среда, 29 мая 2019 г.

Имом Восе МФЙда «Маҳалла куни»ни нишонланди



Самарқандда шаҳар ҳокимининг қарор билан мавжуд 209та маҳалланинг ҳар бирида тасдиқланган рўйхат асосида «Маҳалла куни»ни ўтказиш режалаштирилган. Яқинда ана шундай оммавий байрам тадбири  Имом Восе маҳалласида бўлиб ўтди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича шаҳар кенгаши раиси Аҳмаджон Маматовнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш ҳамда маҳаллалар нуфузини янада ошириш мақсадида «Маҳалла куни» кенг, оммавий тарзда нишонланмоқда. Унинг доирасида ўтказилаётган ранг-баранг тадбирлар маҳаллаларда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари, турли динларга мансуб бўлган фуқаролар ўртасида аҳиллик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Имом Восе маҳалласида ушбу тадбирга пухта ҳозирлик кўрилди. Шоҳизинда мақбараси рўбарўсида жойлашган Имом Восе маҳалла маркази байрамона безатилди. Тадбирга меҳмонлар таклиф этилди. Мактаб ўқувчилари ўзлари таёрлаб келган саҳна чиқишлари,  куй-қўшиқлари билан йиғилганларни хушнуд этишди.

“Маҳалламизда 2500 нафар аҳоли 600тага яқин оилада бирлашган ҳолда истиқомат қилади. Биз барча тадбирларни ҳамжиҳатлик билан ўтказамиз. Фаолларимиз билан биргаликда “Маҳалла куни”ни ҳам юқори савияда ташкил қилишга ҳаракат қилдик. Бугун фуқароларимиз учун ўзига хос бир байрам ташкил этилди”, – дейди МФЙ раиси Ўктам Халилов.
 
«Маҳалла куни» доирасида бир қатор номинациялар бўйича танловлар ўтказилди. “Энг яхши кўча”, “Энг яхши қайнона”, “Энг яхши келин”, спортнинг бир қатор турлари бўйича “Энг яхши спортчи” кабилар шулар жумласидандир. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

«Маҳалла куни» йил давомида навбати билан шаҳардаги барча маҳалла фуқаролик йиғинларида ўтказилади.


Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий