суббота, 5 декабря 2015 г.

Қўли очиқнинг – йўли очиқ

Самарқандда Халқаро ногиронлар куни доирасида қатор тадбирлар бўлиб ўтди.


3 декабрь – Халқаро ногиронлар кунини кенг нишонлаш Самарқанд вилоятида ўзига хос анъанага айланган. Ушбу сана байрам эмас, балки меҳр-шафқат улашадиган, эзгулик яққол намоён бўладиган кун сифатида қайд этилади десак, тўғрироқ бўларди.


Бу йил ҳам вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси ва яна  қатор ташкилотлар ташаббуси ва иштироки билан турли тадбирлар ташкил этилди. Дастлаб ушбу кунни нишонлаш масаласи вилоят ҳокимлигида кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди. Халқаро ногиронлар кунини ўтказиш бўйича вилоят ташкилий қўмитаси тузилди ҳамда ташкил этиладиган тадбирлар режаси тасдиқланди.

Тадбирларнинг асосий қисми 3 декабрь куни Ҳамид Олимжон номли вилоят мусиқа ва драма театри биносида бўлиб ўтди. Дастлаб тантанали равишда хайрия марафони ўтказилди. Унда турли ташкилот вакиллари, қўли очиқ алоҳида шахслар ўз хайриялари билан иштирок этишди. Театр фойесида ўрнатилган қути секин-аста тўла бошлади. Тўпланган маблағ Ногиронлар жамғармаси вилоят бўлими ҳисоб рақамига ўтказилди. Шу ернинг ўзида бир гуруҳ ногиронларга керакли реабилитация техник воситалари – ногиронлар аравачалари, эшитиш мосламалари, ҳасса, қўлтиқ-таёқ тарқатилди.  

Шундан сўнг театр залини тўлдириб ўтирган ногиронлар учун катта дастурда концерт берилди. Вилоятнинг номдор санъаткорлари ўз чиқишлари билан йиғилганлар кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилишди. Концертдан сўнг тадбир қатнашчилари учун  шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари, тарихий ёдгорликларига саёҳат ташкил этилди. Сўнгра улар байрамона безатилган дастурхон атрофида тўпландилар.

Халқаро ногиронлар кунини нишонлаш доирасида вилоятнинг шаҳар ва туманларида ногиронлар иштирокида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди, имконияти чекланган болалар таълим-тарбия олаётган таълим муассасаларида кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди.

 Ушбу сана муносабати билан қатор маҳаллар ўз ташаббуслари билан ногиронлар яшайдиган хонадонларда бўлиб, улар ҳолидан хабар олишди, совға-салом улашишди. Ана шундай хайрли ишни амалга ошириш анъана бўлган маҳаллалардан бири Самарқанд шаҳридаги Боғимайдон маҳалласидир. Бу йил ҳам маҳалла фаоллари 12 нафар ногироннинг уйига бориб, озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат совғаларини тарқатдилар ҳамда уларнинг кўнлгини кўтариш учун ўзларининг дил сўзларини аямадилар.  


Тошпўлат Раҳматуллаев  

Комментариев нет:

Отправить комментарий