Журналист
суриштируви
Иккинчи мақола
Юқоридаги сарлавҳа остида эълон қилинган биринчи
мақолада Самарқанд туман “Ўрмон” боғдорчилик-узумчилик ширкати ҳудудида дала-ҳовли
қурган 150 оила ва 30 нафардан ортиқ тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммо
хусусида сўз юритилган эди. Қуйида аниқ мисоллар асосида муаммо моҳияти очиб
берилган.
Фактлар ўжар. Улар нима дейди?
Фуқаро Фирдавс Юнусов 2017 йилнинг сентябрида ўзига ажратилган ер участкасида
“Файз” МЧЖ ташкил этади. У асаларичиликда ишлатиладиган қутилар ва мебель ишлаб
чиқариш учун керакли асбоб-ускуналар ва жиҳозларни Германия, Хитой, Туркиядан
олиб келтирган, керакли бинолар – ишлаб чиқариш цехлари, ошхона, ювиниш хонаси қурган.
Бу ишларга 1,4 млрд сўм харажат қилинган. Бундан ташқари, эни 6 метр бўлган 200
метр узунликдаги йўл қурилган. Йўлнинг икки томони ободонлаштирилган, гул ва
дарахтлар экилган. Ф.Юнусов айни пайтда ойига 30 млн сўмдан кредит фоизини
тўлаб бораётганлигини уқтирди ва қўшимча қилди: “Кредит маблағларидан ташқари
ўз ҳисобимдан яна 500 млн сўм сарфладим. Шуларга қарамасдан, ишни тўхтатиб
турибман. Мендан буларнинг ҳаммасини бузиб ташлаб, бу ердан чиқиб кетишимни
талаб қилишмоқда”.
“Caramel Puff Corn” оилавий корхонасига миллий ширинликлар тайёрлаш
цехи ташкил этиш учун Самарқанд туманинг 2018 йил 27 апрелдаги қарори асосида
0,20 га ер участкаси доимий фойдалиниш учун ажратилади. Аммо беш ой ўтар-ўтмас
ҳокимнинг 14 сентябрда чиқарган қарори билан биринчи қарор бекор қилинади. Цех
қурилишига 500 млн сўм харажат қилинган, Хитойдан 400 млн сўмлик замонавий асбоб-ускуналар
келтириб ўрнатилган ва 13та иш ўринлари яратилган эди. Бу корхона ҳам бузилиши
керак экан.
Аммо “Caramel Puff Corn” оилавий корхонаси билан боғлиқ қизиқ бир факт
эътиборимизни тортди. Самарқанд вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат
корхонаси Самарқанд туман филиали 2019 йилнинг 18 январида “Ер участкаси чегараларини
аниқлаш ва келишиш далолатномасини”ни
тайёрлайди ва 23 январда эса ушбу корхонанинг ер участкасига бўлган ҳуқуқларини
давлат рўйхатидан ўтказади. Шундай бўлиши мумкинми? Туман ҳокими бундан тўрт ой
аввал, яъни 2018 йил 14 сентябрида корхонага ер ажратиш ҳақидаги биринчи
қарорини бекор қилган эди-ку! Бу аҳволдан хабардорлар икки хил ҳолат, яъни ё туман
кадастр идорасидагилар иккинчи қарордан бехабар бўлишган ёки иккинчи қарор анча кеч қабул қилинган ва унга олдинги
сана қўйилган деган тахминларга боришмоқда. Ҳар ҳолда бу факт билан тегишли
идоралар шуғулланиб, аниқ бир хулосага келишар деган умиддамиз.
Тадбиркор Жамшид Раҳимов 1,2 га ер майдонини обод қилишнинг ўзи
бўламанлигини таъкидлаб, бир қатор рақамлар келтирди. Унинг сўзларига
қараганда, ер майдонидан 300 “Камаз” тош-шағал чиқариб, ўрнига шунча тупроқ
келтириб солган. Қўшнилар билан бирга табиий газ ва электр энергияси келтириш
учун бир неча юз миллион сўм харажат қилган. Ўзи хорижда ишлаб топган пулларини
ана шу бизнесига киритганини, кейинги пайтда уч нафар ўғилларининг ҳам чет элда
ишлаб топаётган пулларидан фойдаланаётганлигини гапириб, бу ҳам инвестициянинг
бир шакли эканлигини таъкидлади.
“Kamol-Dil-Aziz-Com” МЧЖ раҳбари Мўмин Зокировнинг айтишича, қуёнчилик
билан шуғулланиш ва гўштни қайта ишлашга ихтисослашган корхонаси давлат дастури
асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш арафасида турган эди. Бунинг учун керакли асбоб-ускуналар
монтаж қилинган, 30 тонналик музлатгич қурилган ва ҳаммаси бўлиб 5 млрд сўм
атрофида маблағ сарфланган. “Энди иш бошламоқчи эдик. Агар корхонамиз тўла
қувват билан ишга тушса, 80тагача иш ўрини яратиларди. Аммо март ойининг ўрталарига
келиб, корхонани бузиб ташлашни талаб қилишди. Энди нима қиламиз, зараримизни
ким қоплайди?”, – дейди М.Зокиров.
Биз бу ерда тўрт нафар тадбиркорнинг тақдири ҳақида сўз юритдик. Уларнинг
сони 30 нафардан ортиқроқ. Ҳар бири ҳақида юқоридаги далилларни келтириш
мумкин. Улар ишлаб чиқариш корхонаси, иссиқхона, ишчи-ходимлар учун керакли
шароитлар яратилган бинолар қурган. Барча корхоналар тўла қувват билан ишласа,
юзлаб янги иш ўринлари яратиларди.
Дала-ҳовли учун ер участкалари олган 150 нафардан кўпроқ фуқаро ҳам
додини кимга айтишни билмайди. Улардан бири 2-гуруҳ ногирони Собир Пўлатов
борини шу жойни обод қилишга сарфлаганини, икки қаватли турар жой қуриб, ҳовлисида
қўй, эчки, от боқаётганлигини уқтириб, қабул қилган қарор туфайли аҳволи қандай
бўлишини тасаввур қила олмаётганлигини афсуслар билан қайд этди.
Фуқаро Зиёдулла Насимовга 2014 йилда ер майдони ажратилган экан. У 2018
йилда кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, ер ва мол-мулк солиғини тўлаб келаётган
экан. У оиласи билан шу ерда яшаб, қўй, товуқ парвариш қиларкан. Дала-ҳовли
эгаларининг деярли барчаси ҳақида ана шуларни уқтириш мумкин. Уларни ҳақиқат
қаерда, шунча йиллар ўтгандан кейин вақтида ташландиқ бўлган ва ҳеч кимга керак
бўлмаган ерга энди эга чиқиб қолганми деган савол қийнамоқда.
Ер участкаси давлат манфаати учун олиб қўйиладиган тақдирда, олти ой
олдин огоҳлантириш хати билан ер олиб қолинишига сабаб бўлган ҳолат баён
этилган қарор нусхаси мулкдорга берилиши лозим. Ваҳоланки, суҳбатдошларимнинг
уқтиришича, уларнинг тегишли идораларга қилган мурожаатлари натижа бермаган.
Ана шунақа гаплар. 200га яқин кишининг мурожаати ҳал қилинмаяпти.
Комментариев нет:
Отправить комментарий