Ёнғоқ, бодом ва писта инсон саломатлиги учун ўта муҳимлиги учун
табиатнинг ушбу шифобахш неъматларидан мунтазам истеъмол қилиб туриш тавсия
этилади. Ҳар куни 100 граммдан бодом еган одамнинг дору дармонга ҳожати қолмас
экан. Аммо ҳар ким ҳам буни ўзига раво кўролмайди. Чунки чўнтаги кўтармайди.
Бодом ва пистанинг нархи йилдан йилга ошиб бормоқда. Ушбу маҳсулотлар
аҳолининг барча қатламлари учун ҳамёнбоп бўлиши учун улар сероб бўлмоғи лозим.
Хўш, мамлакатимизда бу йўналишда нималар қилинмоқда? Президент Шавкат
Мирзиёевнинг 2017 йил 1 июндаги “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар
уюшмасини тузиш ва фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қароридан сўнг вазият
қанчалик ўзгарди?
Ана шу саволларга жавоб топиш ҳаракатида юрган пайтимда Самарқандда Ёнғоқ
ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси томонидан семинар-тренинг
ташкил этилишидан хабар топдим ва унда қатнашдим. Тадбирда мамлакатимиз
ҳудудида ёнғоқ, бодом ва писта етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари
ҳамда ташаббускор тадбиркорлар иштирок этди.
Алоҳида уюшма тузилди. Хўш, нима ўзгарди?
Семинар-тренинг аввалида уюшма раиси Камол Абдуллаев уюшма ташкил
этилгандан кейин ўтган бир ярим йил мобайнида қилиган ишлар тўғрисида қисқача
маълумот берди. Айни пайтда уюшма аъзоларининг сони 130дан кўпроқ бўлиб, улар
фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектларидан иборат. 10 минг гектарга яқин
майдонда интенсив ёнғоқ, бодом ва писта плантациялари барпо этилган.
Ишни илмий асосда ташкил этиш ва кўчатларнинг серҳосил, касалликларга
ва зараркунандаларга чидамли, маҳаллий иқлим шароитимизга мослашган навларини
кўпайтириш мақсадида илмий муассасалар билан ҳамкорликни кенгайтиришга катта
эътибор қаратилмоқда. К.Абдуллаевнинг уқтиришича, бу ишга Ўзбекистон
олимларидан ташқари хориждан тегишли илмий тадқиқот марказларининг ходимлари ва
амалиётчилар жалб қилинган. Жумладан, АҚШ, Испания, Туркиянинг илмий марказлари
билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
АҚШнинг Калифорния штатидан “Chandler”, Испаниядан “Avijor” ва “Guara”,
Туркиядан “Vlach” ёнғоқ кўчатлари келтириб экилди. Ушбу мамлакатлардан
2019-2021 йиллар давомида ёнғоқдан ташқари бодом ва писта кўчатлари олиб келиниб,
ташаббускорларга етказиб бериш учун шартномалар тузилган. Шунингдек, Эрондан пистанинг
юқори ҳосилли ва экспортбоп навларини келтириш учун музокаралар олиб
борилмоқда.
Уюшма раиси ўринбосари Илёс Ҳайдаров ташкилот олдида турган вазифалар
ва унинг ўз аъзоларига қандай хизматлар кўрсатаётганлиги хусусида сўз юритди. Уюшма
ҳузурида “Invitro” лабораторияси ташкил этилган бўлиб, у кўчатлар етиштириш ва
уларни маҳаллий иқлимга мослаштириш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб боради.
“Ёнғоқ логистика маркази” МЧЖ уюшманинг яна бир таркибий қисми сифатида маҳсулотни
қайта ишлаш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатишга ҳамда экспорт қилишга ихтисослашган.
Унинг таркибидаги учинчи корхона “Sag agro МТП” МЧЖ плантацияларда агротехник
тадбирларни амалга ошириш бўйича механизация хизматларини кўрсатади.
Боғдорчилик қанчалик инновация билан уйғунлаша олади?
Кейинги пайтда тўғри келган жойда инновация сўзини ишлатиш одат тусига
кириб қолди. Боғдорчилик масалалари кўтарилган мақолада ҳам шу атама ишлатилди
деб муаллифни койимасликларингиз учун аниқ мисоллар келтиришга тўғри келади.
Илёс Ҳайдаров ўз чиқишида интенсив ёнғоқ боғида иновацион ғояларнинг
қўлланилаётганлиги устида тўхталди. Масалан, Жомбой туманида ташкил этилган
боғда томчилатиб суғоришнинг энг илғор технологияларидан бири – суғоришни
масофадан туриб назорат қилиш имконини берувчи метеостанция ўрнатилган. Австрияда
ишлаб чиқарилган iMetos компаниясининг метеорологик станцияси ҳудуддаги
ҳароратни, ёғингарчилик, шамол тезлиги, қуёшли кунлар давомийлиги, тупроқ
намлиги, дарахт япроғидаги намлик ва эҳтимолий зарарланиш каби маълумотларни қайд
қилиб боради. Улар агрономик тадбирларни ўтказиш ва боғни ўз вақтида сув билан
таъминлаш учун жуда муҳимдир.
Томчилатиб суғориш тизими ҳам автоматлашган бўлиб, сувни тежамкорлик билан
сарфлаш ва аниқ ҳисоб билан суғориш имконини беради. Боғдаги кўчатларнинг ҳар
бири ўзининг идентификацион рақамига эга. Бу улар ҳолатини назорат қилиш
имконини беради. Ҳар бир қатор бошида чип ўрнатилган бўлиб, агроном қўлидаги
планшетга уланган жиҳозни чипга яқинлаштирган тақдирда, қатордаги мавжуд
кўчатларнинг идентификацион рақами ва ҳолати ҳақида маълумот олинади. Шундан
сўнг, агроном янги қайдларни киритиб боради. Бу ҳар бир кўчат ҳолатини тўғри
таҳлил қилишга, касаллик ва зараркунандаларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни
олдини олишга имкон бериши билан бир вақтда мамлакатимизда ташкил этилган барча
боғлардаги кўчатлар ҳолатини уюшманинг ўзидан, яъни масофадан туриб таҳлил
қилиш имконини яратади.
И.Ҳайдаров хорижда дарахтлар аҳволини кузатиб боришда ва касаллигини
аниқлашда дронлардан фойдаланилаётганлигини таъкидлаб, бизда ҳам бу усулни
қўллаш иш самарадорлигини бир неча баробарга ошириш имконини беришини қайд этди.
Уюшма томчилатиб суғоришда ишлатиладиган жиҳозларни ўзимизда
ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, яъни маҳаллийлаштириш мақсадида алоҳида корхона ташкил
этган ва Туркиядан махсус ускуналар олиб келиниб ўрнатилган. Корхонада диаметри
63ммдан 250ммгача бўлган юқори босимли ПВХ қувурлари ишлаб чиқарилмоқда. Бундан
ташқари, томчилатиб суғоришга мўлжалланган ясси шланг ҳамда уларни бир-бирига
улаш учун фиттинглар ишлаб чикариши йўлга қўйилган. Натижада 53 киши доимий иш
билан таьминланган. Семинар қатнашчилари ана шу корхонада бўлиб, иш жараёни
билан танишдилар ва керакли маслаҳатлар олдилар.
Жаҳондаги мавқеимиз қандай?
Туркиядан келган мутахассис, бир йил давомида бодом
ва писта етиштирувчиларга маслаҳат бериб келаётган доктор Айжан Йилмаз семинар-тренингда қилган чиқишида қизиқарли
маълумотлар келтирди. У агар иш тўғри йўлга қўйилса, 10 йилдан кейин Ўзбекистон
ёнғоқ, бодом ва писта етиштириш бўйича дунёнинг етакчи мамлакатларидан бирига
айланишини таъкидлади. “Сизда ер кўп. Туркияда энг катта плантациянинг майдони
30 гектар, сизда аллақачон 500 гектарлик боғлар ташкил этилган. Аммо гап фақат
ернинг кўплигида эмас. Масалан, Испанияда ер кўп, лекин ҳосилдорлик паст. АҚШда
эса агротехника талабларига тўла риоя этилиши, кадрлар малакасини оширишга
бўлган эътибор туфайли юқори ҳосил олинади”, –
деди доктор А.Йилмаз.
Унинг уқтиришича, дунёда бир йилда 2,2 млн тонна
бодом ишлаб чиқарилади. Дунё бўйича бодомга бўлган йиллик эҳтиёж 5 млн тонна
экан. Демак, бу маҳсулотга бўлган талабнинг ярми ҳам қопланаяпти. Ўзбекистонда
эса 4 минг тоннадан сал кўпроқ бодом етиштирилмоқда. Кўриниб турганидек, бу
кўрсаткични ошириш ҳисобидан мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга
ҳисса қўшиш мумкин.
Доктор А.Йилмаз боғнинг ўзида ўтказилган амалий
машғулот пайтида кўчатни экиш ва пайвандлаш бўйича ҳамда бодом ва писта
етиштириш билан боғлиқ маслаҳатлар берди.
Муаммолар? Улар қанчалик тез ечилса, шунча тез ҳар
куни пистаю бодом ейдиган бўламиз
Муаммолар ҳақида сўраганимда, И.Ҳайдаров боғларни кенгайтириш учун
кредит олишда гаров манбаи муаммоси мавжудлигини қайд қилиб ўтди. Масалан, 10
гектар ер учун 350 млн сўм кредит талаб этилар экан. Иш бошлаётган тадбиркорда
эса бунга яраша кредит манбаи бўлмайди. “Биз тегишли ташкилотларга боғнинг
ўзини манба сифатида гаровга олиш таклифини киритдик. Аммо муаммо ўз ечимини
топгани йўқ”, – дейди суҳбатдошим.
Мавжуд муаммолардан яна бири бу ишлаб чиқилаётган ўғитларнинг сифати
ҳисобланади. Масалан, фосфор сақловчи ўғитларнинг сувда эрувчанлиги жуда паст. Улардаги
фосфор тўлиқ эримайди. Шу сабабли уларни томчилатиб суғоришда қўллаш муаммо бўлиб
турибди. Ўғитдаги фосфорнинг ўзлаштирилиш коэффициенти ҳам паст.
Қишлоқ хўжалигида, жумладан ўсимликшуносликда қўлланиладиган
биостимулятор ва физиологик фаол моддалар ишлаб чиқариш муаммоси эса ўз ечимини
топмаган. Ҳозирги пайтда уюшманинг илмий тадқиқотлар бўлими Болгария олимлари
билан бирга сувда эрувчан фосфор сақловчи ҳамда микроэлементларга бой комплекс
ўғитлар ишлаб чиқиш технологиясини яратиш бўйича изланишлар олиб бормоқда.
Мутахассислар келажакда ёнғоқчилик етиштиришга бағишланган даврий нашр
– журнал ташкил этилиши мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлашмоқда. Бу мавжуд муаммоларнинг
самарали ҳал қилинишига, ёнғоқ бўйича билимларни кенг тарқалишига хизмат қиларди.
Семинар-тренинг қанчалик фойдали бўлди деган савол билан унинг иштирокчиларига
мурожаат қилдим. Улардан бири, наманганлик тадбиркор Ҳасанбой Хўжамқулов
саволимга қуйидагича жавоб қайтарди:
-Тадбирда қатнашиб, кўп нарсани билиб олдим, келажакка ишончим кучайди.
Пайвандлаш, томчилатиб суғориш бўйича янги, фойдали маълумотлар олдим. Ишни
илмий асосда ташкил этиш қанчалик самара беришига гувоҳ бўлдим. Масалан, энди
хориждан келтирилган бодом кўчатларини экамиз. Чунки ўзимизнинг навлар эрта
гуллайди ва совуқ тушиб қолса, ҳосилсиз қоламиз. Испания навлари 20 кун кейин
гуллайди ва серҳосил ҳисобланади. Худди шундай, ёнғоқ ва писта етиштиришда ҳам
ижобий ўзгаришларга эришамиз деб ишонаман.
Ҳа, вақти келиб бизда ёнғоқ, бодом ва писта бозорларимизда сероб бўлар
деган умиддамиз. Шунда нархи ҳам тушиб, барча учун ҳамёнбоп маҳсулотга
айланади. Бундай дейишимизга сабаб 2017-2018 йиллар давомида экилган бодом ва
ёнғоқ кўчатлари тўртинчи ва бешинчи йилларга келиб, яъни 2021-2022 йилларда
ҳосил берар экан. Боғлар эса янада кенгайиб, майдони 15 минг гектарга етар
экан.
Комментариев нет:
Отправить комментарий