Самарқанд вилоятида жорий йилда 16 минг нафар донор
топширган қондан кўплаб беморлар шифо топади, айрим оғир хасталикка
учраганларнинг ҳаёти сақлаб қолинади.
Самарқанд вилоят журналистлари учун уюштирилган
пресс-тур доирасида дастлаб вилоят қон қуйиш марказида бўлдик. Шу кунларда бу
ерда амалга оширилаётган ишлар ҳақида марказ бош врачи Рофе Алиев батафсиз
сўзлаб берди. Аниқроғи, у журналистларни бошлаб барча лаборатория ва иш
хоналарига олиб кирди, бирма-бир замонавий аппаратлар ҳамда улар ёрдамида
бажарилаётган ишлар билан таништирди.
Марказ Осиё тараққиёт банкининг молиявий кўмагида марказ
янги асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Булар энг замонавий аппаратлар бўлиб,
қон таркибини кўп томонлама таҳлил қилишда хизмат қилади. Шулар ҳақида гапирар
экан, Р.Алиев “бизнинг хатога йўл
қўйишимиз мумкин эмас”, деб таъкидлади. Чунки беморларни даволашда фойдаланадиган
қон ўта тоза бўлиши лозим. Шу сабабли қон олишдан олдин донорлар ҳар томонлама
текширилади.
Ана шундай текшириш натижасида шу йилнинг ўтган
ойлари мобайнида қон топширмоқчи бўлган 20 кишида одам иммунтанқислик вируси (ОИВ)
хавфи аниқланди. Жиддий текширувлар туфайли уларнинг 10 нафарида дастлабки
ташҳиз ўз тасдиғини топди. Шундай бўлишига қарамасдан, 20 кишининг ҳаммаси
махсус картотекага киритилди. Улар энди ҳеч қачон донорликка жалб қилинмайди.
Р.Алиевинг сўзларига қараганда, марказ ходимларининг
аҳоли орасида олиб борган ташвиқот ва тарғибот ишлари натижасида бу йил
донорлар сони 16 минг кишига етган. У талабаларга қон топшириб туришнинг
саломатликка аҳамияти ҳақида батафсил тушунтириш ўз самарасини берганлигини
таъкидлади. Масалан, Самарқанд давлат университетидан 401 нафар ва Архитектура
ва қурилиш институтидан 351 нафар талаба қон топширган.
Вилоятда топширилган қон сифатини мунтазам назорат
қилиб туриш ва қон захираси ҳақида маълумотлар базасини яратиш мақсадида 2012
йилда мавжуд 19та қон қуйиш пункти ягона марказга бирлаштирилган эди. Айни пайтда
қон қуйиш маркази минтақавий мақомга эга бўлиб, Самарқанд вилоятидан ташқари
яна Жиззах ва Сирдарё вилоятлари аҳолиси учун ҳам хизмат қилади.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий