритилган.
Биз билан мулоқот қилган турар жой эгалари ўз
уйларининг бузилишига ва бу ердан бошқа жойга кўчиб боришга рози эмасликларини,
уларнинг мулкига ҳеч ким дахл қила олмаслигини маълум қилишди. Эндиликда, вужудга
келган янги вазиятда мутасаддилар уйма-уй юриб, ҳар бир хонадон соҳиби билан
индивидуал тарзда гаплашган ҳолда муаммога ечим топишларига тўғри келади.
Аммо янги вазият вужудга келганлигига унча кўп
фурсат ўтгани йўқ. Лекин нега битта уй қурилиши билан боғлиқ шикоятбозлигу асаббурзарлик
уч йил давом этди? Бу саволга жавоб топиш лозим. Чунки аҳолини норози қилиб, кимдир
чўнтагини қаппайтирса, бу адолатдан бўладими? Умуман, ўша уч қаватли уйнинг
қурилишию бузилиши атрофида баъзи бир гап-сўзлар юрибдики, буни ҳуқуқ-тартибот
органлари ўргансалар, мақсадга мувофиқ бўлармиди?!
Биз фақат айрим фактларни келтириш билан
чекланамиз. “Қурувчи ҳокимлик қарори бўйича ўзига турар жой қуриши керак эди,
ваҳоланки бу ерда иккита уч қаватли 38 хонадонли уй қурилиб, бошқаларга сотилди.
Унинг юқори қаватида турганлар бемалол бизнинг ҳовлини кузатиши мумкин эди. Менинг
шикоятларимин ҳеч ким тинглашни истамади”, – дейди муаммоли бинонинг чап ёнида
яшовчиГ.Фахритдинова.
Ҳовлиси бинонинг ўнг ёнида бўлган Л.Султонованинг
дарду ҳасрати яна кучлироқ экан. Уч қаватли уйнинг қурилиши у ўз оиласи билан
яшаб турган иморатга анчагина зарар етказган экан. У уйининг ёрилган деворини кўрсатди, турар
жойига етказилган бошқа зарарлар ҳақида ҳам бизни хабардор қилди. Унинг ана шу
зарарни ким қоплайди, деган саволи жавобсиз қолиб кетмоқда.
Лекин булардан ҳам яна қизиқарли ва муҳим бир савол
пайдо бўлди. Янги қурилган, ундан квартира сотиб олганлар ҳаммаси бўлиб бир
неча ой яшаган иккита уч қаватли уйнинг бузилаётганлиги кўпчиликни ҳайратда
қолдирди. Уй хусусий маблағ ҳисобидан қурилди. Уни сотганлар яхшигина пул ишлаб
олди. Энди уни бузиш давлат маблағи ҳисобидан амалга оширилмоқда. Биздаги маълумотларга
қараганда, ҳар бир хонадон эгасига тура жойининг ҳажмига қараб, 30-40 минг
доллардан берилган экан. Энди бу суммани 38га кўпайтиринг. Бу сизга Остап
Бендер комбинациясни эслатмаяптими? Балки бу иш билан прокуратура органлари қизиқиб
кўришар?!
Комментариев нет:
Отправить комментарий