пятница, 3 мая 2019 г.

Корруцияга қарши яна ўнлаб тузилмалар ташкил этилса-ю, ОАВга эътибор қаратилмаса, ҳеч нима ўзгармайди!


Мамлакатимизда давлатни ич-ичидан емираётган, жамият ривожига жуда катта тўсиқ бўлиб турган, иқтисодиёт тараққиётининг муҳим омили бўлган инвестицияларнинг кириб келишига халақит бераётган коррупцияга қарши курашиш йўлида қатор амалий ишлар бажарилди. Жумладан, куч ишлатиш тизимлари таркибида бир қатор янги тузилмалар ташкил этилди. Аммо ривожланган демократик мамлакатлар тажрибаси бу иллатни йўқотиш учун оммавий ахборот воситалари иштирокисиз бирор бир муҳим натижага эришиш мумкин эмаслигини кўрсатмоқда.

ОАВ бу ва зиммасидаги бошқа ижтимоий аҳамиятга молик вазифаларни самарали бажариши учун нима халақит бермоқда? Журналистикамиз нега оёққа тура олмаяпти? Нега Ўзбекистонимиз сўз эркинлиги бўйча дунёда ҳамон охирги ўринларда турибди? Оммавий ахборот воситаларининг ҳақиқий “тўртинчи ҳокимият” даражасига етиб олиши учун нималар қилиш керак?

Ушбу саволларнинг жавоби учун битта мақола камлик қилиб, катта тадқиқот олиб бориш, китоблар ёзиш талаб қилинадигандек кўринади. Аслида журналистикамизни сўз эркинлиги устувор бўлган давлатлар даражасида бўлиши учун кўп нарса керак эмас. ОАВнинг эркин фаолият юргизишига имкон яратилса, журналистларнинг холис чиқиши эътиборсиз қолдирилмаса, тўғри сўзи учун улар таъқиб қилинмаса, шунинг ўзи етарли. Журналистнинг вазифаси ахборот йиғиш ва тарқатиш экан, бунга халақит бермаслик керак. Унинг иши шу, қўйинг у ҳам бошқалар каби ўз ишини бажарсин.

Аммо ҳозиргача биз журналистикамиз ўз вазифасини тўлақонли бажармоқда деёлмаймиз. Аҳолини кечаётган воқеа ва ҳодисалардан ўз вақтида хабардор қилиб бориш, ҳар қандай ноҳақликни, ноқонуний хатти-ҳаракатни, у ким томонидан содир этилганлигига қарамасдан, дадил очиб ташлаш, хабар тайёрлаш ёки ҳар қандай муаммоли ҳолатни ёритишда бетарафлик билан ёндашиш каби журналистик тамойилларга доимо ҳам амал қилинмоқда деб бўлмайди.

Давлатнинг норасмий назоратчиси сифатидаги журналист ўрнини англаш ва унинг чиқишларига тўғри муносабатда бўлиш лозим. Ваҳоланки, “бизнинг” амалдорлар ОАВнинг холис танқидини ҳазм қилишолмайди, улар фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай салбий фикрга тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатади. Аслида амалдор журналистдан чўчимаслиги керак. Тўғри-да, агар у тўғри ишлаётган бўлса, нимадан қўрқади?

Ҳур фикрли ижодкорлардан қўрқмаслик керак. Аксинча, улардан, уларнинг салоҳиятидан фойдаланиш зарур. Ҳозирда кўпгина бош муҳаррирларда ва журналистларда ички цензуранинг кучлилиги йиллар давомида ҳақиқатни айтган журналистларга тизим душманлари сифатида қаралиб келинганлигининг натижасидир. Агар танқидий-таҳлилий чиқишлар билан танилган журналистлар қўллаб-қувватланса, унда бошқа ҳамкасбларида ҳам жасорат шаклланиб боради.

ОАВнинг ҳар қандай чиқишига ҳозиржавоблик билан муносабатда бўлиш лозим. Бу журналист сўзининг кучини кўрсатади. Камчиликларни ўз вақтида бартараф қилишга олиб келади. Бугунги ҳақиқат шуки, журналистларнинг танқиди эътиборсиз қолиб кетмоқда. Кўплаб мақолаларда турли характердаги камчиликлар билан коррупцион ҳолатлар ҳам тилга олинаётганлигига қарамасдан, тегишли органлар бу чиқишларга бефарқлик билан муносабатда бўлмоқда.

Коррупция фақат пора олиш билан чекланмайди. ОАВда ер майдонларини ажратиш, турли объектларни бузиш ва қуриш муаммолари ёритилган мақолалар эълон қилинмоқда. Уларда янги тайинлаган маҳаллий давлат органи раҳбари ўзидан олдинги раҳбар қабул қилган қарорларни бекор қилиб, ер майдони ёки мол-мулкни бошқаларга бериш ҳақида янги қарорлар қабул қилаётганлиги ёритилмоқда. Ушбу мазмунда эълон қилинган мақолаларда аниқ далиллар келтирилганлигига қарамасдан, аксар ҳолларда ҳуқуқ-тартибот органлари уларни ўрганмаяпти, айбдорларни топиб, уларга нисбатан чора кўрмаяпти.

Натижада ОАВ ишининг самарадорлиги ўта паст даражада қолиб кетмоқда.Бу, бир томондан, журналистларнинг ўз ишидан қониқиш ҳосил қилмаслиги оқибатида ундан совуб қолишига, иккинчи томондан, амалдорларда “мухбир ёзса ёзаверсин, барибир ҳеч нарса бўлмайди” деган кайфият устун бўлишига олиб келмоқда. Журналист қанча вақт ва куч сарфлаб мақола тайёрлайди, кўп ҳолларда тазйиққа учрайди, қилган иши учун арзимас қалам ҳақи олади. Аммо ишининг натижасини кўролмайди.

Шу муносабат билан яна янги саволлар туғилади: Нега йиллар давомида ҳақиқатни айтиб, камчиликларни тилга олиб, аниқ таклифлар билдириб келаётган соҳа вакилларининг фикри билан ҳеч ким қизиқмайди? Қандай қилиб танқид кўпайсин? Ахир, йиллар давомида фақат ижобий руҳда қалам тебратганлар, маддоҳизм байроғини баланд кўтариб келганлар тақдирланган бўлса, шундайлар “Олтин қалам” ва давлат мукофотларини олиб, танқидий-таҳлилий фикр юритувчилар таъқиб қилинган бўлса, бирданига журъатли журналистлар пайдо бўлармиди? Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан  ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” танлови бу йил ким совриндор бўларкин?

Аслида ушбу фикрлар бугун 3 май  Жаҳон матбуот эркинлиги куни туфайли қаламга олган фикрларим эди. Тилга олинган муаммолар ҳақида яна батафсилроқ сўз юритиш ниятим бор.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий