Самарқанд вилоят ОИТСга қарши кураш марказида шаҳар жамоатчилиги
вакиллари, талабалар ва журналистлар иштирокида тадбир бўлиб ўтди. У Халқаро
ОИТСга қарши кураш куни арафасида ўтказилди.
Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи
ўринбосари Азиз Жўраев очди. У орттирилган иммунитет танқислик синдромига қарши
курашиш ва унинг тарқалишининг олдини олиш борасида вилоятда амалга оширилаётган
ишлар ҳақида қисқача сўз юритди. Жумладан, жорий йилнинг 10 ойи мобайнида
вилоятда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ушбу хасталик билан оғриганлар сони
3,5 фоизга камайганлигини уқтирди.
Азиз Жўраев |
Шундан сўнг вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош врачи Акмал Аҳроровнинг
маърузаси тингланди. У ўз чиқиши давомида кўплаб рақамларга мурожаат қилди.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига қараганда бугунги кунда
ер юзида одам иммунтанқислик вируси (ОИВ) билан яшаётганлар сони 35 миллион
кишини ташкил этади. Бир кеча кундузда дунё бўйича 7 минг нафар, бир соатда эса
300 нафар шахс ОИВ инфекциясини юқтириб олаётган экан.
Ўзбекистонда 2015 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 32546 кишининг ОИВ
инфекцияси билан зарарланганлиги аниқланган. Шуларндан 9573 нафари Тошкент
шаҳрида, 4943 нафари Тошкент вилоятида, 4937 нафари Андижон вилоятида, 3875
нафари Самарқанд вилоятида аниқланган.
ОИВ инфекцияси билан яшаётганларнинг 43 фоизини аёллар ва 57 фоизини
эркаклар ташкил этади. Касалликнинг Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида ҳамда
Самарқанд, Пастдарғом, Иштихон туманларида вилоятнинг ўртача кўрсаткичидан
юқорилиги кузатилмоқда.
Лабораторияда |
А. Аҳроров оғир хасталикнинг олдини олиш ҳамда касалликка чалинганлар
билан қандай муомалада бўлиш каби долзарб масалалар устида ҳам тўхталиб ўтди. Бу
борада вилоят ОИТСга қарши кураш маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар
ҳақида сўзлаб берди. Тадбирнинг расмий қисми бошланишидан олдин журналистлар
бош врач ҳамроҳлигида марказ билин яқиндан танишиш имконига эга бўлишган эди.
Шуни таъкидлаш лозимки, марказ биноси сифатли таъмирдан чиқарилган,
ишлаш учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Марказ керакли асбоб-ускуналар ва замонавий
техника воситалири билан таъминланган. Асосий тадбир ўтказилган мажлислар
залига ҳар қандай катта ташкилот ҳавас қилса арзийди.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий