воскресенье, 27 декабря 2015 г.

Фуқаро ҳужжат қидириб сарсон бўлмаслиги учун идора уни архивга топшириши шарт


Самарқанд вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси  бошлиғи Абдиалим Маматов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда архив материалларини сифатли сақлаш, улардан фойдаланиш борасидаги янгиликлар хусусида сўз юритилди.

Таъкидланишича, вилоятда 19та архив фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан 7таси давлат архиви ва 12таси идоралараро хўжалик ҳисобидаги шахсий таркиб ҳужжатлари архивларидир. Улардаги 7035 фондда 1 миллион 330 мингга яқин сақлов бирлигидаги ҳужжатлар сақланмоқда.

Жорий йилда архив муассасаларига 36375та ижтимоий-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган сўровлар тушган. Бошқармага, шунингдек, 126та интерактив ва 54 та gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали сўровлар келиб тушган. Сўровлар белгиланган муддатларда кўриб чиқилиб, улардан 34699таси ижобий ҳал этилган. Ушбу рақамларни тилга олар экан, А.Маматов вақтида вилоят ҳудудида истиқомат қилиб, айни пайтда хорижда яшаётганлардан ҳам турли масалалар бўйича сўровлар тушаётганлигини уқтирди. Жумладан, 2015 йил давомида ана шундай сўровлар 1967тани ташкил этган.
                                
Кейинги йилларда архивларни замонавий техника воситалари билан таъминлаш ишлари анча яхшиланган. Ҳужжатларнинг электрон нусхаларини яратишга киришилган. Жорий йилнинг ўзида деярли 4,5 минг сақлов бирлигидаги ўта муҳим ҳужжатларнинг ана шундай нусхалари яратилган.

Бошқарма бошлиғи соҳада қўлга киритилган ютуқлар билан айрим камчиликлар устида ҳам тўхталиб ўтди. Вилоятда фаолият юргизаётган архивлардан тўрттаси бино билан таъминланмаган. Булар Самарқанд шаҳар ҳамда Пахтачи, Иштихон ва Каттақўрғон туман идоралараро хўжалик ҳисобидаги шахсий таркиб ҳужжатлари архивларидир.

Айрим ҳужжатларни архивларда тополмасдан фуқароларнинг овораю сарсон бўлаётганлиги аксариятга маълум. Айниқса, пенсияга чиқаётганлар буни яхши билишади.  А.Маматовнинг уқтиришича, корхона, ташкилот, муассасаларнинг ҳужжатларни архивга топширишга мажур этувчи қарор ёки қонуннинг йўқлиги бунинг асосий сабабидир. Масалан, вақтида 3,5 мингга яқин ишчи ва ходимга эга бўлган Самарқанд уйсозлик комбинати ҳужжатларни архивга топширмаган.

Архив муассасалари раҳбар кадрлари ичидан айрим нопок шахслар чиққанлигини бошқарма бошлиғи афсус билан қайд қилиб ўтди. Жумладан, Жомбой, Нарпай, Ургут туман архивларининг раҳбарлари устидан жиноят ишлари қўзғатилганлигини маълум қилди.   


Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий