Ўзбекистон касаба уюшмаларининг шу кунлардаги фаолияти ҳақида нималарни биласиз деб таниш-билишларимдан сўраганимда, жўяли жавоб ололмадим. Кўпчилик бу ташкилот фақат сиҳатгоҳ ва дам олиш уйларига йўлланмалар тарқатиш билан шуғулланаётган бўлса керак деган тахминлар келтириш билан чекланди.
Нега аҳолининг касаба уюшмалари фаолияти ҳақида хабардорлик даражаси
паст? Бунга ким айбдор: ташкилот суст ишлаяптими ёки амалга ошираётган ишларини
кўрсата олмаяптими? Балки улар фаолиятини керакли даражада ёритмаётган оммавий
ахборот воситалари айбдордир?
2 декабрь куни Самарқанд вилоят Матбуот уйида вилоят касаба уюшмалари
ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Маҳмуд Бобоёров ўтказган матбуот
анжуманида юқоридаги ва кўплаб бошқа саволларга жавоб излашга ҳаракат қилинди. Бу
кўп йиллар давомида соҳа раҳбарларининг журналистлар билан биринчи учрашуви
бўлганлиги боис анчагина саволлар йиғилиб қолган эди. Учрашув давомида касаба
уюшмалари фаолияти билан аҳолини яқиндан таништириш учун ташкилотнинг ОАВ билан
мустаҳкам ҳамкорлигини йўлга қўйиш зарурлиги икки томондан ҳам тан олинди.
Матбуот ходимлари учун тайёрланган пресс-релизда вилоят касаба
уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида
батафсил сўз юритилган ва анчагина рақамлар келтирилган. Журналистлар ишчи ва
ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш учун нима ишлар қилинаётганлиги билан қизиқдилар. Жумладан,
бу ишлар хусусий ва қўшма корхоналарда қандай йўлга қўйилганлиги ҳақидаги
саволга М.Бобоёров жавоб қайтариб, бу йўналишда муаммолар мавжудлигини
таъкидлади.
Пресс-релизда жорий йил давомида кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож
шахсларга, ногиронларга кўрсатилган моддий ёрдам ҳақида сўз юритилади. Талабаларга
стипендиялар берилганлиги, ўқувчиларни ёзги дам олиш мавсумида оромгоҳларга бепул
юборилганлиги, кексалар ва ногиронларга электр-маиший техника жиҳозлари ва
ногиронлик аравачалари берилганлиги, “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастури
асосида ёши улуғларнинг санаторийларга юборилганлиги аниқ рақамлар билан
кўрсатиб ўтилган. Аммо ана шундай шахсларни аниқлашда қанчалик ошкоралик
тамойилига амал қилинмоқда? Уларни ким ва қандай мезонлар асосида танлаб
олмоқда?
Каминанинг ушбу саволимга М.Бобоёров “кўрсатилаётган ёрдамнинг
ошкоралигини таъминлаш биз учун бажаришимиз лозим бўлган муҳим вазифалар
сирасига киради” деб, бу ишга қаттиқ киришилганлигини уқтирди. Масалан, келгуси
йилнинг ёзида болалар оромгоҳига бепул ва имтиёзли соғломлаштирилиши
мўлжалланганлар рўйхатини тузишга ҳозирдан бошланганлигини маълум қилди.
Матбуот анжумани давомида ходимларнинг манфаатини ҳимоя қилиш учун
жамоа шартномасининг ўрни ҳақида батафсил сўз юритилди, шунингдек, касаба
уюшмаларининг ўз аъзоларини ҳимоя қилишнинг муҳим йўналишлари саналган меҳнатга
ҳақ тўлаш ва уни меъёрлаштириш ишлари ҳамда бандликни таъминлашга кўмаклашишга эътиборни
кучайтириши мақсадга мувофиқлиги ҳақида фикрлар билдирилди.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ташкилот фаолиятини
аҳолига кенг тарғиб қилиш, унинг ишчи ва ходимлар манфаатини ҳимоя қилишда амалга
оширилаётган ишларидан жамоатчиликни хабардор қилиш даражасини юқори савияга
кўтариш учун 2016 йилда оммавий ахборот ходимлари ўртасида танлов эълон қилди.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий