четверг, 30 мая 2019 г.

Самарқанд шаҳрида дунёга келган уч эгизак давлат ёрдамисиз қолиб кетмоқда


Самарқанд шаҳар Боғимайдон маҳалласида дунёга келган уч эгизак давлат ёрдамисиз қолиб кетмоқда.

Фирдавс Ибрагимов ва Ирода Ҳасановалар оиласида 2018 йилнинг апрель ойида уч эгизак таваллуд топган. Уларга Анис, Ансор ва Афсона деб исм қўйишган. Оилада яна икки нафар фарзанд вояга етмоқда: ўн ёшли Фируз ва етти ёшли Фарзона.

Беш нафар фарзанди бор бу оиланинг моддий аҳволи анча оғир бўлиб, И.Ҳасанованинг ёрдам сўраб турли идораларга қилган мурожаати самарасиз қолиб кетмоқда.

 
“Уч эгизакнинг туғилиши – бу Оллоҳнинг инояти. Биз бундан ҳеч қандай манфаат кутганимиз йўқ. Турли вилоятларда дунёга келган уч эгизак учун Сobalt  машинаси ва ҳар хил совғалар берилаётганлигини эшитиб, ҳаммага ҳам бир хилда мунасабат бўлмас экан деб, ҳайрон қоламан. Йўқ, мен машина беришсин демайман. Имкон қадар ёрдам кўрсатилишини, ҳозирги қийинчиликларимизни енгиб ўтишда қўллаб-қувватлашларини хоҳлардим”, – дейди Иродахон.

Унинг сўзларига қараганда, эгизаклар учун ҳар куни 30 минг сўмлик озуқа бўтқаси ва 10-12та донаси 2500 сўм бўлган таглик (памперс) керак бўлади. (Болалар 14 ойлик бўлаётганлиги учун ҳам сотиб олинаётган каттароқ таглик қиммат экан).

Оила сардори Ф.Ибрагимов ижарага олган “Матиз” билан киракашлик қиларкан. Машина эгасига кунига 30 минг сўмдан бериб, қолган пулни оиласига олиб келаркан. “Топганим ҳеч нарса бўлмайди, – дейди Фирдавс. – Агар ота-оналаримиз, ака-укалар ва қариндошлар ёрдами бўлмаганда, билмадим, қандай кун кўрардик”.

И.Ҳасанова ўтган йилнинг август ойидан бошлаб давлатдан фақат бир нафар боласи учун 400 минг сўм олаётганлигини уқтиди. “Ёрдам сўраб маҳалла марказига, шаҳар молия бўлимига, “собес”га ва яни бир қанча идораларга мурожаат қилдик. Аммо натижа бўлмади”, – дейди суҳбатдошим хўрсиниб.

Ҳа, айтгандек, Фирдавсдан эгизакларга бундай ўзига хос исмларни қандай топганлигини сўраганимда, у қисқача “интернетдан” деб жавоб қайтарди.

Беш нафар фарзанд вояга етаётган ёш оила яхшилар ёрдамига муҳтож...

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий