среда, 16 декабря 2015 г.

Болалар боғчасидан тортиб масжидгача обунага жалб қилинди

“Бешикдан қабргача илм ўрган” деган ҳадис талабини амалда қўллаш йўлини биз топдик. Болалар боғчаси тарбияланувчиларини, пенсия ва нафақа олувчиларни ҳамда масжидга келувчиларни обуна қилиш йўли билан халқимиз саводхонлик даражасини янада оширадиган бўлдик.


Саводхонлик деганда бизда оддийгина ўқиш орқали баъзи бир нарсалардан хабардор бўлиш тушунилмаслиги боис обуна бўлиш учун ижтимоий-сиёсий йўналишдаги “отахон” ва “онахон” газеталар тавсия этилганди.

Бир почта бўлимига кириб, жанжал устидан чиқиб қолдим. Маълум бўлишича, ушбу почта бўлимига 35 номдаги газетага ҳеч бўлмаганда олти ойга обуна қилдириш мажбурияти юклатилган экан. 7-8 нафар пенсия олувчидан 10 минг сўмдан ушлаб қолинганлиги сабаб онахонлар ўз квитанцияларини талаб қилишаётган эди. Почтачи аёл битта газетага саккизта квитанция ёзиб беролмаслигини тушунтириш билан овора. Яна бир гуруҳ онахонлар “Бекажон”, “Сўғдиёна” каби газеталарга обуна бўлишлари мумкинлигини билдиришди. Аммо почтачи аёл фақат “жиддий” газеталарга обуна қилдириш ҳақида кўрсатма олганлигини уқтирарди. Ана жанжалу мана жанжал!

Боғчага қатнайдиган неварамдан барча болаларга обуна учун 15 минг сўмдан пул олиб келиш айтилганини эшитиб, “Эврика” деб юборганимни билмай қолдим. Мана, гўдакларни ўқишга жалб қилиш йўли! Шу чоқдан улар “жиддий” газеталар оламига кириб кетади. Обунани ташкил этувчилар юртимиз келажагини ўйлаб, бу ишга қўл урганликларини даъво қилишса не ажаб?!

Яқинда бир журналист дўстимизнинг Фейсбук тармоғида жойлаштирган қуйидаги битикларига кўзим тушди: “Вилоятимиздаги диний идора йиғилишига бориб қолдим... Вилоят имом хатибининг муовуни ҳар битта туман имом хатибларини, кейин шаҳардаги ҳар бир имом хатибни турғизиб, республиканинг энг номдор “Отахон газета”сига нечта обуна бўлдинг? Вилоят газетасига-чи? деб сўроқ қилди. Кап-катта имомларни “Эллик-олтмиштага обуна бўлдик”, десалар ҳам, ёш боладек бурчакка турғизиб, изза қилганини кўриб, жуда хижолат бўлдим. Нақадар бемаза ишлар булар!”. Унчалик бўлмаса керак-э!

Таниш ўқитувчи ишлаётган мактабнининг обунасига 18 миллион сўм “план” қўйилганини айтиб қолди. “Бунинг нимаси ёмон, - дедим. Ахир, шундай йўл билан ўқитувчию ўқувчини ўқиб ўрганишга мажбур қилишмаса, бўлмайдиганга ўхшайди”. У гап пулда эмаслигини, ўқувчилардан 25 минг сўмдан, ўқитувчилардан 100 мингдан, директор, унинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари ва завучдан 300 минг сўмдан йиғилган бўлса ҳам, ортиқча гап-сўз бўлмаганлигини айтди. “Фақат гап шундаки, унча ҳам керак бўлмаган “қуруқ”  газеталарга обуна қилишдию, аммо уни ҳам бизга етиб келишига унча ишонмаймиз-да”, - деди ҳалиги ўқитувчи.

Обуначиларни кўпроқ газеталар уларга етиб келмаслиги хафа қилмоқда. Чунки обунани ташкил қилаётган хусусий фирмалар шунчалик кўпайиб кетганки, бу ҳолдан хабардорлар бунинг бежиз эмаслигига ишора қилиб, унинг тагига кимдир ёки қайсидир ташкилот етиб бориш лозимлигини уқтиришмоқда.

Тошпўлат Раҳматуллаев


   

Комментариев нет:

Отправить комментарий