четверг, 2 мая 2019 г.

Маҳмудхўжа Беҳбудий яшаган уйга хотира лавҳаси ўрнатилди. Навбат энди музейга...(ми)?


Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий яшаган уй деворига хотира лавҳаси ўрнатилиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Унда олимлар, талабалар, шаҳар жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.

Улуғ маърифатпарвар, Туркистон жадидчилик ҳаракатининг сардорларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий мамлакатимиз равнақи, халқимизни илм ва маърифат сари етаклаш  йўлида ҳаётини ҳам аямаган фидойилардан ҳисобланади. Кўп йиллар давомида унинг меросидан бебаҳра қолиб келаётган эдик. Мустақиллик йилларида Беҳбудийнинг пок номи тикланди, асарлари нашрдан чиқди, у ҳақда китобу мақолалар чоп этилди.

Самарқандда ёзувчи ва публицист Нусрат Раҳмат бошчилигидаги бир гуруҳ зиёлилар саъй-ҳаракати билан маърифатпарвар бобомизга бюст қўйилишига эришилган эди. Маданият ва маърифатимиз тарихига бефарқ бўлмаган ана шундай жонкуярлар заҳмати билан 2 май куни Беҳбудий яшаган уйга кираверишдаги эшик ёнида хотира лавҳаси ўрнатилди.  
 
Нусрат Раҳматнинг уқтиришича, хотира лавҳасини тайёрлаш ва ўтнатиш билан боғлиқ барча ишларга Қатағон қурбонлари хотираси вилоят музейи директори профессор Суюн Каримов, маърифатпарварнинг набираси Шерзодхон Беҳбудий бош-қош бўлишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Маҳмудхўжа Беҳбудий лавҳа ўрнатилган уйда 1910 йилдан умрининг охиригача, яъни то 1919 йилгача яшаганлигини ва ўзининг машҳур асарларини шу ерда ёзганлинини таъкидлашди. Айнан шу уйда Туркистоннинг биринчи нашриёти жойлашган эди. Шу ерда “Ойна” журнали, “Самарқанд” газетаси тайёрланиб, нашр эттирилган, биринчи ўзбек саҳна асари “Падаркуш” яратилган.
 
Самарқандлик зиёлиларнинг яна бир орзуси Беҳбудий уй-музейини ташкил этишдан иборат. Ҳозирги кунда унинг уйида “Вилоят давлат мулкини ижарага бериш маркази” ДУК жойлашган. Ушбу корхонага бошқа жой ажратилса ва бинода Беҳбудийнинг уй-музейи ташкил этилса, буюк мутафаккирнинг меросини тарғиб қилишда, ёш авлодни буюк аждодимиз мероси билан яқиндан таништиришда муҳим қадам қўйилган бўларди

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий