Дарҳақиқат, баъзан ўзига хос, соғлом ақл билан, демократия ва адолат
тамойилларига таянган ҳолда тушуниш мушкул бўлган бир вазиятга дуч келяпмиз.
Суд қароридан норози бўлган фуқароларимиз оммавий ахборот воситалари ходимларига
“бузилган ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш”ни сўраб мурожаат қилмоқда. Бу ҳолат шунчалик
тез-тез такрорланмоқдаки, кўп вақт ўтмасдан у мунтазамлик касб этмаса, деб қўрқаман.
Албатта, суд жараёнининг барча иштирокчилари ҳам суднинг ҳал қилув
қароридан рози бўла олмайди. Бу ҳақда сўз юритиб, Фуқаролик ишлари бўйича
Самарқанд вилоят суди раиси Маъруфжон Тожибоев характерли бир мисол келтирган
эди. Фуқаролик ишлари бўйича вилоят судлари ўтган йили 23 мингта ишни кўриб
чиққан. Агар уларнинг ҳар бирида даъвогар ва жавобгар сифатида икки кишидан
қатнашган бўлса, демак, суднинг чиқарган қароридан 46 минг киши рози ва яна
шунча одам норози бўлади. Аммо...
Нега судда “ютқазган” томонга чиқарилган қарор адолатли ва шаффоф қабул
қилинганлиги тушунтириб берилмайди? Нега уларнинг адвокатлари қарор адолатли
эканлигини англаса-да, мижозининг “кураш”ни давом эттиришини ёқлаб чиқади?
Булар қонун доирасида чиқарилган ҳал қилув қарорларига тегишли мулоҳазалар эди.
Афсуски, кейинчалик “суд хатоси” деб
эътироф этиладиган, бекор қилинадиган ишлар ҳам мавжудлигидан кўз юмиб
бўлмайди.
Агар суд қарорларидан норозилар сафи камайса, турли идораларга шикоят
қилувчилар сони ҳам кескин камайган бўларди. Ҳозир нима бўляпти? Аризаю
шикоятлар кети узилмаяпти. Масалан, фақат Самарқанд вилояти ҳокими шаҳар ёки
туманда сайёр қабул ўтказганда 300-400 ҳатто 600 киши мурожаат қилмоқда. Бу –
бир кунда! Улар орасида судларнинг қароридан норози бўлган юртдошларимиз ҳам
мавжуд. Улар сафини камайтириш учун нимадир қилиш лозим. Бу уларнинг вақти,
асаби, маблағани беҳуда сарфланишининг олдини оларди.
Суд қарорларидан норози бўлиб, каминага мурожаат қилганларнинг
арзларини ўрганиш қатор хулосаларга сабаб бўлди. Уларнинг айримлари билан
ўртоқлашиш ниятида қўлимга қалам олдим.
Суд мажлисларида қатнашганларнинг норозилигини келтириб чиқараётган сабаблардан
бири мажлис белгиланган вақтдан анча кеч бошланишидир. Мен ўзим неча марта суд мажлисларида
қатнашган бўлсам улар бирор марта вақтида бошланган эмас. Камида бир соат
кечикиб келган судья буни одатий ҳол деб қабул қилади, кечикишига изоҳ бермасдан,
кечирим сўрамасдан ишга киришади. Ҳатто бир марта ишнинг ўзи 6-7 дақиқа
давомида кўрилган маъмурий суд мажлиси бошланишини деярли бир соат кутишга
тўғри келганди.
Самарқанд шаҳридаги Олтин аср маҳалласидан тушган шикоятни текшириш
давомида қатор саволларга жавоб ахтаришга тўғри келди. Пенсия ёшидаги бир гуруҳ
онахону отахонлар турли идораларга мурожаат қилиб, кўп қаватли турар жойлар орасида,
тайёр маҳалла марказини бузиб, ўрнига кўп қаватли бино қурилишидан норози
эканликларини билдириган эди. Бўлажак бинонинг пойдевори учун катта чуқур қазиб
қўйилган жойда олдин саккизта хона ва мажлислар залидан иборат маҳалла маркази
қад ростлаб турган. Бино бузилишидан икки йил аввал катта маблағ эвазига
таъмирдан чиқарилган. Бундан ташқари, ана шу жойда 35 дарахт ҳам бўлган.
Люмила Старухина ва бошқа фаоллар маҳалла маркази маҳалланинг собиқ
раиси берган нотўғри маълумотнома асосида бузиб ташланганлигини уқтиришмоқда.
Унда марказ биноси эскирган, деворлари нураб кетган деган ёлғон маълумот
келтирилган экан. Фаоллар қурилишни тўхтатиш, пойдевор учун қазилган чуқурни
кўмиб ташлаш, маҳалла марказини қайта қуриб бериш ва қалбакилаштирилган
ҳужжатларни тақдим этганларни жазога тортишни талаб қилишмоқда. Бутун шаҳарда
бўлгани каби қурилиш вақтинча тўхтатилган, аммо фаолларнинг бошқа талаби
эътиборсиз қолиб кетмоқда.
“Биз шаҳар ҳокимлигига, прокуратурага, фуқаролик ишлари бўйича шаҳар
судига мурожаат қилдик. Аммо ҳақиқат қарор топишига кўзимиз етмай турибди”,
– дейди Л.Старухина. У судда ўзи гувоҳи
бўлган ҳолатни катта алам билан сўзлаб берди. Унинг сўзларига қараганда, суд
залида мажлис бошланишини кутиб турганда, судья кириб келади ва жавобгар –
қурилиш фирмаси вакили ва ишни кўришда қатнашаётган ҳокимлик юристи билан
қучоқлашиб кўришади. “Улар бизнинг кўз ўнгимизда бир-бирига яқинлигини намойиш
этган экан, ишнинг холис кўриб чиқилишига қандай ишонишимиз мумкин эди? Аслида судьянинг
ўзини шундай тутиши касб этикасига тўғри келадими?”, – дейди ҳайратини яширолмасдан суҳбатдошим.
Уни қарийиб шок ҳолатига туширган яна бир воқеа ўша ернинг ўзида, суд
залида содир бўлади. Қурилиш фирмаси вакили Л.Старухинага, момоси қатори аёлга
қарата “агар ишимга халақит беришни
тўхтатмасанг, сени ҳам, мухбирингни ҳам нима кутаётгалигини тасаввур қилолмайсан”
деб, очиқ дағдаға қилади. Бунга жавобан ўша ерда ҳозир бўлган қонун посбонларининг
лом-мим демагани, ҳеч бўлмаса йигитчага танбеҳ беришмаганини пенсионер аёл ҳеч
тушунолмайди.
Қуйидаги ҳолатга қонун юзасидан қандай баҳо бериш мумкин? Воқеа тафсилоти
ҳақида ЎзА журналист суриштируви натижаси сифатида “Самарқанд туманида уй-жой
ва корхоналар бузиб ташланишидан ким манфаатдор?” сарлавҳаси остида иккита
мақола эълон қилган эди (http://www.uza.uz/oz/society/samar-and-tumanida-uy-zhoy-va-korkhonalar-buzib-tashlanishid-02-04-2019).
2011-2018 йиллар мобайнида Самарқанд туман ҳокимлиги “Ўрмон”
боғдорчилик-узумчилик ширкати ҳудудидан 150 оилага дала-ҳовли қуриш ва 30
нафардан ортиқ тадбиркорга иссиқхона ва бошқа тадбиркорлик объектлари барпо
этиш учун ер ажратган эди. Туманнинг янги ҳокими аввалги икки ҳоким ҳамда
ўзининг ер ажратиш ҳақидаги қарорларини бекор қилиб, тайёр дала-ҳовлилар ва
иссиқхонаю бошқа биноларни бузиб ташлашни талаб қилган. Фуқаролик ишлари бўйича
Тойлоқ туманлараро суди ер эгаларини ерларни “ўзбошимчалик билан эгаллаб
олиш”да айблаб, уларга қурилган бино ва тадбиркорлик объектларни ўз ҳисобидан
бузиб ташлаш ва катта миқдорда жарима тўлашини кўзда тутувчи ҳал қилув қарорлари
қабул қилмоқда.Аммо ер аҳолига туман ҳокимлигининг қарори билан, ўрмон хўжалиги
раҳбарияти розилиги асосида ажратилган эди-ку?! Буни қандай қилиб, “ўзбошимчалик
билан эгаллаб олиш” деб аташ мумкин?
Бундай мисолларни ўзим ва касбдошларимга келаётган шикоятлар асосида
кўплаб келтириш мумкин. Келгусида аниқ мисоллар билан бу мавзуни давом эттириш
ниятим бор. Ҳозир эса ўз ишини яхши билган, соҳада катта тажриба орттирган
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг раиси Маъруфжон Тожибоев фикрларини
келтирмоқчиман.
Ўтган йили судларда кўрилган жами ишлардан 5,7 фоизига шикоят келиб
тушган бўлиб, бекор қилинган ишлар эса 1,2 фоизни ташкил этади. Судьялар хатога
йўл қўйишининг асосий сабабини М.Тожибоев уларнинг ўта бандлиги билан изоҳлади.
Ҳар бир судьяда у кўриб чиқиши лозим
бўлган ишларнинг сони нормадагидан бир неча баробар кўп эканлигини уқтириб, судларда
низоларнинг кўпайиши билан боғлиқ айрим ҳолатларни тилга олиб ўтди. Жумладан,
низоли ҳолатларда мулкни бозор баҳосини белгиланмаганлиги оқибатида фуқаролар сарсон
бўлиб, судларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда. Айрим ҳокимликлар томонидан
мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқлари бўйича қарорларнинг барқарор бўлмаслиги
оқибатида ишларни судлар томонида қайта-қайта кўриб чиқиш ҳолатлари мажуд. Шунингдек,
ҳоким қарори чиқарилгандан кейин ажратилган ер майдонини кадастр хизматлари
томонидан Ер кодексининг талабларига асосан ўлчаб берилмаслиги оқибатида фуқаролар
ва тадбиркорлар ўртасида келишмовчиликларнинг келиб чиқиши кўпайган.
Шундай экан, судьялар штат бирлигини тартибга келтириш, ҳар бир судьянинг
бир йилда кўриб чиқиши лозим бўлган иш
нормаси аниқ белгиланган бўлиши зарурлиги кўриниб турибди. Шу билан бирга, жамоатчилик диққат марказида бўлиб
келаётган масала –судлар хатосининг баҳоси, унинг оқибатларини бартараф этиш, хатога
йўл қўйганларни жазога тортиш кабилар қандай ҳал этилади?
Гуноҳсиз жавобгарликка тортилган шахс оқлангандан кейин унга етказилган
моддий ва маънавий зарар қандай тартибда ва ким томонидан қопланади?
Бу каби саволлар талайгина. Уларни ечишда судлар ва ОАВ вакиллари
ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳам зарур. Шундай эмасми?
Комментариев нет:
Отправить комментарий