Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Самарқанд вилоят бош бошқармаси бошлиғи Ғанишер Маматқулов ўтказган матбуот анжумани тадбиркорлик субъектлари, коллеж битирувчилари ҳамда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган кредитлар масаласига бағишланди. Шунингдек, журналистлар пластик карточка муаммоси билан боғлиқ кўплаб саволларига жавоб олдилар.
Ғ.Маматқулов ўз чиқишида дастлаб ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини
тубдан яхшилаш борасидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони ва
қарорлари асосида банк тизимида амалга оширилган ишлар устида тўхталиб ўтди. Жумладан, тижорат банкларида милий валютада
ҳисоб рақами очганлик учун кичик бизнес субъектларидан тўлов ундириш бекор
қилинган ҳамда уларнинг кредит аризаларини кўриб чиқиш муддати уч банк кунидан
ошмаслиги белгилаб қўйилган.
Шунингдек, банк ҳисобварақларини очишда имзо намуналарини нотариал
тасдиқлаш, ҳамда кичик бизнес субъектлари бўлган микрофирмаларнинг имзо
намуналари карточкасида иккинчи имзо (ҳисобчи) бўлиши тартиби бекор қилинди. Яна
тўловларни электрон шаклда амалга оширувчи кичик тадбиркорлик субъектларининг
ҳисобварақларига хизмат кўрсатганлик учун ундириладиган тўлов миқдори 20 фоизга
камайтирилди.
Хўжалик субъектлари учун корпоратив пластик карточкалар жорий этилган
бўлиб, улар нақд пул айланишини камайтиришга хизмат қилади. Ҳозиргача тижорат
банклари томонидан 5 мингга яқин ана шундай карточкалар муомалага чиқарилган. Корхоналар
учун улардаги маблағни нақд пулга айлантириш учун муаммо бўлмайди. Шу ҳақда
гапириб, Ғ.Маматқулов қуйидаги мисолни келтирди. Аҳолига пластик карточкага
савдо қиладиган гўшт дўконидагилар мол сотиб олиш учун бозорга чиқса, нақд пул
керак бўлади. Шу сабабли уларнинг ишини рағбатлантириш мақсадида корпоратив
пластик карточкаларидаги пул улар талаби билан тезда нақдга айлантириб
берилади.
2015 йилнинг ўтган ойлари давомида тижорат банкларининг кичик бизнес ва
хусусий тадбиркорлик субъектларига ажратган кредитлари 858,4 млрд сўмни ташкил
этди. Улар ҳисобидан 11054 та лойиҳа молиялаштирилди. Йил охиригача бу йўналишда
яна 100 млрд сўм сарфланишини ҳисобга олсак, кредитнинг бир йиллик умумий
миқдори 950 млрд сўмдан кўпроққа етади. Бу ўтган йилгига нисбатан 1,3 баробар
ортиқроқдир. Ажратилган микрокредитлар миқдори эса 142,8 млрд сўмни ташкил
этди.
Ғ.Маматқуловнинг таъкидлашича тижорат банклари мамлакатимиз равнақи
учун муҳим ўрин тутган олий маълумотли кадрларни тайёрлашга муносиб ҳисса
қўшишни ўзларининг бурчлари деб ҳисоблашади. Шундан келиб чиққан ҳолда, тўлов-контракт
асосида олий ўқув юртида таҳсил олаётган 1850 нафар талабага 4,2 млрд сўм
кредит маблағи ажратилди.
Шунингдек, касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг бандлигини таъминлаш ва
уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2547 нафар коллеж
битирувчисига 32,8 млрд сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. “2016 йилда бу
суммани 40 млрд сўмга етказиш ниятимиз бор”, – деди Ғ.Маматқулов.
Марказий банкнинг Самарқанд вилоят бош бошқармаси бошлиғи чиқишидан
сўнг журналистлар унга кўплаб саволлар билан мурожаат этишди. Саволларнинг аксарияти
пластик карточкалар ва улар орқали савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида
бўлаётган тушунмовчиликлар атрофида бўлди. Маълум бўлишича, айни пайтда
вилоятда савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш муассасаларидан 9100тасида 14400та тўлов
терминаллари ўрнатилган.
“Уларнинг терминал билан савдо қилишдан бош тортишига ҳеч қандай асос
йўқ. Агар савдо дўкони бирор сабабни рўкач қилиб, пластик карточкани қабул
қилмаса, у ҳолда унинг ё товари контрабанда йўли билан кириб келган ёки
дўконнинг ўзи ноқонуний фаолият югизяпти”, – деди Ғ.Маматқулов. Унинг
уқтиришича, текширувлар натижасида 1031та ноқонуний фаолият олиб бораётган
савдо нуқталари аниқланган.
“Айрим ота-оналардан эшитишимизча, улар таълим кредити олиш учун банкка
мурожаат қилганда, фонд тугаганини баҳона қилиб, банкдагилар улар илтимосини
кўриб чиқишни рад эдишган. Бу қанчалик тўғри?”, – деган саволга Ғ.Маматқулов бу нотўғрилигини, таълим кредити
ажратиш фонд билан чеклаб қўйилмаганлигини таъкидлади.
Булардан ташқари матбуот анжумани давомида журналистлар ўзларини
қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдилар.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий