суббота, 12 декабря 2015 г.

Нима сабабдан суғурта, унинг турлари ва афзалликлари ҳақида деярли хабардор эмасмиз?

Ўзбекистонда қандай суғурта турлари мавжуд? Мажбурий суғурта қўлланилишининг шарт-шароитлари қандай? Ихтиёрий суғуртанинг афзалликлари нималардан иборат? Шу ва шу каби бошқа саволларга “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти Самарқанд вилоят филиали бошқарувчиси ўринбосари Анвар Болиев матбуот анжуманида жавоб беришга ҳаракат қилди.

“Ўзагросуғурта” АЖ ташкил этилганлигига 18 йил ўтган бўлса-да, унинг фаолияти тўғрисида ва суғуртанинг турлари ҳамда уларнинг жисмоний ва юридик шахслар учун  аҳамияти нималардан иборат эканлиги ҳақида кенг жамоатчилик етарли даражада хабардор десак, нотўғри бўларди. Бу хусусда матбуот анжумани давомида очиқ сўз юритилди.

Дарҳақиқат, ихтиёрий суғуртанинг алоҳида шахслар ва фермер хўжаликлари учун афзалликлари тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлмаганларни қандай қилиб суғурта шартномасини тузишга жалб қилиш мумкин? Ҳатто ахборот тизими билан яқин алоқада бўлган, хабардорлик даражаси юқорироқ ҳисоблаган журналистлар учун ҳам матбуот анжуманида эшитганларининг анчагинаси янгилик эди.

А.Болиевнинг уқтиришича, “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти Самарқанд вилоят филиали 100дан ортиқ суғурта тури бўйича жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиб келмоқда. Вилоят туманларида филиалнинг 20га яқин ҳудудий бўлинмалари мавжуд.

Жорий йилда қишлоқ хўжалик суғуртасида суғурта шартномалари сони ўтган йилга нисбатан 289тага кўпайган. Бу асосан пахта ва ғаллачилик билан шуғулланадиган қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳисобига тўғри келади. Ҳаммаси бўлиб шу йилнинг 11 ойи давомида аҳоли, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан 255643та суғурта шартномалари тузилган. Натижада 5,4 миллион сўмликдан ортиқроқ суғурта шартномалари имзоланган. Шунингдек, турли хил бахтсиз ҳодисалар, табиий офатлар ва суғурта ҳодисалари оқибатида кўрилган зарарларга деярли 654 миллион сўмлик суғурта товон пуллари тўланган.

Акциядорлик жамияти томонидан тақдим этилаёган суғурта турларининг 20дан ортиғи қишлоқ хўжалиги суғуртаси билан боғлиқ. Уларнинг асосий турлари қуйидагилар: ҳосил суғуртаси, лизингга олинган (олинаётган) қишлоқ хўжалиги техникаларини суғурта қилиш, қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини суғурта қилиш, кўп йиллик дов-дарахтларни суғурта қилиш, қишлоқ хўжалик корхоналарининг гаровга қўйилаётган мол-мулкини суғурталаш, қишлоқ хўжалик экинларини қайта экиш натижасида олдиндан кўзда тутилмаган харажатларни ихтиёрий суғурталаш.

Мулк суғуртаси бўйича эса қуйидаги суғурта турлари мавжуд: мол-мулкни суғурта қилиш, гаровга қўйилаётган мулкни суғурта қилиш, транспорт воситаларини комплекс суғурта қилиш, йўлдаги мол-мулкни (юкларни) суғурта қилиш, ипотека кредитлари бўйича комплек суғурта қилиш.

Юқорида кўрсатилган суғурта турларининг ҳар бири бўйича “Ўзагросуғурта” АЖ бир қатор таваккалчиликлар (рисклар) бўйича мажбурият олиб боради. Ушбу мажбуриятлар ҳақида ва умуман суғуртанинг афзалликлари тўғрисида аниқ маълумот олмоқчи бўлганлар жамиятнинг филиали ва ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилиши мумкин.

Тошпўлат Раҳматуллаев











Комментариев нет:

Отправить комментарий