“Нуроний” жамғармаси Жиззах шаҳар бўлими ташаббуси
билан бир гуруҳ меҳнат фахрийлари Самарқандда бўлиб, кўҳна шаҳарнинг диққатга
сазовор жойларини кўздан кечирди, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди.
Мамлакатимизда ички туризмни ривожлантиришга катта эътибор
қаратилмоқда, бу борада махсус дастур ҳам ишлаб чиқилган. Натижада кўплаб
корхона ва муассасалар, жамоат ташкилотлари юртимизнинг диққатга сазовор жойлари
билан яқиндан танишиш мақсадида саёҳатлар
уюштиришга киришди. Айни кунларда
Самарқанднинг қайси ёдгорлигига борманг, республикамизнинг барча ҳудудларидан
келган зиёратчиларни учратасиз. 3 май куни Амир Темур мақбарасида бўлганимда,
ана шундай зиёратчилар гуруҳидан бири диққатимни тортди. Қизиқиб кўрсам, улар
жиззахлик отахону онахонлар экан.
“Ички туризм ривожига қаратилган талаблар туфайли юртимиз бўйлаб саёҳат
қилиш учун ажойиб имкониятлар вужудга келди, – дейди “Нуроний” жамғармаси Жиззах
шаҳар бўлими бошлиғи Ҳамроқул Маматқулов. – Биз ушбу имкониятлардан фойдаланиб,
вилоятимизнинг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилиб чиқдик. Мана, бугун 50 нафар
меҳнат фахрийси билан шаҳри азим Самарқандга келдик. Бизни бу ерда яхши кутиб
олишди, саёҳатимиз мазмунли ўтиши учун барча шароитлар яратиб берилмоқда”.
Меҳмонларни “Нуроний” жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими раиси Амриддин Муҳиддинов
ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш
органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича шаҳар кенгаши раиси ўринбосари
Аҳмаджон Маматов илиқ кутиб олди. Улар меҳмонларнинг саёҳати бир кунга
мўлжалланганлигини инобатга олиб, зиёратчиларни барча ёдгорликлар билан
таништириш учун жонбозлик кўрсатди.
Жиззах шаҳар Алишер Навоий номидаги маҳалла раисининг кексалар ва
фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари Мурод Шарипов Самарқандга бундан 50 йил
аввал талаба бўлиш учун келган бўлса, энди фахрий сифатида келганлигини
таъкидлади: “Мен тўрт йил давомида Садриддин Айний номидаги педегогика инситутида
таҳсил олганман. Онам ҳам шу шаҳарада, СамДУда ўқиган. Шу сабабли оиламизнинг Самарқандга
меҳри ўзгача. Шаҳар бунчалик ўзгариб кетганлиги мени ҳайратга солди. Тарихий обидалар
янада чиройли ва салобатли бўлгандек назаримда. Ҳамроҳларим ҳам бугунги
зиёратдан ғоятда мамнун”.
95 ёшли Зоҳир Ҳожи Соипов ҳар гал Самарқандга келганида, муқаддас
қадамжолардан катта қувват олишини уқтирар экан, дуога қўл очиб, шу кунларга
етказганига шукронлар айтди ҳамда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва
осойишталикнинг барқарор бўлиши тилади.
Тошпўлат
РАҲМАТУЛЛАЕВ
Комментариев нет:
Отправить комментарий